Линклар

Сурхондарёда кўчки хавфи бўлган қишлоқ аҳолиси янги жойга кўчирилди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда тоғ ва адирлар кўчкилари содир бўлиб туради

Ўзбекистонда тоғ ва адирлар кўчкилари содир бўлиб туради

Сурхондарё вилояти Узун туманидаги Хонжиза қишлоғининг кўчки хавфи бўлган қисмида яшайдиган 70 хонадонни хавфсиз ҳудудга кўчириш ишлари якунланди. Расмийларга кўра, ҳозирда қариндош-уруғларининг уйлари ва палаткаларда вақтинча яшаб турганларга янги уй қуриш учун ер ва компенсация пули берилмоқда.

Тоғ ён бағрида жойлашган Узун тумани Хонжиза қишлоғининг 70 хонадони кўчки хавфи боис, зудлик билан қишлоқдан чиқарилган.

Айни пайтда уйларидан чиқарилган аҳоли бошқа қишлоқлардаги қариндошларининг уйларида вақтинча яшаб турибди.

Исми сир қолишини сўраган хонжизаликнинг айтишича, бир муддат қишлоқнинг бу қисмига кириш умуман тақиқлаб қўйилган ва сўнгра Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият вакилларининг назоратида одамлар уйларини бузиб, қурилиш материалларини пастки қишлоқларда уларга ажратилган 8 сўтихлик участкаларга таший бошлаганлар:

- Ҳазорбоғ каналининг ёнидаги яхши сувли ерлардан беришган. Мана ҳозир юк мошинасида уйни бузиб олиб келяпман. Мошинани ҳам, соляркасини ҳам давлат берган. Уйни бузиш, қурилиш материалларини ташиш ишларида ҳам ўзлари ёрдам беришяпти, - деди хонжизаликлардан бири.

Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам, кўчки қишлоқ аҳолисига катта хавф солиб турган эди:

- Тепадаги катта жарлик кўчяпти. Тагида сув ҳам йўқ, қуруқ тупроқ кўчяпти. Секин секин юз, икки юз, уч юз метр силжиб келяпти. Келиб-келиб боғга тиралиб қолди ва аҳолининг уйларига хавф сола бошлади. Хонжиза қишлоғида 500 га яқин хонадон бор, кўчки шу қишлоқнинг бир қисмига, яъни 70 хонадон яшаб турган ҳудудига хавф солиб турган эди, деди суҳбатдош.

Яна бир хонжизаликнинг айтишича, уйларидан кўчирилган одамлар Хонжиза қишлоғи пастида барпо этилган палаткаларда яшаяпти:

- Кўчирилганларнинг бир қисми бошқа қишлоқлардаги қариндошлариникида вақтинча турибди. Баъзилар эса палаткаларда яшамоқда. Ҳаммага 8 сўтихдан ер берилган. Баъзилар янги уй қурилишини ҳам бошлаб юборди, - дейди у.

Узун тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Жўрабек Шоймарданов Озодлик билан суҳбатда, кўчирилган одамларга ҳар томонлама ёрдам берилаётганини айтди:

- Хавфли ҳудуддан одамларни соғ-саломат олиб чиқдик. Одамлар ҳозир қариндошлариникида ва биз таъминлаган палаткаларда вақтинча яшаб турибди. Компенсация масаласи ҳам бўлган. Уйига қараб 121 миллион сўмгача компенсация белгиланган. Бош вазиримизнинг ўзлари бош-қош бўлиб турибди. Ҳаммасига алоҳида ҳисоб рақами ва пластик карточкалар очдик. Бугун-эрта юқоридан пул тушади, ўтказиб берамиз. Шароити оғир одамларни ҳам ҳисобга олганмиз, ҳеч ким куйиб қолмайди. Энди янги қишлоқ яратиладиган жойга штабимизни кўчириб, ўша ерда ишлаймиз, - деди Узун тумани ҳокимининг ўринбосари.

Тожикистон ғарби билан чегарадош Сурхондарё вилоятининг Узун туманига 2000 йилда Афғонистондан Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг бир гуруҳ жангарилари Тожикистон тоғлари орқали кирган эди.

Тоғли ҳудуддаги қисқа муддатли жанглардан сўнг, жангарилар чекинган ва ўша ҳудудга яқин қишлоқларда яшайдиган аҳоли ёппасига Шўрчи туманига мажбуран кўчирилган эди.

Озодлик олган маълумотларга кўра, ўша пайтда уй-жойидан бутунлай айрилган аҳолига янги уй қуриш учун ҳукумат етарли ёрдам бермаган ва одамлар бир неча йил қийин аҳволда яшашга мажбур бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG