Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:18

Тюменда ҳалокатга учраган автобусда тожикистонликлар бўлгани аниқланди


Ҳалокатга учраган автобус
Ҳалокатга учраган автобус

“Тюмень - Ханти-Мансийск” трассасида ағдарилган автобусда ўлган ва жароҳат олган 24 нафар йўловчи орасида ўзбеклар борлиги аниқланди. Полиция хабарига кўра, салонда бўлган яна 22 киши турли жароҳатлар билан маҳаллий шифохоналарга жўнатилди, уч киши ҳодиса жойида халок бўлди, улардан бири тожикистонлик ўзбекдир.

Озодлик тингловчиларидан бири Россиянинг Тюмень вилоятидаги рейс автобуси ағдарилиши тўғрисида тўлиқроқ маълумот беришни сўраб WhatsApp тармоғи орқали мурожаат қилди.

Тюмень - Ханти-Мансийск йўлида автобус авария бўлиб, одамларнинг ҳаммаси ўлибди, деган гап чиқди. Ичида бизнинг ҳамқишлоқлар ва қўшни қишлоқдан бўлган йигитлар бор экан. Лекин аниқ маълумот йўқ. иложи бўлса шу авария ҳақида аниқроқ билиб берсангизлар”, деб ёзди ўзини Тожикистоннинг Ошоба жамоатидан эканинини билдирган мухлис.

Озодлик 27 апрель куни содир бўлган автоҳалокатда бир аёл ва икки эркак ўлгани, улар қаторида тожикистонлик бир ўзбек ҳам борлигини аниқлади.

- Автобусда ҳайдовчи билан бирга 24 киши бўлган. 3 киши ўлган, қолганлари турли жароҳатлар билан Горноправдинск шаҳар шифохонасига олиб келинган – улар врачлар назорати остида. Ҳодиса “Тюмень - Ханти-Мансийск” трассасининг 129 километрида кечаси соат 4:00 ларда Тюмень вилоятининг Уватский туманида содир бўлди, деди Озодлик сўровига Ханти-Мансийск автоном вилояти Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси Вадим Симоненко.

Йўл полицияси автобус ҳайдовчиси йўлдаги чуқурни айланиб ўтаётиб, музлаган йўлда машина устидан назоратни йўқотган ва автобус кюветга ағдарилиб тушганини тахмин қилмоқда.

Олинган маълумотларга кўра, ўлган уч кишидан бири Тожикистоннинг Ошоба жамоати Марҳамат қишлоғидан бўлган 48 ёшли Нурали исмли меҳнат муҳожиридир.

Бу хабарни Озодликка Тюменьда ишлаётган Дилшодбек исмли шу қишлоқ фуқароларидан бири тасдиқлаб, жароҳат олганлар орасида яна бир нечта ҳамқишлоғи борлигини айтди.

- Биз ўша куни Хантида эдик. Автобус Тюмендан келаётган бўлган. Марҳамат қишлоғимиздан Нурали исмли одам ўлган, фамилияси Жўраев бўлса керак. Шофёр ямадан қочаман, деб авария бўлган, дейди Дилшодбек.

Дилшодбек жароҳат олганлар орасида яна уч нафар тожикистонлик ўзбеклар бўлгани тўғрисида билишини айтди. У нобуд бўлган ва жароҳат олганларнинг барчаси меҳнат муҳожирлари экани тўғрисидаги миш-мишларни рад этди.

Маҳаллий полицияда 808-рақамли автобусда Қозоғистон чегарасига кирди-чиқди қилиб қайтаётган меҳнат муҳожирлари ҳам бўлганини маълум қилишди.

Тюмен вилоятининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакиласи Анжела Борисова Озодликка шифохонага олиб келинган 21 кишидан 9 нафари жиддий жароҳатлар билан ҳаво транспорти ёрдамида Ханти-Мансийск шаҳрига олиб келинганини хабар қилди. У автобусдаги йўловчилар бу маҳалда ухлаб кетаётгани ва шу сабабли ҳалокатга тайёр бўлмаганини билдирди.

Йўл полицияси ходимлари аллақачон аварияга сабаб бўлган чуқурликни аниқлагани ва акт тузганини айтди. Аниқланишича, терговчилар автобусда ўрнатилган видеорегистратор ёзувини ҳам ўрганиб чиқмоқда.

Маҳаллий ҳукумат жароҳат олган ва ўлган россияликларга 2 миллион рублгача товон пули тўланиши, аммо бу тўловлар одатдагидек хорижликларга берилмаслигини эълон қилди.

Бу Россиядаги йирик автоҳалокатларда ўзбек меҳнат муҳожирлари нобуд бўлиши билан боғлик ягона ҳодиса эмас.

Россиянинг Брянск вилоятида 2015 йилнинг 16 мартида рўй берган иккита аварияда 18 нафар ўзбекистонлик муҳожир ҳалок бўлгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Муҳожирлар Россия ҳудудида юриш муҳлатини чўздириш учун Украина чегарасига бориб, қайтаётган бўлган. Полиция хабарига кўра, Мерседесда бўлган 19 йўловчидан авария жойида 15 киши нобуд бўлган, 5 киши оғир аҳволда тез ёрдам машинасида олиб кетилган. Эртаси куни эрталаб яна бир ўзбек аёли маҳаллий шифохонада жон берган.

Бу фожеадан сал олдинроқ шу трассада бўлган тўқнашувда яна уч киши нобуд бўлгани ва олти нафари жароҳатланган эди. Ҳайдовчидан ташқари ўлган муҳожирларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси бўлгани маълум.

XS
SM
MD
LG