Линклар

Москвада ўғирланган қочқин 1 кундан сўнг Бухоро ҳибсхонасидан топилди


Бухоролик диний қочқин Акрам Рустамов

Бухоролик диний қочқин Акрам Рустамов

Жорий йилнинг 24 апрелида Москвада ўғирлаб кетилган ўзбекистонлик қочқин Акрам Рустамов Бухоро қамоқхонасидан топилди. Ҳимоячилар Ўзбекистонда варақаларни тарқатиб, давлат тузумини ағдаришда айбланаётган бухоролик 25 ёшли диндорнинг Россия пойтахтидан олиб кетилишига одатдагидек маҳаллий ФМС ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашганини иддао қилмоқда. Британиялик журналистлар яқиндагина Акрам Рустамовнинг қочқинликдаги ҳаёти тўғрисида ҳужжатли фильмни суратга олган эди.​

Россиянинг Москва шаҳридаги Жулебино мавзесида 2015 йилнинг 24 апрелида номаълум кимсалар томонидан ўғирлаб кетилган бухоролик Акрам Рустамов Ўзбекистондаги тергов изоляторларидан бирида экани аниқланди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Москвадаги “Ёрдам” ташкилоти раиси Баҳром Ҳамроев жума куни ўғирланган диндор Рустамов шанба куни Ўзбекистонга олиб борилганини маҳбуснинг онасидан аниқлаштирганини айтади:

- Ўзбекистон ҳукумати яна бир бухоролик - Акрам Рустамовни ўғирлаб кетди. У Бухоро Миллий хавфсизлик хизматининг подвалларидан бирида бўлиши керак. Жума куни уни бир Ўзбекистон фуқароси “Икки оғиз гапим бор”, деб пастга олиб тушганидан кейин, у Жулебино районида йўқолиб қолган. Акрам аслида Москва шаҳар миграция идорасига сиёсий бошпаса сўраб мурожаат қилган ва унинг қўлида тегишли ҳужжатлари бўлган, дейди ҳимоячи Баҳром Ҳамроев.

Маълум бўлишича, Акрам 1989 йилда Бухорода таваллуд топган, асли миллати араб. У араб тилини мукаммал билгани ва араб давлатларида бир неча йил яшагани учун ўзбек махфий хизматлар эътиборига тушган.

Акрам Рустамовнинг Москвадаги адвокати, “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходими Илларион Васильев Озодлик билан суҳбатда ҳимоясида бўлган ўзбекистонлик қочқин билан суҳбатлашганини сўзлаб берди. У Рустамовнинг Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилишида маҳаллий Федерал миграция хизмати ва ФСБси иштирок этганини тахмин қилди:

- Мен ўғирланишидан бир ҳафта олдин у билан гаплашганимда, маҳаллий ФМС идораси бошлиғи муовини Евдокимов суҳбатга чақирганини аниқлаган эдим. Унга зинҳор ва зинҳор у ерга бормасликни тавсия қилдим. Чунки бу жума куни эди – жума эса уларда иш куни эмас. Акрамнинг ҳужжатларида қандайдир майда хатолик топилгани баҳонасида чақиришгани мени шубҳалантирди. Бундан провокация ҳиди келиб тургани аниқ эди! Аммо уни уйидан кўчага чақириб, ўғирлаб кетишибди, дейди Акрам Рустамов Россияда қочқинлик мақомини изловчи сифатида қонунан яшаб келганини таъкидлаган адвокат Илларион Васильев.

“Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев эса Рустамовга Ўзбекистон маҳфий идоралари томонидан қўйилаётган айбларни мутлақо асоссиз демоқда. У Акрам Рустамов “Туркистон Исломий ҳаракат” фаоли эканликда айбланаётгани маълум, дейди.

- У яхши йигит, Ўзбекистонда экстремистик ташкилотларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Унга экстремизм, терроризмга, материалларни тарқатиш каби ёлғон айбловлар қўйилган. У президентни ёки ҳукуматни ағдариш ниятида бўлмаган. Уни асосан “Туркистон Исломий ҳаркати”да аъзоликда айблашган. Акрам билан Бухоро терговчилари бошлиғи телефон орқали гаплашганини ўзим эшитган эдим. “Сени хоҳласак 2 соатда олиб келамиз. Биз сени нима қилиб, қаерда юрганингни биламиз. Ака-укаларингни ўйлагин – келмасанг ишинг чатоқ бўлади”, деб бундан 2-3 ой олдин айтган эди.“Посольствога борасан, сенга билет қилиб беришади учиб келасан”, дейишган унга. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати сўраб келган одам албатта қамоққа ўтириши керак, тамом! 25 йил ичида ўзини айбсизлигини исботлай олган одам йўқ, дейди Баҳром Ҳамроев.

Акрам - ҳужжатли фильм қахрамони

Айни пайтда, британиялик журналист Сонум Сумария Guerrera Films студияси ёрдамида Акрам Рустамовнинг Россиядаги қочқинликдаги ҳаёти тўғрисида ҳужжатли фильм олди.

Интернет тармоқларида пайдо бўлган фильмда журналист билан суҳбатда Акрам унинг соқол қўйиши ва намоз ўқиши унинг террорист эканини билдирмаслигини гапириб берганини кўриш мумкин:

- Мен гўё жиноятчилар тўдаси раҳбари эканман! Одамларни урушга тайёрлар эканман, уларни алланималарга ўргатар эканман. Менга қўйилган айбловларни ўқиб мен шок ҳолатига тушдим! Дарҳақиқат соқиллиман, намоз ўқийман, мусулмонман – бу террористлик белгисими?! Мен террорист эмасман, мен ҳеч бир ёмон иш қилмаганман. Ҳозир мен нима қилишни билмайман, кимга мурожаат қилишни ҳам... Юрагим нотинч, одамларга ўхшаб тинч ухлай олмайман. Доимий “Нима қилсам, нима қилсам?”, деган ҳаёлда юраман, деган эди ўғирланишидан олдин ички кечинмалари билан ўртоқлашган бухоролик 25 ёшли диний қочқин Акрам Рустамов.

Бундан олдинроқ Озодлик бир гуруҳ бухоролик ёшлар Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан сохта айбловлар билан жавобгарликка тортилгани ҳақида эфирга лавҳа узатган эди.

Унда бухоролик Раҳмиддин Камолов Озодликка берган видеоинтервьюсида ўзи ва намозхон бўлган бошқа яқинларига куч ишлатар тизимлар томонидан бўлаётган босимлар тўғрисида сўзлаб берган эди.

Ҳимоячилар Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари охирги йилларда сохта айбловлар билан юзлаб меҳнат муҳожирлари, айниқса намозхонларни таъқиб остига олганини эътироф қилмоқда. Озодлик ҳам сўнгги бир неча йил ичида Россиянинг турли минтақаларидан олиб чиқиб кетилган ўнлаб қочқинлар тўғрисида гапириб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG