Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:51

Ўзбекистонликлар қабристонларни санаторийларга айлантирмоқда


Шовот туманидаги Араб бобо қабристони
Шовот туманидаги Араб бобо қабристони

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистонда қабристонларни ободонлаштириш кампанияси ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамаси бундан 3 йил муқаддам қабул қилган қарорга илова қилинган Низомда қабристонларни ободонлаштириш бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, бу ишнинг сарф-ҳаражати аҳоли зиммасига тушди.

Араб бобо қабристони

Хоразм вилояти, Шовот тумани, Маданият маҳалласининг Араб бобо қабристонида ободонлаштириш ишлари ишбошилардан бири Қаҳрамоннинг айтишича, “апрелнинг ўрталарида бошланиб, шу кунгача қабристонинг қўрғон девори таъмирланди, оқланди, девор усти тунука билан қопланди. Лекин маблағ етишмай қолгани учун деворнинг 500 метри таъмирсиз қолиб турибди”.

Тоқчилик қабристони

Жиззах вилояти, Жиззах тумани, Тоқчилик маҳалласи қабристонида ҳам ободонлаштириш ишлари апрелнинг ўрталарида бошланди.

Тоқчиликлик Мамиржон Азимовнинг айтишича, қабристондаги ишлар бугун (7 май) якунланади.

- Қабристонда гўрковлар дафн маросимидан кейин ювинадиган душ қурилди, Қуръони Каримнинг қабристонга оид оятлари ва ҳадислардан намуналар ёзилиб, қабристон бўйлаб илинди, 300 дан зиёд арча экдик, лампочкалар қўйдик. Худо хоҳласа, бугун ишларни тугатамиз, деди Мамиржон Азимов.

Пулни қаердан олиш тушунтирилди

Хоразмдаги Маданият маҳалласига ҳам, Жиззахдаги Тоқчилик маҳалласига ҳам апрель бошида бир хил мазмунда тавсия-топшириқ берилди.

- Туманда бўлган йиғилишда қабристонларни халқнинг ҳисобидан таъмирлайсизлар, дейишди. Хўп, дедик. Қабристонда ота-бобоси ётганлар 30 мингдан берди, аждодлари йўқлар кўнглидан чиқарганини берди, ҳаммаси бўлиб 15 млн. сўм атрофида пул йиғилди, деди шовотлик Қаҳрамон.

Тоқчиликлик Мамиржон Азимовнинг айтишича, қабристонни ободонлаштиришга доир юқоридан келган хатда бу ишни “маҳалладаги тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар, фондлар ва фермерлар ёрдамида” амалга ошириш, ободонлаштириш ишларини 20 апрелгача якунлаш белгилаб қўйилгани айтилган. Хат етиб келиши биланоқ, маҳаллада махсус комиссия тузилган, пул йиғилган ва 20 апрелда ишлар бошлаб юборилган.

Қабристонларни ким таъмирлаши керак?

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 мартдаги 59-қарори билан тасдиқланган “Замонавий архитектура-шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш қоидалари” VI бўлимининг 7-параграфида бундай дейилган:

"Қабристонлар бевосита туман, шаҳар давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлади, уларни зарур ҳолатда сақлаш ва ободонлаштириш вазифаси уларга юкланади.

Қабристонларни ободонлаштириш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларни зарур ҳолатда сақлаш, маблағларни харажатларнинг алоҳида моддаси бўйича ажратган ҳолда, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Бунда гўрковлар ва маросим хизматлари кўрсатувчи ходимлар таъминоти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича кўрсатиладиган пулли хизматлар учун аҳолидан тушадиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади".

Бюджетни чиқимдан сақловчи икки абзац

“…қоидалар” VI бўлимининг 7-параграфида келтирилган қуйидаги меъёрлар аҳолига солинадиган “қабристон солиғи”га қонуний тус бериб қўйган:

"Қабристонларни сақлаш ва ободонлаштириш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларидан ҳам фойдаланилади.

Қабристонларни ободонлаштириш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида ҳашар йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин".

Давлат ҳам бериб туради. Онда-сонда

Тоқчиликлик Мамиржон Азимовнинг айтишича, маҳалла қабристонига сўнгги бор 2013 йили пул ажратилган.

- 2013 йилда Тоқчилик қабристонига ободонлаштириш ташкилотидан 30 млн сўм ажратилган. Ўша пул бир фирмага берилган. Фирма қабристонни девор билан ўраб берган, деди Мамиржон Азимов.

Шовотлик Қаҳрамоннинг фикрича, қабристонларни таъмирлаш учун сарфланадиган пулларни тақсимлаш механизми мукаммал эмас.

- Ҳукумат қарори билан барча қабристонлар коммунал хўжаликка ўтган. Бу ташкилот қабристонларга тушган эҳсон пулларини олиб кетади. Масалан, маҳаллангиз қабристонига тушган пулларни сўраб борсангиз, бермайди. Вилоят бўйича ўйинга қўйилади, дейди. Ўйинда ким ютиб олса, ўша олади. Натижада бизнинг қабристоннинг пули бошқа қабристонга сарфланади, дейди Қаҳрамон.

“Санаторийга айланган” қабристонлар

Тоқчиликлик Мамиржон Азимов ҳам, шовотлик Қаҳрамон ҳам қишлоқларидаги қабристонлар бундан 3-4 йил аввалгига қараганда анча обод бўлиб қолганидан хурсанд.

- Кеча қабристонга кириб келган бир ҳамқишлоғимиз қилинган ишларни кўриб, “санаторий қилиб юборибсизлар”, деди. Унга жавобан, “Ҳа, энди ҳаммамизнинг ҳам охири келадиган санаториймиз шу ер”, дедим, дейди Мамиржон Азимов.

XS
SM
MD
LG