Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:16

ИД Техасда пайғамбар карикатураси танловига ҳужум учун масъулиятни бўйнига олди


“Исломий давлат” гуруҳи 5 май куни тарқатган баёнотида Техасдаги Гарленд шаҳрида ўтказилган Муҳаммад пайғамбар карикатуралари танлови пайтида ҳужум қилган 2 шахс ўз аъзоси эканини даъво қилмоқда. Техас маъмурлари эса ўлдирилган ҳужумчилардан бирининг ИДга байъат бергани, 2006 йилдан буён кузатувда бўлганини билдирди.

3 май - Матбуот эркинлиги кунида Техасда Муҳаммад пайғамбар карикатуралари танлови ва айни мавзуда дискуссия бораётган бинога ҳужум қилишга уринган икки шахснинг номи ошкор қилинди.

ФРБ булардан бири Элтон Симпсон, яна бири унинг хонадоши Нодир Шуфий экани ҳақида баёнот тарқатди.

Расмий баёнотга кўра, ҳужум чоғида ўлдирилган Симпсон ва Шуфийлар бронежилетда бўлган. Улар Гарленд шаҳарчасидаги танлов ўтказилаётган Curtis Culwell Center биноси яқинига қадар миниб борган машинадан эса бома топилмади.

АҚШ матбуотида берилаётган хабарларга кўра, тадбир ташкилотчилари меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш учун катта миқдорда қўриқчи ёллаган ва бу эҳтиёт чораси ҳужумчиларни дарҳол бартараф қилишда қўл келди.

Зеро, карикатуралар танловига номи чиққан рассомлар ва айни пайтда, Ислом динини экстремизм ҳамда радикализм манбаи сифатида танқид қилиб келаётган сиёсатчилар таклиф қилинган эди. Булар орасида нидерландиялик сиёсатчи Герт Вилдерс ҳам бор.

Бу шахсларга нафратини ижтимоий тармоқларда очиқ ифода этиб келган Элтон Симпсон, айниқса, Twitter тармоғида фаол бўлгани ва Техасдаги ҳодисадан бироз олдин унинг "Исломий давлат"га байъат келтиргани, танлов бораётган бинога ҳужум уюштириши ва ушбу жиҳодининг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши учун бошқалардан дуо сўрагани айтилмоқда. Аммо, ҳозир бу саҳифа ўчирилган. Ким томонидан ва айнан қачон ўчирилгани ҳақида расмийлар маълумот бермади.

Айни айтда, “Исломий давлат” экстремист гуруҳи Тесхасдаги ҳужумларни уюштирган шахслар ўз аъзоси экани ва бу ҳужум учун масъулият унинг зиммасида эканини даъво қилмоқда.

Терговчилар Симпсон экстремистик қарашлари билан 2010 йилда АҚШ Федерал бюроси назарига тушганини айтмоқда. ФРБ бу шахснинг 2006 йилдан 2010 йилгача давом этган 1 ярим минг соатлик телефон ва Интернет мулоқотларини ёзиб олган.

Associated Press агентлигига сўзлаган ФРБ расмийси агентликнинг Симпсон Муҳаммад пайғамбарга нисбат бериб чизилган карикатуралар танлови пайтида ҳужум уюштириш нияти борлигидан бехабар қолганини айтмоқда.

Симпсонинг шериги сифатида номи очиқланган Нодир Шуфий эса кузатувга тушмаган. Келиб чиқиши покистонлик бўлган бу шахс Симпсоннинг Феникс шаҳридаги ижарадошидир.

ФРБ агентлари Симпсон қатнаган Фениксдаги исломий марказда ҳам суриштирув олиб бормоқда. Матбуотга берилган баёнотда марказ етакчилари ва аъзолари, айни пайтда, 2010 йилда Симпсонни ҳимоя қилган адвокати ўз ҳимояланувчисининг экстремистик қарашларидан бехабарлиги, унинг "диндор ва ҳурматга сазовор" шахс бўлганини таъкидлагани айтилмоқда.

Исломий марказ раҳбари Усама Шомий эса Симпсонни марказда ҳамма танигани, унинг ҳамма билан муносабати яхши бўлгани, аммо ФРБ терговидан безигани, кейинги 2-3 ой ичида кўринмай қолганини айтмоқда.

ФРБ эса Симпсоннинг жиҳод қилиш учун Сомалига бориш ниятида бўлгани, аммо буни тан олмаганини иддао қилмоқда. Шунингдек, бу шахс АҚШ Ҳарбий денгиз флоти собиқ аскари бўлган ва террорга оид айбловлар билан жазога тортилган Ҳассан Абу Жиҳодга алоқадорлиги учун назарга тушгани айтилмоқда.

Терговчилар 2009 йил май ойида яширинча ёзиб олган ва судга тақдим қилган телефон мулоқотида ФРБ хуфя агентли - суданлик Дабла Денг билан гаплашган Симпсон жиҳод учун Африкага бориш ниятини ошкор қилади ва: "Сенга айтаяпманку, биз буни жанг майдонида қилишимиз мумкин. Жўнаворадиган пайт ҳозир", дейди.

Техасда олди олинган ҳужум биринчилардан бўлиб америкалик мусулмонлар томонидан қораланди. АҚШ даги йирик исломий жамоалар бу ҳужум Ислом динига чизилган ҳар қандай карикатурадан кўра кўпроқ зиён келтирганини таъкидламоқда.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ҳам ҳужумни қоралади ва бу "жиноятнинг бирор дин ёки эътиқодга алоқаси йўқ"лиги ҳақида баёнот берди.

Оқ Уй матбуот котиби Жош Эрнст: "Ифода эркинлигининг ҳеч бир кўриниши зўравонликни оқлай олмайди", деди.

Дарвоқе, Техасда ўтган карикатуралар танлов ғолиби Бош Фаустин бўлди ва унга 10 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот берилди. Ҳодисага муносабат билдирар экан, рассом: "Улар бизни ўлдириш учун келди ва ўлди. Буни адолат, дейдилар", деб твит ёзди.

Ушбу тадбирни American Freedom Defense Initiative гуруҳи ташкил қилган. Бу гуруҳ Ню Йоркдаги Халақаро савдо маркази ўрни яқинида Исломий марказ қурилишига ҳам муттасил қарши чиқиб келмоқда.

Гуруҳ ўз мақсадини "Глобал жиҳод ва Исломнинг доминантлигини капитуляция қилиш" деб ифодалайди. Шу боис, танқидчилари гуруҳни "нафратни кучайтирувчи" гуруҳ, деб қоралайди.

XS
SM
MD
LG