Линклар

Тошкент ва Кобул ўртасида парвозлар йўлга қўйилади


Термиз ва Мазори Шарифни боғлаб турувчи темир йўл

Термиз ва Мазори Шарифни боғлаб турувчи темир йўл

Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматлари иккала мамлакат ўртасида тижорат, энергия, транспорт ва транзит соҳаларида ҳамкорликни мустаҳакалашга қаратилган протоколни имзолади.

Бу ҳақда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги 5 май куни хабар тарқатди.

Тошкентда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев ва Афғонистон президентининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги масалаларида махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар бошчилигидаги ҳукуматлараро музокаралар сўнгида ҳамкорликни мустаҳкамлаш қарори олинган.

Ушбу протоколга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мазори Шариф-Ҳирот темир йўлини тадқиқ этишда Афғонистон билан ҳамкорлик қилишга ваъда берди,” – дея таъкидланади Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Бундан ташқари иккала томон Ўзбекистон ва Афғонистон пойтахтларида “яқин келажакда” саноат кўргазмаларини ўтказишга келишиб олди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, томонлар Кобул шаҳрида икки мамлакат тижорат уйини очишга ҳам қарор қилган.

Афғонистон расмийларига кўра, ҳукуматлар шунингдек Тошкент-Кобул, Кобул-Тошкент ҳаво парвозларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.

Амалий ҳамкорлик истиқболлари

Ўзбекистоннинг умумийтовар айланмасидаги Афғонистон улуши бор-йўғии тўрт фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон Афғонистонга асосан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда чиқарилган қурилиш маҳсулотлари ҳам Афғонистонда катта талаботга эга.

Ўзбекистон сўнгги йилларда ўз иқтисодиёти ва маҳсулот бозорларини диверсификация қилишга уринмоқда.

Ўзбекистон денгизга тўғридан-тўғри чиқиш йўлига эмас ва айни масала ечимида Афғонистон муҳим роль ўйнаши мумкин.

Аммо, Афғонистондаги беқарор вазият Ўзбекистонни ўз қўшниси билан ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ҳамкорлик қилишга ундайди.

Кузатувчилар фикрича, токи Афғонистонда ниҳоий тинчлик ўрнатилмас экан, расмий Тошкентнинг бундай ёндашувида кескин ўзгаришларни кутмаслик зарур.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG