Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

ИД тожик журналистлари учун янги хавф манбаи ўлароқ кўрилмоқда


Тожикистон мустақил ОАВ миллий ассоциацияси раиси Нуриддин Қаршибоев ўз ҳамкасбларига тожик жангарилари ҳақида материал тайёрлашда эҳтиёткорроқ бўлишни тавсия қилди.
Тожикистон мустақил ОАВ миллий ассоциацияси раиси Нуриддин Қаршибоев ўз ҳамкасбларига тожик жангарилари ҳақида материал тайёрлашда эҳтиёткорроқ бўлишни тавсия қилди.

Тожикистонда маҳаллий журналистлар ўзлари учун расмийлар таъқиби ва босимидан, судга беришлардан ташқари яна бир муаммо пайдо бўлганини айтаяптилар. Бу муаммо “Исломий давлат” тарафдорлари томонидан уларга бўлаётган таҳдидлардир.

Тожикистонда инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи ташкилотлар “Исломий давлат” гуруҳи сафида бўлган тожик жангарилари мамлакатдаги бир қанча журналистга таҳдид қилаётганига оид баёнот билан чиқмоқдалар.

Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Нуриддин Қаршибоев Душанбеда Матбуот эркинлигига бағишлаб ўтказилган анжуманда чиқиш қиларкан, “Исломий давлат” ҳамда Сурия ва Ироқдаги жангларда иштирок этаётган тожик жангарилари ҳақида материаллар тайёрлаш чоғида журналистларга эҳтиёткорроқ бўлишни, ўзларига нисбатан таҳдид бўлган пайтда бу ҳақда расмийларни огоҳлантиришни тавсия қилди.

Жаноб Қаршибоев тожикистонлик журналистларнинг қанчаси “Исломий давлат” жангарилари таҳдидига учрагани ва улардан қанчаси бу борада расман давлат идораларига шикоят қилганини айтгани йўқ.

Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилотларининг бу каби баёнотлари Кўлобдаги “Пайк” нашри бош муҳаррири Аҳмад Иброҳим каби журналистларга Суриядаги тожик жангариси, ўзини “Абу Холид Кўлобий” деб атаган Нусрат Назаров сингари шахслар телефон орқали таҳдид қилаётгани қабатида янграмоқда.

Аввалроқ Аҳмад Иброҳим Озодликнинг тожик хизматига январь ойида унга бир номаълум шахс телефон қилгани ва унинг “Пайк” ҳафталигида босилаётган “мужоҳидларни қораловчи” материаллардан жаҳли чиққанини айтганини маълум қилганди.

Ўзини Кўлобдан эканини айтган бу киши Аҳмад Иброҳимга мужоҳидлар ҳақида ҳафталикда чоп этилган мақолалар учун журналистлардан ўч олинажагини айтиб, таҳдид қилган.

- У биздан мужоҳидларни қораловчи мақолаларни ёзмаслик ва чоп этмасликни талаб қилди. Биз унинг суратини босиб чиқарганимиздан норози бўлибди. У яна: “Агар шунақа материалларни чоп этишда давом этаверсаларинг, Тожикистондаги одамларимга айтиб, бу материални ёзган журналистларни қатл қилишни амр этаман”, деб айтди, - деди бош муҳаррир Аҳмад Иброҳим.

“Пайк” ҳафталиги Хатлон вилоятида танқидий материаллар чоп этувчи ягона мустақил нашр бўлиб ҳисобланади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари бош муҳаррирга қўнғироқ Суриядан - яширин рақамдан бўлганини аниқлаганлар. Кўлоб хавфсизлик идораси ходими Озодликнинг тожик хизматига телефон таҳдиди билан воқеа юзасидан текширув бошланганини маълум қилган.

Тожикистон расмийларига кўра, Сурия ва Ироқдаги жиҳодчилар сафида камида 300 нафар тожикистонлик бор. Яқин шарқдаги жангларда шу кунгача улардан 50 чоғлиси ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

XS
SM
MD
LG