Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:46

Россияда ўзбек ва тожик муҳожирлари уч кишини ўлдирганликда айбланмоқда


Қотилликларда гумонланаётганлардан бирининг тасвири.
Қотилликларда гумонланаётганлардан бирининг тасвири.

Москванинг Қозон вокзалида 6 майга ўтар кечаси ҳибс этилган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари Калуга вилоятида уч кишини ўлдирганликда гумон қилинмоқда. Полиция оммавий қотилликда айбланаётган марказий-осиёлик муҳожирлар жабрланувчилар уйида ёлланма ишчи бўлгани ва жиноятга шахсий келишмовчилик боис қўл урган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Россиянинг Калуга вилояти Жуковский туманида жойлашган “Ковчег” дала ҳовли участкалари қўрғонидаги уйлардан бирида 5 май куни 89 ва 64 ёшли икки аёл ва 64 ёшли бир эркак жасадлари топилди.

Жабрланувчилар пичоқлангани, бўғилгани ва танасида кўплаб жароҳатлар аниқлангани боис ҳодиса жойига етиб келган терговчилар қотиллик содир бўлгани тўғрисида хулоса чиқарди. Калуга вилояти бўйича Ички ишлар бошқармаси расмийси Алексей Горюновнинг Озодликка айтишича, 6 майга ўтар кечаси Москва шаҳрининг Қозон вокзалида қотилликларга алоқадорликда гумонланиб, икки марказий-осиёлик муҳожир ҳибсга олинган.

- Билишимча, қўлга олинганлардан бири Ўзбекистон, иккинчиси Тожикистон фуқаросидир. Оператив ходимларнинг тезкор ҳаракатлари туфайли уларнинг шахслари тезда аниқланиб, улар 6 майга ўтар кечаси Москва шаҳрида ҳибс этилди: гумонланувчилар темир йўл транспорти орқали Россия Федерациясини тарк этишга шошилаётган бўлган,- дейди Калуга вилояти полиция бошқармаси расмийси Горюнов.

Полициядан олинган маълумотларга кўра, поезддан тушириб қолдирилган эркаклар – 47 ёшли Ўзбекистон ва 45 ёшли Тожикистон фуқаросидир. Алексей Горюнов исмлари тергов тугагунича сир сақланишини айтган муҳожирларга нисбатан Калуга вилояти Тергов қўмитаси томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 2-қисми “а” банди (икки ва ундан кўп одамни ўлдириш) асосида жиноий иш очилганини маълум қилди.

Терговчиларга кўра, қотилликлар 2015 йилнинг 2 май куни кечки соат 19:00 дан 3 май соат 22:00 га қадар вақт оралиғида содир этилган. Ўзбекистонлик муҳожир жабрланувчиларникида ёлланиб ишлаб келган, тожикистонлик эса унинг яқин таниши бўлган. Ўлдирилган нафақахўрлар оиласи асли Москвадан бўлиб, Калуга вилоятига дала ҳовлисига келиб турган.

Гумонланувчилар пичоқ ва арқон билан қуролланиб, 64 ёшли маҳаллий тадбиркор, унинг рафиқаси ва кекса онасини ўлдирганликда, кейин мурдаларни уйнинг ертуласига яширганликда айбланмоқда. Изқуварлар ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожир уй эгаларига тегишли қимматбаҳо буюмлар ва пулларни олиб, уларнинг автомобилда Москва томон қочиб қолган, демоқда.

Кейинроқ, терговчилар йўқолган автомобилни Домодедово шаҳрида топгани маълум бўлди.

Россия Тергов қўмитасининг Калуга вилояти бўйича бошқармаси Ахборот бўлими бошлиғи Виталий Гудзь Озодлик билан суҳбатда бу қотилликлар юзасидан дастлабки суриштирув ишлари натижаларини очиқлади:

- Дастлабки тахминларимизга биноан жиноятнинг мотиви – шахсий келишмовчилик. Тергов давомида ўзбекистонлик муҳожир бу уйда анчадан буён турли юмушларни бажариб келганини аниқладик. Ўзбекистон фуқароси Москва шаҳрида, тожикистонлик Москва вилоятида вақтинчалик қайдда тургани маълум бўлди. Ўмарилган буюмлар масаласида эса ўлганларнинг яқинлари нима йўқолган-йўқолмагани тўғрисидаги кўрсатмалари асосида хулоса чиқарамиз,- деди терговнинг асосий тахминлари ҳақида сўзлаган Виталий Гудзь.

Тергов бошқармаси вакиллари ҳодиса жойидан олинган бармоқ излари, биологик материаллар асосида генотипик, дактилоскопик, суд-тиббий ва трасологик экспертизалар тайинланганини билдирди.

Ҳибсга олинган муҳожирларни тергов муддати якунига қадар Калугада ҳибсда қолдириш масаласи кўриб чиқилмоқда.Тергов ишлари давом этмоқда.

Озодлик иш берувчилари билан муросага кела олмаган меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган жиноятлар тўғрисида олдин ҳам хабар қилган.

2015 йилнинг январида Москва вилоят суди бухоролик Ойбек Муродовни Подмосковьенинг Домодедово шаҳрида икки нафақахўр опа-сингилни ўлдирганликда айбдор, деб топди. Ойбек кекса аёллардан ўмарган пулини ишга рухсатнома олишга сарфламоқчи бўлганини айтган. 23 ёшли ўзбек муҳожири суд қарори билан умрининг кейинги 20 йилини қаттиқ режимли колонияда ўтказади.

Ўтган йилнинг декабрида Москва шаҳар судида икки нафар доғистонлик иш берувчисини ўлдириб, мурдаларни бетон қўйиб кўмиб ташлаганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси иши кўриб чиқилаётгани тўғрисида хабар берилган эди. 29 яшар ўзбек муҳожири иш ҳақини бермагани учун бу жиноятга қўл урган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган.

2014 йилнинг 23 ноябрь куни Москва вилоятининг Пушкино шаҳрида ҳам “Глобус” Савдо маркази қурилишида шунга ўхшаш ҳодиса юз берди. Бино қурилишида ишлаётган тўрт нафар ишчи муҳожир ўз бригадири билан ойлик берилмаётгани устида жанжаллашиб, уриб ўлдирганликда гумон қилиниб, жавобгарликка тортилган. Ўз қилмиши изларини йўқотишга уринган меҳнат муҳожирлари бригадирнинг танасини экскватор ёрдамида қурилиш майдончасига кўмиб ташлагани аниқланган.

XS
SM
MD
LG