Линклар

Қирғиз ашулачиси ўзбекча хизмат кўрсатадиган ширкатга қарши акция бошламоқчи


Қирғиз қўшиқчиси Бек Бўрбиев.

Қирғиз қўшиқчиси Бек Бўрбиев.

Қирғизистондаги таниқли эстрада қўшиқчиси Бек Бўрбиев “Мегаком” уяли алоқа оператори 10 кун ичида мижозларга хизмат кўрсатишнинг барча турларидан ўзбек тилини олиб ташламаса, бутун мамлакат бўйлаб ширкат хизматидан воз кечишга чақирган тадбир бошлаш ниятида эканини билдирди.

Қирғиз қўшиқчиси Бек Бўрбиев Озодлик билан суҳбат чоғида ўзбек тилида хизмат кўрсатишни тўхтатиш бўйича “Мегаком” ширкати олдига қўяётган талаб бажарилмайдиган бўлса, 15 майдан ширкатга қарши акция бошлашини маълум қилиб, буни қуйидагича изоҳлади.

- Бу акция ҳеч қачон ўзбек миллатига мансуб фуқароларга қарши эмас, буни тўғри тушуниш керак. Биз қирғиз давлати бўлганимиз учун бизда давлат тили бор – қирғиз тили, расмий тилимиз бор – рус тили. Мана шу икки тил билан Қирғизистондаги барча миллатларга тушунарли хизмат кўрсатса бўлади. Бундан ташқари, халқаро инглиз тили бор. Шу 3 тил билан барчага хизмат кўрсатиши мумкин “Мегаком”.

У ерда бошқа тилларнинг турганини эса “қирғиз тилини мазах қилиш” сифатида баҳолаш мумкин ёки “қирғиз тилини ҳурмат қилмаслик” деб билса бўлади. Шунинг учун биз бу акцияни бошладик. Фейсбук саҳифасида “миллатчи” деган гаплар айтиляпти. Бироқ бу ерда ўзбек миллатига ёки бошқа миллатга мансуб кишиларга босим кўрсатиш йўқ. Биз асрлардан буён қўшни бўлиб яшаб келганмиз, бундан буён ҳам шундай яшамоқчимиз. Фақат қонунийликка риоя қилиниши керак, шунингдек, қирғиз тилига нисбатан ҳурмат-эҳтиром бўлиши керак, - дейди Бек Бўрбиев.

Фуқаролик жамияти фаоли ва ҳуқуқшунос Лейла Назгул Сейитбек эса Қирғизистонда ширкатларга давлат тили ёки расмий тилдан бошқа тилда хизмат кўрсатишини тақиқловчи қонун йўқлигини айтади.

- Хусусий ширкатлар хизматларни ўз мижозлари сўзлашган тилда тақдим этади. Агар улар хизматидан фойдаланишда тил танлаш имконияти бўлса, бу яхши кўриниш. Бунинг нимаси ёмон? Бизда қозоқ ёки ўзбек тилидан фойдаланиш тақиқланади, деган қонуннинг ўзи йўқ. Ҳар ҳолда, мен бунақа қонун борлигини билмайман, - дейди ҳуқуқшунос Лейла Назгул Сейитбек.

“Мегаком” ширкатининг Реклама ва PR бўлими раҳбари Жумғал Ўмурканов ҳам Қирғизистонда бирор тилни тақиқлаш ҳақида қонун йўқлигидан яхши хабардорлигини айтаркан, ширкат бундан буён ҳам ўз мижозларига ўзбек тилида хизмат кўрсатишда давом этаверишини таъкидлайди.

- Бу ҳақда гапирганда, қайд этишни истардимки, ширкатимиз айнан давлат тилини ривожлантиришга анча катта эътибор қаратаяпти. Ўзбек тилига келадиган бўлсак, ширкат иш бошлаган пайтдаёқ бизда қирғиз, ўзбек, рус ва инглиз тилларида хизмат кўрсатарди. Ҳозир турк тилидаги хизматимиз ҳам бор. Мижозларимизга қулай бўлсин учун ширкатимизга бу тилларнинг ҳаммасида хизмат кўрсатиш муҳим.

Билганингиздек, жанубда ўзбек тилида сўзлашадиган мижозларимиз жуда кўп. Улардан бизга ҳар куни ўзбек тилида ахборот олиш учун юзлаб қўнғироқ келади. Шунинг учун биз бундан воз кечолмаймиз.

15 май куни бошланадиган акцияга келсак, бизда истаган одам кўчага чиқиб, ўз фикрини билдириши мумкин. Биз бу одамларга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Ўзбек тилида хизмат кўрсатиш эса аввалда бўлгани каби бундан кейин ҳам давом этади, - дейди “Мегаком” ширкати вакили Жумғал Ўмурканов.

Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлекан Исмаилова Бек Бўрбиевнинг “Мегаком” ширкати олдига қўяётган талабини дискриминация, дея баҳолайди.

- “Мегаком”га қарши ва миллийликка қарши бўлган бу акция дискриминациядир. Бунга Бош прокуратура қонунга мувофиқ равишда реакция кўрсатиши керак. Қирғизистонда 90 дан зиёд миллат яшайди. Конституция эса ҳар биримизга тенг ҳуқуқ берган. Шунинг учун бу ерда, қайси миллат бўлмасин, устун бўлмаслигини керак, бошқаларга босим кўрсатмаслиги шарт, - дейди ҳуқуқ фаоли Тўлекан Исмаилова.

Қирғизистондаги энг йирик уяли алоқа операторларидан бири бўлган “Мегаком” ширкатининг шу кунда 2,5 миллиондан зиёд мижози бор. Маълумотларга кўра, Қирғизистонда “Мегаком”дан ташқари “Билайн” ширкати ҳам мижозларига ўзбек тилида хизмат кўрсатишни йўлга қўйган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG