Линклар

logo-print

OzodlikOnline: Ўзбекистон хавфсизлигига ИШИД таҳдиди кучайдими?


ИШИД ўз қурбонлари калласини кесиш¸ уларни тириклайин ўтда ëқиш акс этган видеоларни мунтазам тарқатиш орқали одамлар кўнглига қўрқув солишга уриниб келмоқда.

ИШИД ўз қурбонлари калласини кесиш¸ уларни тириклайин ўтда ëқиш акс этган видеоларни мунтазам тарқатиш орқали одамлар кўнглига қўрқув солишга уриниб келмоқда.

Паркентда террор хуружи билан таҳдид қилинган варақалар топилиши ортидан ўзбек куч ишлатар тизимлари аксилтеррор уринишларини янги босқичга чиқарди. Сиз фуқаролар устидан назорат кучли бўлган Ўзбекистонда ИШИД ва ЎИҲ каби гуруҳларнинг террор хуружи амалга ошириш эҳтимолини қандай баҳолайсиз? Душанба кунги жонли суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз.

Фарғона водийсида рўмолини ҳижобнамо ëпинган аëлларни рўмолини орқадан ўрашга мажбурлаш учун милиция бўлимларининг ялпи сафарбар қилиниши¸ республика бўйлаб талабалар ëтоқхоналарида ëшларнинг қандай ахборотни қайси йўл билан олаëтганини аниқлаш бўйича кенг кўламли рейдлар уюштирилиши¸ республика бўйлаб куч ишлатар тизимлари раҳбарларининг жамоатчилик билан террор таҳдидидан огоҳлантириш мақсадида йиғинлар ўтказаëтгани¸ қолаверсаПаркентдаги қора байроқ сурати билан тарқатилган таҳдидли ëзувлар муаллифини топиш ишига МХХ ва ИИВ раҳбарларининг бевосита бошчилик қилгани Ўзбекистонда исломий жиҳодчилар таҳдидига қарши кураш янги босқичга киргани ифодасидек кўрилмоқда.

1999 йилнинг 16 февраль куни Каримов мажлисга келиши арафасида Тошкент қоқ марказида содир этилган бир неча портлашдан бери Ўзбекистон ҳукумати исломий террорчиларнинг мамлакатда янги ва янги қўпорувчилик ҳаракатлари амалга ошириш орзусида эканини таъкидлаб келади.

1999 йили Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Ангрен¸ 2000 йили Узун туманларига қилган хуружи¸ 2004 йилда Тошкентдаги Исроил элчихонаси ва Бош прокуратура биноси олдидаги портлашлар¸ 2005 йилда эса Андижонда рўй берган қонли воқеалар давлат матбуоти томонидан исломий экстремистларнинг Ўзбекистон дунëвий тузумини ағдариш мақсадида амалга оширган террор амалиëти сифатида талқин этиб келинади.

Гарчи расмийлар¸ хусусан¸ МХХ вакиллари матбуотга 2015 йилги Наврўз байрами ва 29 мартда бўлиб ўтадиган сайлов арафасида “террорчиларнинг Ўзбекистон ҳудудида қўпорувчиликларни амалга ошириш хавфи мавжудлиги”ни билдирган бўлса-да¸ Паркентда таҳдидли варақалар тарқалиши бу хавфни бартараф этиш деб иддао қилинаëтган турли тадбир ва амалиëтлар кўлам ва даражасини кучайтириб юборди.

Йиллар давомида мустақил ва халқаро таҳлилчиларисломий террорчиларнинг Ўзбекистон ҳудудида қўпорувчилик амалиëтлари ўтказиш таҳдиди расмий Тошкент томонидан бўрттирилгани ва бундай олабўжи образини ушлаб туриш ҳукуматнинг инсон ҳақлари¸ хусусан¸ сўз ва диний эътиқод эркинлигини топташини хаспўшлашга хизмат қилишини айтиб келади.

90-йиллардан бери Афғонистон ва Покистон ҳудудларида кўчиб юрган Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггарилари бундай эҳтимолий ҳужумчи ролини бажариб келган бўлса¸ 2014 йилдан бошлаб бу миссия энди асосан “ишидчи”ларга юкланмоқда.

Айни пайтда бутун дунë ИШИДнинг ислом номидан қилаëтган каллакесарлиги¸ биринчи галда оддий мусулмонларнинг қирғин ва қатағон қилинишига сабаб бўлаëтган террорини кўриб¸ кузатиб турибди.

Бу гуруҳга қўшилган ўзбекистонликлар ўзларининг айни ҳатти-ҳаракатни минтақа ва Ўзбекистонга кўчириш орзусида эканини яшираëтганлари йўқ.

Шундай вазиятда¸ Сизнингча¸ Ўзбекистон расмийларининг ИШИД ва унинг ҳаммаслаклари томонидан террор хуружлари амалга оширилиш эҳтимоли ҳақида қилаëтган баëнотлари реал таҳдидга асосланганми?

Ëки расмийлар бундай таҳдидни яна бўрттириб¸ инсон ҳақларининг янада топталиши учун янги асослар яратишга уринмоқдами?

Ўзбекистон хавфсизлигига реал ички ëки ташқи таҳдид мавжудми? Бўлса¸ бу таҳдидлар нима?

4 май душанба куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар давом этадиган жонли суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз. Мулоқотга қўшилишнинг энг осон йўли соат 7 дан 8 га қадар Озодликнинг Skype манзилларига телефон қилишдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG