Линклар

logo-print

Озарбайжонлик журналист Хадича Исмоиловага PEN мукофоти берилди


Хадича Исмоилова

Хадича Исмоилова

5 май куни Нью-Йоркда Америка PEN-маркази озарбайжонлик журналист Хадича Исмоиловага ўзининг нуфузли PEN/Barbara Goldsmith Freedom to Write Award мукофотини тақдим этди.

Исмоилова мукофотни олган куни унинг Бокуда қамалганига беш ой тўлиб, олтинчи ой бошланди. Журналист ўзига билдирилган айбловлар сохта эканини айтиб келади.

PEN ташкилоти матбуот учун тарқатган баёнотида Goldsmith мукофоти ҳар йили “жуда мушкул вазиятга тушиб қолган ва қамалган соф виждонли ёзувчига” берилади, дея билдирди.

Исмоилова кейинги ойларда жиноий жавобгарликка тортилган ёки бошқа тазйиққа учраган юзга яқин озарбайжонлик фаолнинг биридир.

Озодлик радиоси озарбайжон хизматининг мухбири ўлароқ ишлаган Исмоилова ўтган йилнинг декабрида радионинг бир ходимини "ўзига суиқасд ҳолатига олиб келганликда" айбланиб қўлга олинган эди.

Исмоиловани айблаган Турал Мустафоев кейинроқ унга қарши даъвоси йўқлигини айтиб, айбловчилардан ўз аризасини қайтариб олди. Аммо Озарбайжон расмийлари Исмоиловани хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбладилар.

Исмоилова ва уни қўлловчилар журналистга қўйилаётган айбловлар унинг Озарбайжон сиёсий элитаси, хусусан Президент Илҳом Алиев оиласи ичида чуқур илдиз отган коррупция тўғрисидаги журналистик суриштирувлари билан боғлиқлигини айтмоқдалар.

Озодлик радиоси озарбайжон хизмати директори Кенан Алиев 4 май куни Нью-Йоркда чиқиш қилиб, Исмоиловага қўйилган айбловлар уйдирма эканлигини айтди.

“Қўлга олинишидан аввал президентнинг маслаҳатчиси уни АҚШ учун жосуслик қилишда айблади. Хадичанинг айби коррупция бўйича суриштирув олиб борганидир. Озарбайжон расмийлари ўзлари истаган одамнинг овозини ўчиришга кучимиз етади, деб ишонганлари учун у ҳозир қамоқда ўтирибди”.

38 га тўлган Исмоилова ўзига қўйилган асосий айбловлар бўйича ҳали маҳкамага тортилгани йўқ. Маҳкамагача бўлган ҳибс муддати эса икки марта узайтирилди. Лекин февралда ёпиқ тарзда ўтган судда Исмоилова туҳмат қилганликда айбдор деб топилиб, 2,5 минг манат (2,4 минг доллар) жаримага тортилди.

Журналист ўз адвокати орқали эълон қилган ёзма билдирувлари учун ҳам жазоланди.

2014 йилнинг ўртасидан бери Озарбайжон ҳукумати фуқаролик жамиятига тазйиқ ўтказиб келмоқда. Озарбайжонлик фаоллар Исмоиловадан ташқари сиёсий мотивлар билан айбланаётган яна юзга яқин журналист ва фаол рўйхатини тузишди. Бу ишда иштирок этган инсон ҳуқуқлари фаоллари Лайло ва Ариф Юнуслар 2014 йилнинг июль ойидан бери тергов изоляторида қолмоқда.

Озарбайжон расмийлари Озодлик радиосининг Боку бюросида тинтув ўтказиб, бинони муҳрлаб қўйган. Кейинги ойларда бир неча йирик ғарб нодавлат ташкилоти мамлакатдан чиқариб юборилди.

Freedom House нодавлат ташкилоти вице президенти Арч Паддингтон март ойида Озарбайжон ўзининг сиёсий репрессияси билан ном таратгани ҳамда фуқаролик жамияти гуруҳларини мунтазам равишда ёпиши ҳақида ёзди.

Бу орада Боку илк маротаба Европа Ўйинларига мезбонлик қилишга тайёрланмоқда. Ўйинларни Халқаро Олимпиа қўмитаси ҳомийлигида 12-28 июнда ўтказиш режалаштирилган. PEN маркази Халқаро Олимпиа қўмитасига Бокунинг инсон ҳуқуқларини поймол қилишини қоралашга ҳамда Исмоиловани озод қилишга ундашга чақирди.

Human Rights Watch ташкилоти ҳам Европа мамлакатларини “ҳукуматни танқид қилган одамлар озодликка чиқарилмаса” ўйинларга юқори лавозимли вакилларни юбормасликка чақирди.

Озарбайжонлик инсон ҳуқуқлари фаоли, блоггер ҳамда Озодлик билан ҳамкорлик қилувчи эркин журналист Орзу Ғайбуллаева Озарбайжондаги тазйиқларга халқаро жамоатчилик эътиборини қаратишга курашиб келмоқда. Ғайбуллаева Исмоиловани “адолат ва тенглик юрагининг уриши” дея таърифлайди.

“Хадича мен учун умид, эркинлик ва аёллик рамзидир”, деб ёзди Ғайбуллаева Озодликка юборган мактубида. “У ўз ишининг устаси. У жуда ажойиб ва қўрқмас инсон. Унинг иштиёқини қаттиқ ҳурмат қиламан”.

PEN мукофоти яна драматург Том Стоппардга ҳамда Франциядаги Charlie Hebdo сатирик журналига берилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG