Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:26

Санкт-петербурглик қонунчиларда ижтимоий сиёсатни ўзгартириш бўйича таклиф кўп


Олти ойдан зиёд ишсиз юриш Россияда бир йилгача “аҳлоқ тузатиш ишлари”га жалб қилиш билан жазоланадиган жиноятга айланиши мумкин.
Олти ойдан зиёд ишсиз юриш Россияда бир йилгача “аҳлоқ тузатиш ишлари”га жалб қилиш билан жазоланадиган жиноятга айланиши мумкин.

Санкт-петербурглик қонунчилар Россия Давлат Думасида федерал қонунчиликка олти ойдан зиёд ишсиз юришни тақиқловчи ўзгариш киритишни таклиф қилиш ниятидалар. Бу ҳақда 27 апрель куни “Известия” нашри хабар берди. Бу қонунни бузганлар бир йилгача мажбурий меҳнатга жалб қилиниши мумкин.

Совет даврида “паразитлик” жиноят ҳисобланган. Беларусда ҳам яқинда узоқ муддат ишсиз юришни тақиқловчи қонун қабул қилинди.

Қонунчилар президент Владимир Путинни ўз лойиҳаларини қўллашга чақириб, “Меҳнат ҳар бир фуқаро учун фахрли ва муҳим бурч сифатида кўрилиши керак”, деб ёзишди. Ташаббускорлар фикрича, “кўп одам ҳозир шахсий эркинликларини текинхўр ва ижтимоий паразит бўлиш ҳуқуқи сифатида кўради”.

Меҳнат вазирлигига кўра, ҳозир Россияда тахминан 18 миллион ишсиз одам бор.

Кейинги ойларда Санкт-Петербург ижтимоий сиёсат соҳасида жуда кўп янги қонун лойиҳалари билан чиқмоқда. Айнан Санкт-Петербургда илк маротаба анъанавий бўлмаган ҳаёт тарзини тарғиб қилиш тақиқланди. “Гей-тарғибот қонуни” деб аталувчи лойиҳа 2013 йилнинг июнь ойида қабул қилинган.

Қуйида санкт-петербурглик қонунчилардан Давлат Думасига келиб етган яна бир неча ташаббус билан танишишингиз мумкин:

“Тверкинг” тақиқланиши керак

“Гей пропаганда”ни тақиқловчи қонуннинг илк муаллифи бўлмиш санкт-петербурглик қонунчи Виталий Милонов таълим бўйича мавжуд қонунчиликка ўқувчилар учун мўлжалланган муассасаларда “қочиримли рақслар”ни тақиқловчи ўзгартириш киритишни таклиф қилди. Бунга ўтган ой бошида Оренбург мактаби саҳнасида кўрсатилган рақс давомидаги тверкинг сабаб бўлди.

“Бу ўзгаришларнинг асосий мақсади клуб, студия ва бошқа ташкилот маъмуриятлари ўз дастурларини кўрсатишдан аввал ҳудудлардаги таълим бўлимлари розилигини олишлари керак бўлади”, деди Милонов “Российская газета” билан суҳбатда.

Милонов бу ўзгартиш Санкт-Петербургда қабул қилинса, лойиҳани Думага жўнатишини билдирди.

“Уруш болалари” учун ёрдам пули

2014 йилнинг сентябрь ойида Санкт-Петербург қонунчилари Думани Иккинчи жаҳон уруши тугаган пайтда 18 ёшга ҳали тўлмаган фуқароларга ёрдам беришни кўзлаган миллий қонун қабул қилишга чақирди. Қонунчилар аллақачон ўз шаҳарларида маҳаллий уруш болалари учун 1500 рубль нафақа жорий қилишган.

Ўтган ой бошида Дума депутати Игорь Зоров Қрим расмийларини яриморолдаги уруш болалари учун нафақа беришга чақирди, сабаби Қрим аннексиясидан аввал, Украина қонунчилигига мувофиқ, уруш болаларига ёрдам берилган.

2014 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Путин Қрим аҳолиси яриморол “Украина таркибида бўлган вақтда олган барча нафақалар ва уларга қўшимча равишда барча Россия нафақалари”ни олишларини ваъда қилган эди.

Севимли уй ҳайвони учун солиқ

2014 йилнинг декабрь ойида Санкт-Петербург қонунчилари ҳар бир уй ҳайвони учун 1000 рубль солиқ жорий қилувчи қонун лойиҳасини Думага топширдилар. Бичилган ҳайвонлар учун фақат 100 рубль солиқ солиш таклиф қилинди.

Январь ойида москвалик қонунчилар бу лойиҳани қўллади. Совет даврида уй ҳайвонига эгалик қилиш учун уни рўйхатдан ўтказиш ва кичик сумма тўлаш лозим бўлган. Бу қонунга 1994 йилда чек қўйилган эди.

Болалар учун ҳордиқ

Февраль ойида Санкт-Петербург қонунчилари Думадан кичик болалар учун мактаб ҳафтасини беш кун қилувчи қонун қабул қилишни сўрашларини билдирдилар. Маҳаллий газета билан суҳбатда депутат Милонов олти кунлик ҳафта жуда узунлигини ва “ёш авлод соғлиғига ёмон таъсир қилаётгани”ни айтди.

Россия ҳукумати ва Думанинг билим қўмитаси шанба кунги дарсларни тақиқловчи қонунга эҳтиёж йўқлигини билдирди.

Маънавий тарбия

Санкт-Петербург қонунчилари шу йил март ойида мактаб дастурига “руҳий ва маънавий тренинг” киргизувчи қонун лойиҳаси устида бош қотира бошладилар. Қонун “ўз виждони ҳамда халқнинг руҳий маданияти меъёрларига мувофиқ ўзини бошқара олувчи …олижаноб шахсиятлар тарбиялаш”га чақиради.

Санкт-Петербург қонунчилик йиғинининг юридик бўлими таклиф қилинган қонун субъектив ва “қонуний жиҳатдан ноаниқ характерга эга”лигини айтган бўлса-да, қонун тарафдорлари лойиҳани маҳаллий қонунчилар қабул қилса, уни Думага жўнатиш ниятида эканларини айтмоқдалар.

Коммунистлар таклифи

2014 йилнинг октябрь ойида Санкт-Петербург қонунчилик йиғини қўмитаси Коммунистик партия аъзолари таклиф қилган қонун лойиҳасини рад этди. Бу қонун шаҳардан ҳар бир фуқарога “авлоддан-авлодга ўтувчи” 1 гектар ер беришни талаб қилган бўларди. Агар қонун қабул қилинганида, фуқароларга берилган ерлар тўнғичлик қоидаси бўйича авлоддан-авлодга ўтган бўларди.

Санкт-петербурглик либерал қонунчи Борис Вишнёвский маҳаллий газета билан суҳбатда коммунист қонунчилар 1917 йилдан кейин Совет ҳукумати тортиб олган мулкларни қайтариб беришга чақирувчи қонун лойиҳасини таклиф қилмаганларидан ҳайрон бўлганини айтди.

Вишнёвский яна нима учун таклиф қилинган қонун лойиҳасида шаҳар ҳар бир мулк эгасини “200 крепостной деҳқон” билан таъминлаши кўзда тутилмаганидан ажабланди.

Ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG