Линклар

Яман БМТ Хавфсизлик Кенгашидан ёрдам сўради


Ямандаги вайрон бўлган мавзелардан бири.

Ямандаги вайрон бўлган мавзелардан бири.

Яман 6 май куни БМТ Хавфсизлик Кенгашидан “мамлакатни сақлаб қолиш учун, жумладан, Аден ва Таиз шаҳарларига пиёда қўшинларни киритишни” илтимос қилди.

Яман ҳукуматининг бу борадаги мактубини Хавфсизлик Кенгашига мазкур мамлакатнинг БМТдаги элчиси Холид Алийманий топширди. Мактубда шиаларнинг Ҳутий исёнчилар гуруҳи издан чиқарган Ямандаги вазиятга зудликда халқаро қўшинларнинг аралашуви шартлиги таъкидланган.

Бундан ташқари мактубда халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Ямандаги тинч аҳолига нисбатан вахшиёна ҳаракатларни ҳужжатлаштиришга чақирилган.

Яман ҳукумати Хавфсизлик Кенгашига Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчилари шиа исёнчиларига қарши ҳарбий амалиётларни бошлашидан аввалроқ ҳам қўшин киритиш илтимоси билан мурожаат қилган, аммо рад жавобини олган эди.

Саудия Арабистони 24 март куни Яман қонуний ҳукуматини ҳимоя қилиш деган асосда мазкур мамлакатда ҳокимият учун курашаётган шиа исёнчиларига қарши ҳарбий амалиётларни бошлаган эди. Араб давлатлари шиа исёнчиларини Эрон қўллаб-қувватлаётганини айтиб келади. Теҳрон эса бу билдирувларни инкор этмоқда.

Саудия Арабистони Яманнинг Аден шаҳрига ўтган якшанба куни пиёда қўшинларниг кичик гуруҳини киритган. Яман ҳукумати шиа исёнчиларини тинч аҳолини ваҳшиёна ўлдираётганликда айбламоқда.

XS
SM
MD
LG