Линклар

Диний эркинликларни жиддий чеклаш бўйича давлат томонидан ўтказилаётган тадбирлар туфайли Ўзбекистонда виждон ва эътиқод эркинлигини ўта қўпол равишда бузиш амалиёти давом этмоқда. Бу ҳақда АҚШ Диний эркинлик масалалари бўйича халқаро комиссиясининг куни кеча эълон қилинмиш йиллик ҳисоботида айтилади.

Комиссия ҳисоботига кўра, ўзбек мулозимлари расмий диний амалиётга бўйсунмаган ёки ўзлари экстремист деб эълон қилган диндор фуқаролар эркинлигини чекламоқда. Бу каби эрки чекланган диндорлар сони камида 12 минг кишини ташкил қилади.

“2014 йил августидан кучга кирган янги қонун “Профилактик рўйхат”ни жорий қилди, унга камида бир йил давомида “профилактик чоралар” олиб бориш учун озодликка чиққан барча маҳкумлар киритилади. Мазкур қонун давлат идораларига (озодликка чиққан) одамларнинг бу рўйхатда бир йилдан ортиқроқ муддатга қолдириш ваколатини беради ва маҳаллий расмийларга рўйхатдан ўтмаган диний гуруҳлар фаолиятининг олдини олиш учун норасмий айғоқчилар билан ишлашга рухсат беради”, дейилади комиссия ҳисоботида.

Зикр этилган ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда АҚШ комиссияси Ўзбекистонни диний эркинликлар бўйича “алоҳида хавотир уйғотадиган мамлакатлар” қаторига киритган.

Мазкур ҳисобот юзасидан Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитадан изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади. Қўмита мулозими Баҳодир Каримов бунинг учун ташкилот сайтига Озодлик саволлари ёзилган махсус мактуб йўллашни тавсия қилди.

Айни пайтда Ўзбекистон ичида диний эътиқод билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатиб келаётган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов АҚШ комиссияси ҳисоботида келтирилган фактлар асосли эканини айтади.

- Масалан, шу пайтгача диний эътиқоди туфайли қама-қамалар тўхтамаяпти. Суд пайтида уларга нисбатан қийноқ ишлатилгани маълум бўлиб қолаяпти ёки уларнинг айблари исботлана олмайди суд жараёнида. Охирги пайтларда яна ўша рўмол ўрашга тақиқлар, диндорларга нисбатан кузатувлар кучайди. Хуллас, буларнинг ҳаммаси бизга аён – диндорларга нисбатан сиқувлар ҳалиям бор, - дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистонда диний эътиқоди туфайли қамалган минглаб маҳкум борлиги қайд этилмиш АҚШ комиссияси ҳисоботида биргина 2005 йилги Андижон воқеалари чоғида 231 киши қамалгани, улардан 10 нафари қамоқда жон таслим қилгани айтилади.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам кишиларнинг диний эътиқоди учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинишини ғайриинсоний жазо сифатида баҳолайди.

- Бу қама-қамаларни йўқ қилиш керак. Энди, агар диний эътиқод бўйича мотивлари давлат қонунларига тўғри келмаган тақдирда, буларни қамаш эмас, жуда борса, жарима солиш керак. Мана шу жазонинг ўзи етиб ортади. Мана, камида 12 минг (маҳбус) дейиляпти – бу жуда катта рақам. Булардан ҳар биттасининг ўз оиласи бор, болалари бор. Шуларнинг ҳаммаси ҳозир чирқиллаб қолган пайтлари... Мана, 15 йилдан бери ўтирганлар бор, 20 йилдан бери ўтирганлар бор. Энди бу ноинсоний аҳвол, - дейди Суръат Икромов.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли, бундан ташқари, Ўзбекистонда диний радикализмга қарши курашда маърифий-ташвиқий усуллардан фойдаланиш, одамларга радикал оқимларнинг зарарини тушунтириш самаралироқ бўларди, деб ҳисоблайди.

Бу каби қатор тавсиялар АҚШнинг Диний эркинлик масалалари бўйича халқаро комиссияси ҳисоботидан ҳам ўрин олган.

Комиссия ҳисоботида диний эркинликлар чекланаётган давлатлар қаторида Марказий Осиё мамлакатларидан Туркманистон ва Тожикистон ҳам саналган. Бундан ташқари, мазкур қора рўйхатдан Марказий Африка Республикаси, Миср, Ироқ, Нигерия, Покистон, Сурия, Вьетнам, Бирма, Хитой, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Саудий Арабистони ва Судан каби мамлакатлар ҳам ўрин олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG