Линклар

АҚШдаги мусулмонлар манфаатларини ифодаловчи йирик жамоатчилик ташкилоти бўлмиш Америка-Ислом алоқалари кенгаши душанба куни Далласда Муҳаммад пайғамбарга чизилган карикатураларга оид муҳокама бораётган бинога қилинмиш ҳужумни қоралаб чиқди.

“Зўравонлик Ислом дини учун ҳар қандай карикатурадан ҳам ёмонроқ таҳқирдир”, дейилади ташкилот баёнотида.

Кенгаш раҳбарлари АҚШдаги мусулмон ҳамжамияти сўз эркинлиги тамойилини қўллаб-қувватлашини таъкидлаганлар.

Аввалроқ мазкур ҳужум БМТ Бош котиби Бан Ки Мун томонидан қораланганди. Унинг душанба куни ёйинланган баёнотида диний қарашларни фақат тинч йўллар билан ҳимоя қилиш мумкинлиги айтилади.

4 май оқшомида автоматлар билан қуролланган икки киши Далласдаги кўргазма марказида бинодагиларга қарата ўт очганди. Қисқа муддатли отишмадан сўнг ҳужумчиларнинг иккаласи ҳам ҳалок бўлган. Отишма чоғида бинодаги тартиб посбонларидан бири яраланган. Унинг ҳаёти хавф остида эмаслиги айтилмоқда.

Душанба куни АҚШ нашрлари кўргазма маркази эшиги олдида ўқ отган кишиларнинг шахси аниқлангани, улар Нодир Сўфи ва Элтон Симпсон исмли кишилар бўлиб чиққанини хабар қилгандилар.

Ҳозир терговчилар уларнинг бирор-бир террор ташкилотига алоқадор ёки эмаслигини аниқламоқдалар.

XS
SM
MD
LG