Линклар

logo-print

“Исломий Давлат” соқол олиш шариатда ман қилинганини айтиб, Мосул шаҳридаги ҳар бир эркакка соқол ўстиришни буюрган. Жангари гуруҳнинг бу янги фармони ҳақида Mosul Eye Facebook саҳифасида хабар берилди. Mosul Eye “Исломий Давлат” шаҳарни 2014 йилнинг июнь ойида эгаллаганидан бери жангари гуруҳнинг фаолиятини яширин равишда ҳужжатлаштириб келаётган маҳаллий тарихчининг тахаллусидир.

Mosul Eye жангарилар шаҳарда тарқатган варақанинг суратини ўз саҳифасига юклади. Варақада “Исломий Давлат”нинг соқол ўстириш ҳақидаги фармонига асос бўлган шариат қонунлари ҳақида ёзилган.

Mosul Eyeга кўра, фармонга амал қилмаганлар жазоланади. Жангари гуруҳ Исломнинг радикал талқинига асосланиб, Ироқ ва Суриядаги бошқа ҳудудларда ҳам соқол олишни ман қилгани айтилмоқда.

Британияда жойлашган Суриядаги инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатиб борувчи ташкилот ўтган йилнинг декабрь ойида “Исломий Давлат” Сурия шарқидаги Меядин шаҳрида ҳам соқол олишни ман қилгани ҳақида хабар берган эди.

“Исломий Давлат” ўз бошқарувидаги ерларда соқол олишни ман қилган илк радикал исломий гуруҳ эмас.

2010 йилда Сомалидаги Ҳизбул-Ислом жангарилари Могадишодаги эркакларга соқолларини ўстиришни, мўйловларини бўлса қисқартиришни буюрган эди.

“Бу қонунга амал қилмаган ҳар бир эркак жавоб беради”, деб таҳдид солган эди жангариларнинг бири.

Мажбурий соқол ўстириш бўйича Афғонистон толиблари ҳаммага ўрнак бўла олади.

Толиблар 1996-2001 йилларда ҳокимиятда бўлган пайтда соқол режими таъсис қилинган эди. Толиблар соқол қиришдан ташқари варрак учиришни, қизлар учун мактабларни, аудио кассеталарни ва аёлларга кўчага эркак қариндошисиз чиқишни ман қилган.

Афғонистондаги эркакларнинг соқоли бир муштумдан узун бўлиши керак эди. Толиблар соқол узунлигини текширишнинг бошқа топқир йўлларини ҳам ўйлаб топишган.

Масалан, “маънавият” полициялари эркакларнинг соқолини текшириш учун улардан бу ноёб бисотини лампа шишасига солишни сўрашган. Кимнинг соқоли етарлича узун бўлмаса, табиийки, жазога тортилган.

Айрим хабарларга кўра, радикал исломчиларнинг соқолни хуш кўриши “Исломий Давлат”дан ҳайиқадиган айрим мамлакатларда соқолнинг радикализм тимсоли сифатида кўрилишига олиб келмоқда.

Соқол фобиаси айрим ҳолларда кескин чоралар кўрилишига сабаб бўлмоқда. Ўтган ҳафтада эркакларни соқол олишга мажбурлаган тожикистонлик милиция ходими дакки еди.

Ички ишлар вазири ўринбосари Икром Умарзода 27 апрель куни Озодлик билан қилган суҳбатида Суғд вилоятида маҳаллий халқ соқол олишга мажбурланаётгани ҳақида арз қилганидан кейин икки ходим расман танбеҳ олганини айтди.

“Биз вилоятлардаги милиция бўлимларига маҳаллий халқ билан экстремизм ҳақида суҳбатлашишни буюрганмиз, лекин одамлар билан ишлаётганда куч ишлатишга, тазйиқ ўтказишга чақирмаганмиз”, деди Умарзода.

2009 йилда Foreign Policy журнали Афғонистонда толибларнинг соқолманияси кўпчилик афғонни нафақат соқолли толиблардан, балки ғарб мамлакатларидан келган махсус амалиётларни амалга оширувчи соқолли кучлардан ҳам ҳайиқишга олиб келгани ҳақида хабар берган эди.

Журналда: “Қандаҳор вилоятининг Жари туманида қариялар “соқолли америкаликлар” ёмон хулқли дейишади. “Соқоли олинган америкаликлар” бўлса, унча ёмон эмаслигини айтишади”, дея ёзилган эди.

Соқолни ёввойи “шарқ” маданияти билан боғлаш радикал исломчилар пайдо бўлишидан анча аввал юзага келган.

1698 йилда Буюк Пётр модернизация сиёсатини олиб бораётганида соқолга қарши уруш эълон қилган. Соқолини олишдан бош тортган барча табақадаги русларга солиқ солинган.

Сурия ва Ироқда “Исломий Давлат” соқол ўстиришни диний мажбурият сифатида тарғиб қилаётган ягона гуруҳ эмас. Бошқа гуруҳ жангарилари ҳам соқол ўстиради. Лекин уларнинг ҳеч бири соқол қўйишни мажбурий, деб белгилаб фармон чиқармаган эди.

Табиийки, аёл жангарилар соқол ўстира олмайди. Шундай бўлса-да, Шимолий Кавказдаги Жайш ул-Муҳожирийн гуруҳини қўлловчи аёллар эркак жангариларга соқол параваришида ишлатиш мумкин бўлган маҳсулотлар тайёрлаш орқали ёрдам бермоқда.

Бу маҳсулотларнинг биринчиси “Жаннат истаги” деб номланувчи соқол шампунидир. Маҳсулот рекламасида айтилишича, шампунь соқолни ўстиради ва қалинлаштиради. Шампунь таркибида алоэ вера гели, жожоба мойи, пальма мойи, кобра мойи ва глицерин бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG