Линклар

Каримовнинг Москвада 9 май куни ўтказиладиган парадга бориш-бормаслиги аниқ эмас


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 9 май "Ғалаба куни"га бағишлаб Москвада ўтказиладиган парадга бормайди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги ишончли манба маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳарбий бўлинмалари ҳам мамлакат президент каби Иккинчи Жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан ташкил қилинадиган тантанали парадда иштирок этмайди.

Владимир Путин бошқарувида ўтадиган парадга, Россиянинг Украинадаги ҳатти-ҳаракатлари боис, кўплаб Ғарб давлатлари раҳбарлари келишдан бош тортган.

Бироқ, ҳозирга қадар расмий Тошкент Ислом Каримовнинг Москвадаги парадда иштирок этиши ёки этмаслиги юзасидан билдириш бергани йўқ.

1999 йилдан буён Ўзбекистонда 9 май - "Ғалаба куни" сифатида нишонланмайди.

Бу байрам "Хотира ва қадрлаш куни"га ўзгартирилган.

Анъанага кўра, Ўзбекистоннинг шаҳар ва туманларида, қишлоқ ва маҳалларида уруш қатнашчилари ва ногиронларига юбилей медали ва пул мукофотлари топширилади.

Тошкентдаги Хотира майдонига эса уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳукумат аъзолари, депутатлар ва сенаторлар, ҳарбийлар, жамоатчилик вакиллари тўпланадилар.

Одатда президент Ислом Каримов Тошкентдаги "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбар қўяди.

Мазкур кун арафасида Ўзбекистон президенти фармони билан Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига бир марталик мукофот пули берилади.

Уруш йилларида Ўзбекистон хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллион киши учун бошпана бўлган.

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан бир ярим миллиондан ортиқ одам сафарбар қилинган эди.

Унда 420 минг ўзбекистонлик ҳалок бўлди ёки бедарак йўқолди, 640 минг нафари яраланди.

Ўзбекистон 9 майни Ғалаба куни сифатида байрам қилмаса-да, президент Ислом Каримов МДҲга аъзо бошқа давлатлар раҳбарларини ушбу сана билан қутлашни унутмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG