Линклар

Украина можароси мамлакатда оилавий зўравонликни авж олдирмоқда


Украиналик ҳарбий оиласи билан

Украиналик ҳарбий оиласи билан

Киевда жойлашган Ла Страда аёллар ҳуқуқлари халқаро марказининг матбуот котиби Алёна Зубченко Озодлик радиоси инглиз хизматининг мухбири Клэр Бигг билан суҳбатлашди.

Озодлик: Ла Страда оилавий зўравонлик, одам савдоси ҳамда жинсий дискриминация қурбонлари учун мўлжалланган ишонч телефонига қилинган қўнғироқлар сони кейинги ойларда кескин кўпайганини айтмоқда. Бу ўсиш қанчалик катта?

Алёна Зубченко: 2014 йилда бизга 7 минг марта қўнғироқ қилишди. Уларнинг 80 фоизи оиладаги зўравонлик билан боғлиқ эди. Бу йил бу кўрсаткич икки мартадан кўпга ўсди. Йилнинг биринчи чорагида 2 600 дан ошиқ қўнғироқ келди.

Озодлик: Гуруҳингиз ўсиб бораётган оилавий зўравонликка шарқий Украинадаги ҳарбий низо сабаб бўлаётганини айтмоқда. Бу иккиси ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Зубченко: Аёллар телефон қилиб, 15 йилдан бери бирга яшашларини, оилалари яхши бўлгани, турмуш ўртоқлари ҳеч қачон қизиққон бўлмагани, уларга қўл кўтармагани ёки ҳақорат қилмаганини айтишади. Урушга кетиб, умуман бошқа одам бўлиб қайтиб келишади. Қизиққонлик қилишади, фарзандларини уришади. Аёлларини калтаклашади, спиртли ичимлик ичишади. Бу аёллар нима қилишни билмайдилар, чунки урушдан қайтган эрларини таний олмайдилар.

Озодлик: Ла Страда руҳшунослари шарқий Украинадаги можародан қайтган эркаклар феълидаги ўзгаришни қандай тушунтирадилар? Бу ерда посттравматик стресс ҳақида гап кетяптими?

Зубченко: Ҳа, бу ерда посттравматик стресс ҳақида гап кетяпти, юз фоиз. Бу - бир неча ой давомида тирик қолиш учун зўравонликка қўл уришга мажбур бўлиб, кейин уйига қайтган одамлар бошидан кечирган руҳий травма. Улар зўравонликка кўникиб қолишади ва буни нормал деб қабул қилишади. Шунинг учун улар ўзларини оилада ҳам шундай тутишади.

Асирликка тушиб, майиб бўлиб қайтганлар ҳам учрайди. Эркаклар бичилган ҳоллар ҳам бўлди. Эркаклар учун бу жуда қаттиқ зарбадир. 20 ёшли ўғли асир олиниб, бичилганидан кейин бунга чидай олмай ўз жонига қасд қилганини айтган ота-оналар ҳам бўлди. Айрим ҳолларда бўлса жинсий мойиллигини йўқотган одамлар буни қизиққон бўлиш орқали компенсация қилишга уринади.

Кўп ҳолларда оиладаги зўравонлик қайтиб келган эркакларнинг спиртли ичимликларга берилиши билан боғлиқ. Бу - катта муаммо.

Озодлик: Аскарлар ва жангчилар ҳам руҳий ёрдам излашадими? Ёки бундай қилишни истамайдиларми?

Зубченко: Украинада ҳақиқий эркаклар руҳшуносга бормайди, энг яхши руҳшунос бу – бирор дўст билан ароқ шишаси, деган стереотиплар бор. Эркаклар бу нарса уларга ёрдам беради, деб ўйлайди. Бу бўлса катта хатодир. Маст бўлишганида зўравонликка берилишлари мумкин.

Озодлик: Сиз айтган муаммолар шарқий Украинадан қайтган эркаклар оилаларида учрайди. Айирмачилар билан бирга жанг қилган ёки қилаётганларчи? Шарқий украиналиклар ҳам сизга қўнғироқ қиладими?

Зубченко: Бизга ишғол этилган ҳудудлардан ҳам қўнғироқлар келади. Лекин, бу қўнғироқлар сони муаммо кўламини англаш учун етарли эмас. Бундан ташқари, биз ҳам, Украина расмийлари ҳам ишғол этилган ҳудудларга бора олмайди. Шундай экан, у ерда нима бўлаётганини тахмин қила оламиз холос.

Лекин биз билан ишғол этилган ҳудудларда жинсий зўравонлик қурбони бўлган аёллар боғланишди. Улар айирмачилар аёлларни қўлга олиб, ертўлаларга қамаб, номусларига тегаётганини айтмоқдалар. Афсуски, биз бу қўнғироқларни эшита оламиз холос. Руҳшуносларимиз бу аёлларни юпатади холос. Ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳудудларга бора олмагани учун уларга мурожаат қила олмаймиз.

Озодлик: Бунақа қўнғироқлар кўп бўлдими?

Зубченко: Тахминан 15 та, лекин ҳамма ҳам биз билан алоқага чиқа олмайди. Бизнинг ишонч телефонимиз Украина бўйича ишлайди, лекин Луганск ва Донецкдаги барча операторлар ишламайди. Украинадаги уч йирик операторнинг иккитаси ишламайди у ерда. Қримда бўлса Украина операторлари умуман ишламайди. Яъни, қримлик аёллар у ерда нима бўлаётганини айтиш учун бизга телефон қила олмайдилар.

Озодлик: Руҳий ёрдамдан ташқари, Украинада оғир оилавий зўравонликдан қочган аёллар учун бошпана борми?

Зубченко: Бизда оиладаги зўравонлик қурбонлари учун бошпаналар тармоғи бор. Ҳар бир областда бошпана бор, аммо уларга тахминан 30 аёл ва бола учун жой бор. Муаммо шундаки, ҳар бир вилоят учун битта бошпана бор, айрим вилоятларда эса 10 миллион одам яшайди. Шундай экан, табиийки, 30 ўрин 10 миллион аҳолига умуман етарли эмас.

Озодлик: Кейинги пайтда кўпайган оилавий зўравонлик ҳақида қандай фикрдасиз? Сизнингча бу можаронинг муваққат натижасими ёки бу ҳали украин жамиятига узоқ таъсир этадими?

Зубченко: Бизга қўнғироқ қилган аёллар ҳақида жуда қайғурамиз, қўнғироқ қилмаётганлар ҳақида ҳам. Биз билан алоқага чиққанлар қандайдир ёрдам олади, алоқага чиқишга имкони бўлмаганлар ёки қаерга мурожаат қилишни билмайдиганлар ўз муаммолари билан ёлғиз қолаверадилар. Бу жуда хавфлидир.

Биз худкушликлар ва қотилликлар сони ўсишини кутишимиз мумкин, сабаби аёлларга нисбатан кичик бир зўравонлик қотиллика айланиши мумкин. Украина шарқида уруш давом этяпти. Уйини тарк этишга мажбур бўлганлар, у ерда жанг қилаётган аскарлар сони ўсишда давом этаверади. Мамлакатимизда ҳозир юз бераётган ҳодисаларнинг таъсирини ўн йиллар давомида ҳис қиламиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG