Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:09

Олий Суд: Ўтган йили 6 киши уй қамоғига ўтирғизилди


Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканлиги тўғрисидаги гаплар уй қамоғи тўғрисидаги қонун қабул қилинишидан олдин пайдо бўлган эди.
Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканлиги тўғрисидаги гаплар уй қамоғи тўғрисидаги қонун қабул қилинишидан олдин пайдо бўлган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди матбуот хизматига кўра, 2014 йилнинг кузидан буён мамлакат бўйлаб 6 шахсни уй қамоғида сақлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шу пайтгача Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримованинг ҳам уй қамоғига ўтирғизилгани тўғрисида қатор норасмий хабарлар пайдо бўлган эдики, у Олий Суд хабар қилган 6 шахснинг бири бўлиши мумкин.

Бироқ баъзи мустақил кузатувчилар олий ҳокимият амалдорлари сиздирган маълумотларга таяниб, Каримованинг Ўзбекистондан ташқарида эканлиги тўғрисида айтдилар.

Маҳаллий сайтларнинг Олий Суд матбуот котиби Азиз Обидовга таяниб тарқатган хабарини тилга олинган идора котибиятининг ўзини таништирмаган ходими, Озодликка шарҳлаб беришни истамади.

Ўз уйинг - ўз қамоғинг

“Уй қамоғи” институти Ўзбекистон қонунчилигида янгилик бўлиб, бу масалага оид ўзгартиш Жиноят-процессуал кодексига Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2014 йил, 4 сентябрда имзолаган қонун билан киритилган эди.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Гулнора Оқилованинг айтишича, "уй қамоғи эҳтиёт чораси сифатида иқтисодий жиноятлар содир этганликда гумон қилинган шахсларга нисбатан судгача, яъни тергов давомида қўлланилади".

Уй қамоғи - эҳтиёт чораси, жазо чораси эмас

Лекин судланувчининг айби суд жараёнида исботини топганидан сўнг жазо чораси сифатида қўлланилмайди.

"Айни пайтда, дейди Гулнора Оқилова, жавобгарликка тортилган шахс аввал судланмаган бўлсагина, терговчининг сўрови билан унга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин. Бу чоранинг муқобили аввал ҳам бор эди, ҳозир ҳам мавжуд. У шаҳарни тарк этмаслик тўғрисидаги тилхатдир".

Уй қамоғидаги чекловлар

Озодликнинг шу мавзуга оид аввалги эшиттиришида қатнашган мутахассислар уй қамоғидаги шахснинг муайян шахслар билан алоқада бўлиши, хат-хабар олиши ва жўнатиши, ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиши, уй-жойини тарк этиши тақиқланиши, уй қамоғидаги шахснинг яшаш жойи кузатилиши тўғрисида маълумот бергандилар.

Яна Гулнора

Олий Суднинг 6 шахс уй қамоғига ўтирғизилгани тўғрисидаги хабари Ислом Каримовнинг қизи Гулнора билан боғлиқ бир неча ойдан бери тилдан-тилга, нашрдан-нашрга кўчиб юрган гапларни яна ёдга солди.

Масалан, ўтган йилнинг 31 мартида (уй қамоғи эҳтиёт чорасига оид қонунга ўзгартиш киритилишидан 5 ой олдин) Озодлик Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканига ишора қилувчи расмлар Интернетда пайдо бўлгани тўғрисида хабар қилган эди.

Уй қамоғига оид қонун имзоланиши арафасида эса, Гулнора Каримова 8 июль - ўз туғилган кунини Болтиқбўйи давлатларидан бирида, яқинлари даврасида нишонлагани ҳақида хабар пайдо бўлган эди.

Айнан ўша кунларда Интернетда президент тўнғичининг ҳамон уй қамоғида эканига шама қилувчи суратлар, ҳамда унинг тутқунликдан туриб, 3 июль – синглиси Лола туғилган кунда ëзилган навбатдаги мактуби чоп этилган эди.

Гулнора Каримова Олий Суд айтаётган 6 кишининг бирими-йўқми?

Агар уй қамоғига оид қонуннинг 2014 йил, 4 сентябрда имзоланганидан келиб чиқилса, Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканлиги, шубҳасиз, фактнинг эътирофи эмас, балки унинг ўз ҳолатини тасвирлашда қўллангани - эмоционал баҳодир.

Лекин, нима бўлганда ҳам ота қаҳрига учрагани айтиладиган Гулноранинг мана бир йилдан ортдики, қаердалиги, нима иш билан машғуллиги номаълум қолмоқда.

Ишончли норасмий манбаларга кўра...

Ҳуқуқшунос Гулнора Оқилова президент қизи билан боғлиқ Тошкентда юрган гап-сўзлар ҳақида мана буларни айтди:

- Гулнора Каримова Ўзбекистондамас. Буни миш-миш, десангиз ҳам бўлади. Лекин орган соҳасида ишлайдиган ёки девонда (Президент девонида, демоқчи) ишлайдиганларнинг оғидан чиқиб кетадиган гаплар бўлади. Баъзида улар атайин ҳам гапирворишади. Ўшандай гапларга таяниб айтаяпманки, Гулнора Каримова Ўзбекистондамас.

Г. К. билан боғлиқ ўтган йилги баъзи муҳим хабарлар

2014 йилнинг 17 февралида МХХ махсус гуруҳи Гулнора Каримованинг уйида тинтув ўтказиб, унинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян билан биргаликда яна бир неча кишини ҳибсга олган эди.

11 апрелда эса, ҳукумат Гулнора Каримовага алоқадор мулкларни давлат фойдасига мусодара қила бошлагани хабар қилинган.

2014 нинг мартида эса, Швейцария ва Швеция прокуратуралари пул ювиш ва порахўрлик ҳолатлари бўйича очилган жиноят ишларида Гулнора Каримовани гумонланувчи, деб эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG