Линклар

logo-print

"Мемориал" Россияда Сталин улуғланишига қарши чиқди


Москванинг "Поклонная гора" музейида марказий осиёлик уруш фахрийлари И.Сталин ҳайкалчаси олдида, 2015 йил, 28 апрель.

Москванинг "Поклонная гора" музейида марказий осиёлик уруш фахрийлари И.Сталин ҳайкалчаси олдида, 2015 йил, 28 апрель.

Москвадаги Инсон ҳуқуқлари “Мемориал” маркази Иосиф Сталин шахсини улуғловчи барча тадбирларни қонунан тақиқлаш таклифи билан чиқди. Улар Москвада ўтказилиши режалаштирилаётган фашизм устидан Ғалабанинг 70 йиллик тантаналарида Совет даври диктаторининг ижобий тасвирларини ишлатишдан воз кечишни ҳам таклиф этди. Айни пайтда, экспертлар рус жамиятида Сталин шахсига бўлган муносабат ижобий тарафга ўзгариб бораётганидан хавотирда.

5 май куни Халқаро "Мемориал" ташкилотининг расмий сайтида “Сталинга ҳайкаллар ўрнатилмасин” номи остида махсус баёнот эълон қилинди.

“Сталинга бағишлаб ҳар қандай шаклда ҳайкал ўрнатилиши ҳақоратдир. Сталиннинг жиноятларига ўхшаш ҳолатлар ватанимиз тарихида бошқа учрамаган. Бу жиноятлар кўлами шу даражада кенгки, бу шахснинг жамоат олдида ижобий кўринишда тасвирланиши номақбулдир ва қонунан тақиқланиши зарур”, дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, "Мемориал" вакиллари Сталин номини тилга олишдан ва мутлақо тарихдан ўчириб ташлашдан йироқ эканини ҳам қўшимча қилишди.

“Гап бу ерда Сталин номини тарихдан ўчириш ва уни тилга олиш тўғрисида кетмаяпти, чунки айни шундай тарзда Сталин ўз сафдошлари номларини ўчирган. Аммо диктаторлар шаҳарларимизнинг марказий майдонларини эмас, балки қилмишларига яраша музей заллари, дарсликлар, тарихий монографияларда ўз жойларини эгаллашлари керак ”, дейилади Россия жамиятига қилинган мурожаатномада.

Пермь шаҳрида коммунистлар ўрнатган баннер

Пермь шаҳрида коммунистлар ўрнатган баннер

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар йили 9 май арафасида турли рус минтақаларида Сталинга ҳайкаллар ўрнатиш, музей очиш ёки унинг чиройли безалган суратларини жойлаштириш ҳаракатлари амалга оширилаётганидан хавотир билдирди. Кўп ҳолларда Сталин бир ўзи эмас, балки Иккинчи жаҳон урушининг бошқа ҳақиқий қаҳрамонлари гуруҳида тасвирланиши одатий тус олганига жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.

Айни пайтда Россиянинг қатор жойларида Иосиф Сталинга бағишлаб тадбирлар сони кўпайиб бораётгани маълум.

Шу йилнинг 1 майида Россия Компартияси раҳбари Геннадий Зюганов мамлакат маданият вазири Владимир Мединскийга мурожаат қилиб, Ржев шаҳри остонасидаги Хорошево қўрғонида Сталинга атаб музей очишни таклиф қилди. Ўз таклифини коммунистлар етакчиси Ржев ва шу минтақанинг 70 фоиз аҳолиси Сталин музейини очишга иштиёқи борлиги билан изоҳлади.

2015 йилнинг март ойида эса КПРФнинг яна бир вакили – Вадим Соловьёв, Шимолий Осетия, Ёқутистон, Липецк вилояти ва Россиянинг бошқа минтақаларида Сталиннинг 15 та ҳайкали ўрнатилишини билдирган эди.

Кузатувчилар Иосиф Сталин расми туширилган баннерлар Сургут, Новосибирск, Москва, Ставрополь, Чита, Екатеринбург, Барнаул, Краснодар, Уфа ва бошқа шаҳарларда ҳамда Қрим ярим ороли марказий майдонларида пайдо бўлганини қайдга олди. Россиянинг маданий пойтахти Санкт-Петербургда эса “Сталин - бу Ғалаба!” ёзуви туширилган “сталинобуслар” юргани айтилмоқда.

Яқинда эса ўзининг мунозарали “Берлинга юришлари”ю Владимир Путин ҳукуматини ўзига хос тарзда қўллаб-қувватлаши билан ном қозонган “Тунги бўрилар” байкерлар тўдаси раҳбари Александр Залдостанов намойишкорона Иосиф Сталиннинг Кремль девори тагидаги қабрига гулдасталар кўйиб кетгани катта баҳсларга сабаб бўлди.

“Левада” маркази ўтказган ижтимоий сўров натижаларига мувофиқ, россияликларнинг 45 фоизи Сталин давридаги қатағонларни оқлайди. Ваҳоланки, 2012 йилда Сталин тарафдорлари сони роппа-роса икки баробар кам бўлган. Шунингдек, жорий йилнинг мартида ўтказилган сўровда иштирок этган 57 фоиз россиялик СССР диктатори Иосиф Сталин "давлат жиноятчиси" деб эълон қилинганига қарши эканини билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG