Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:56

Қирғизистонлик аёл Москва полициясини судга бермоқчи


Ойбарчин Шамшиева
Ойбарчин Шамшиева

Қирғизистонлик уч боланинг онаси рус полициячиларини судга бермоқчи. 32 ёшли Ойбарчин Шамшиева Москва полицияси ходимлари томонидан бир суткадан ортиқ полиция бўлимида асоссиз ушлаб турилгани, аллақандай ҳужжатларга қўл қўйишга мажбурлангани, унга руҳий ва ҳатто жисмоний тазйиқ ўтказилгани учун судга шикоят аризаси билан мурожаат қилмоқчи. “Мени ноқонуний равишда депортация қилиш учун ушлаб турган ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари жазосиз қолмаслиги керак”, деди Ойбарчин Озодликка.

Ўтган йилнинг декабрида уч боласини боқиш учун пул топишга Россияга эри билан бирга келган Ойбарчин Шамшиева Озодлик билан суҳбатда кўргиликлари 23 апрель куни эр-хотин ва яна бир неча ҳамқишлоқлари ижарада яшаётган квартирага полиция офицерлари кириб келганидан бошланганини гапириб берди.

- Соат 7-ларда квартирамизга Мешчанский РОВД жиноят-қидирув бўлимининг уч ходими кириб келишди. Улар ухлаб ётган жойимиздан документларимизни олишни буюриб “Отделениега борамиз”, дейишди. Мен март ойига патентга тўлаган чекимни тополмасдан излаб ўтирсам, “Бўлимда маълумотлар базасидан кўрамиз ҳужжатларинг тозалигини”, деди. Мен чиндан шундай бўлса керак, йўқотган бўлсам аниқланади, деб ўйладим. Биз билан борган бир акахоннинг регистрация муддати ўтган экан, қолганларни ҳужжатлари жойида, меники эса фақат ўша патент тўлови қоғози йўқ бўлиб чиқди. Улар бир қоғозни олиб келиб, “Сен мана бу қоғозга қўл қўясан”, деди. Ўқисам, унда “Оғир моддий аҳволим туфайли патентни вақтида тўлай олмадим”, дейилган сўзлар бор экан. Мен “Тўлаганман, нима сабабдан бунга қўл қўяман”, десам, “Сен барибир шунга қўл қўясан”, деб мени 33 соат ушлаб ўтиришди, дейди полиция бўлимидаги воқеа тўғрисида сўзлаган Ойбарчин Шамшиева.

Суҳбатдош полициячилар ҳатто ҳужжати жойида бўлган ҳамюртларини ҳам ушлаб ўтирганини айтади.

Полиция бўлимида ҳар бир муҳожирга биттадан стул берилиб, улар тунни шу стулларда ўтказган. Эртаси куни қолганлар полициячилар кўрсатган ҳужжатларга қўл қўйиб берган, у эса яна имзо чекишдан воз кечган. Полициячилар бу аёлга писхологик босимдан натижа бўлмаётганини кўриб, уни шу ерда калтаклаш билан кўрқитишга ўтган.

Кейин Ойбарчин судга юборилган. У ерда эса судья полиция томонидан жўнатилганларнинг ҳаммасини 5 минг рублли жаримага тортаётганини ва депортация қилиш тўғрисида қарор чиқариб бераётганини билган.

Бироқ, Москва туман суди ҳаками у полиция бўлинмасида ноқонуний ушлаб турилгани тўғрисида қарор чиқарган.

Шу тариқа, 32 ёшли қирғизистонлик Ойбарчин Шамшиева унга руҳий босим ва жисмоний тазйиқ ўтказган полиция ходимлари устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилишни режалаштирди ва Москвада меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий кўмак берувчи “Фуқаровий кўмак” ташкилотига ҳимоя сўраб мурожаат қилди.

- Ойбарчин Шамшиева – азамат! У асоссиз айбловлар битилган аризаларга қўл қўйишдан бош тортиб, ўз ҳуқуқлари учун курашди. Одатда чет эллик фуқаролар босим остида берилган қоғозларга тушунмасдан қўл қўйиб, ўзларига ҳукм чиқариб қўйишади... Биз полиция ходимлари томонидан Шамшиевага қарши психологик босимлар ўтказилгани устидан тегишли идораларга шикоят юборамиз, деди унинг ҳимоячиси Марина Лексина.

Ҳозирда фуқаровий кўмак мутахассислари билан биргаликда довюрак аёл Ойбарчин зарурий ҳужжатларни ҳозирламоқда.

- Мени ноқонуний равишда депортация қилиш учун ушлаб турган ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари жазосиз қолмаслиги керак, деди суҳбат сўнггида Ойбарчин Озодликка.

RFE/RL Қирғиз хизмати ходими Lazat Takyrbashova материаллари асосида тайёрланди.

XS
SM
MD
LG