Линклар

Андижон хотираси: “Қирғин учун жазосизликнинг 10 йили”


Ўзбекистон ҳукумати Андижондаги қонли воқеаларни уюштирганлик айби билан 100 га яқин одамни жазога тортди. Аммо қуролсиз оломонга ўт очга ҳукумат вакилларидан бирортаси ҳозирга қадар жавобгарликка тортилмади.

Ўзбекистон ҳукумати Андижондаги қонли воқеаларни уюштирганлик айби билан 100 га яқин одамни жазога тортди. Аммо қуролсиз оломонга ўт очга ҳукумат вакилларидан бирортаси ҳозирга қадар жавобгарликка тортилмади.

“Қирғин учун жазосизликнинг 10 йили”

Инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи Human Rights Watch халқаро ташкилотининг Андижон қирғинига 10 йил тўлиши арафасида эълон қилган янги ҳисоботи шундай номланди. 2005 йилнинг 13 май куни Андижон марказида камида 187 одамнинг ўлдирилганидан 10 йил ўтиб ташкилот АҚШ¸ ЕИ ва бошқа ҳукуматларни бу қирғин айбдорларини жавобгарликка тортиш уринишларини кучайтиришга чақирди.

“2005 йилнинг 13 май куни ҳукумат кучлари Андижон марказига йиғилган аксарияти қуролсиз минглаб намойишчига қарата ўт очди. Намойишчилар қашшоқлик¸ ишсизлик ва ҳукумат репрессияларига қарши гапириш ва ҳукуматдан ўз талабларини инобатга олишни сўраб майдонга чиққан эди”¸ деб бошланади Human Rights Watch ташкилоти 7 май куни эълон қилган янги ҳисобот.

Ҳисобот мувофиқлаштирувчиларидан бири Hugh Williamson Озодлик билан суҳбатда орадан 10 йил ўтиб ҳам бу қирғин жавобгарларининг жазосиз қолаëтгани Ўзбекистон ҳаëтининг аксар соҳаларига ҳамон ўз кўланкасини солиб келаëтганини айтади:

- 10 йил бурун юзлаб одам ўзбек хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган Андижон қирғини бўйича ҳалигача объектив мустақил текширув ўтказилгани йўқ¸ қирғин учун бирор давлат арбоби ëки хавфсизлик хизмати мутасаддиси ҳалигача жазога тортилгани йўқ. Андижон қирғинидан кейин Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазияти янада ëмонлашди¸ мустақил матбуот ва ноҳукумат гуруҳларининг аксари ëпилди¸ халқаро матбуот ва фуқаролик жамияти вакиллари мамлакатдан ҳайдаб чиқарилди. Қийноқлар¸ сиëсий мухолифатга тазйиқлар янада ëмонлашди¸ дейди халқаро ташкилотнинг Берлиндаги таҳлилчиси Hugh Williamson.

Ҳисобот муаллифлари таъкидича¸ Ўзбекистон ҳукумати Андижон қирғини гувоҳларига нисбатан 10 йил давомида кўрсатиб келган босим ва тазйиқлар билан бу қонли воқеаларни ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро жамоатчилик хотирасидан ўчиришга уринмоқда.

“Ўзбекистон халқи ҳамон қўрқув салтанатида яшайди. Улар Андижон ҳақида очиқ гапирсалар ўзларининг отиб¸ ўлдирилиб кетишлари ва бу ишни қиладиганлар жазосиз қолажагини аниқ биладилар”¸ дейилади ҳисоботда.

Бундай қўрқув оқибатида Андижон воқеалари гувоҳларидан бири¸ маҳаллий ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг Озодликка айтишича¸ ҳатто қирғин ўз ҳаëти ва оиласига бевосита дахл қилган андижонликлар ҳам 10 йил бурунги воқеаларни қарийб унутаëзган:

- 13 майги воқеалар ҳамманинг эсидан чиқиб бўлувди ҳам ўзи. Шу “Сотқин” деган кино қилиб¸ ўзлари янада халққа озгина эслатиб қўйишди. Андижонликларнинг 10 йиллик олдидаги кайфияти ўта бефарқ. Бу воқеаларга 10 йил бўп қопти¸ деган гап йўқ. На ваҳима¸ на армон¸ на ўкинч йўқ одамлар кайфиятида. Ҳамма ўз тирикчилиги билан овора¸ дейди Андижондаги қонли воқеалар ҳақида халқаро матбуотга биринчилардан бўлиб хабар берган маҳаллий ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Расмий Тошкент 2005 йилнинг 13 май куни Андижондаги Бобур майдонига Ўзбекистондаги дунëвий тузумни ағдаришни мақсад қилган диний экстремистлар чиққанини таъкидлаб келади ва бу воқеа ташкилотчиларини “террорчилар” деб атайди. Ҳукумат расман тан олган 187 қурбоннинг аксари ҳам¸ Тошкент таъкидича¸ диний экстремистлар ëки улар томонидан алданганлардир.

Андижон воқеаларини ташкиллаштирганликда айбланган “Акрамийлар” деб ном олган диний гуруҳ вакиллари қирғин ортидан Қирғизистон¸ сўнгра эса Ғарб давлатларидан бошпана топди. Улар халқаро матбуот ва ҳуқуқ ҳимоячиларига берган дастлабки кўрсатмаларида 13 май куни ҳукумат қуролсиз халқни отгани ҳақида ҳикоя қилиб берган эди.

Аммо орадан 10 йил ўтиб¸ бу қочқинлар¸ хусусан¸ турли гуруҳларга бўлиниб кетган “Акрамийлар” деб ном олганлар етакчилари ҳам 13 май кунги воқеалар¸ қолаверса уларга элтган жараëнлар ҳақида умуман гапирмай қўйишди¸ ëки Ўзбекистонга қайтиб¸ ўз дастлабки кўрсатмаларидан тонишди.

Ўзбекистонда қолган уч нафар боласи қошига қайтишга қарор қилган Андижон воқеалари қатнашчиларидан бири ватанга жўнаш арафасида Озодликка нима учун дастлабки кўрсатмасидан қайтишга қарор қилганини очиқлаган эди:

- Ватанга қайтаяпман. Аввалги айтганларимдан тонаман-да энди! Нима қилай¸ аëл дегани¸ она дегани шунақа бўлар экан. Фарзанди учун¸ уни кўриш¸ ëнида бўлиш учун ҳамма нарсага тайëр бўлар экан. Албатта¸ кўзимнинг олдида ўлдирилганлар руҳи ëлғон гапирсам мени қийнайди¸ безовта қилади. Лекин кун келиб буларни айтиш вақти ҳам келади. Оллоҳ ҳаммасини чиройли қилиб очиб қўяди. Бу одам (Ислом Каримовни назарда тутмоқда – таҳр.) халқ олдида¸ дунë олдида ўзини оқлаб олса ҳам¸ Оллоҳ кўриб¸ билиб турибдику. Бир кун ҳаммаси очилади¸ деган эди 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда содир бўлган қирғиннинг бевосита гувоҳларидан бири.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов¸ 10 йил аввалги қирғинни унутиш истагининг ҳам ҳукумат¸ ҳам унинг ташкилотчи ва иштирокчилари ичида бирдек кучли экани ортида айбдорлик ҳисси ëтганини айтади:

- Мендан хафа бўлишмасину¸ “акрамийлар”нинг ўзида ҳам айб бор. Улар ҳам писмайиб олиб шу тўполонларга тайëргарлик кўриб борган. Бу ëғдан давлат тайëргарлигини кўрган¸ бошқа томондан “акрамийлар” ўз ҳозирлигини қилган. Бугун улар нимага оғзига толқон солгандек миқ этишмайди? Айби борда буларнинг ҳам¸ шунинг учун. Давлат ҳам бу ҳақда гапиришни хоҳламайди¸ чунки айби бор. Шунингг учун ҳамма айбни ўзидан қидириб¸ ўзи қилган хатолар учун кечирим сўрасин¸ виждонини покласин. Шахсан мен Андижонда шунақа воқеалар бўлиши мумкинлиги¸ ҳукумат кўчага чиққан халқни отиши мумкинлигини билмаганим¸ бу қон тўкилишлар олдини ола олмаганим учун ўзимни айбдор ҳис қиламан ва бунинг учун қурбонлар руҳидан кечирим сўрайман¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Human Rights Watch ташкилоти таҳлилчи Hugh Williamson 2005 йилнинг 13 май куни нималар бўлгани¸ айнан қайси воқеалар бу қирғинга олиб келганига оид қарама-қарши қарашлар борлиги ва бу вазиятга ойдинлик киритиш¸ жамоатчиликдаги ҳақли саволларга жавоб бериш “Акрамийлар” деб аталаëтган диндорлар гуруҳи зиммасида эканини эътироф этади. Аммо дейди мустақил таҳлилчи:

- Ҳатто Бобур майдонига чиққан айрим одамларда қурол бўлган тақдирда ҳам¸ уларнинг қандайдир режалари бўлган тақдирда ҳам¸ қўлимизда ҳукумат кучларининг ўзига қарши жавоб ўти очмаган оломонга қарата соатлаб ўқ отганини кўрсатувчи аниқ-тиниқ далиллар бор. 10 йил бурун Андижон майдонида қуролли тўқнашув эмас¸ ҚИРҒИН бўлди ва бу қирғинни ўзбек хавфсизлик кучлари амалга оширди. Албатта¸ бу қирғингача бўлган воқеаларга унинг иштирокчилари ойдинлик киритса¸ ҳалол гувоҳлик кўрсатмалари берса¸ жуда яхши бўлади. Аммо бу иқрорлар қирғинни буюрган ва уни ижро қилганларни оқлаш ва жавобгарликдан озод қилишга хизмат қилмаслиги керак¸ дейди 7 май куни эълон қилинган “Қирғин учун жазосизликнинг 10 йили” сарлавҳали янги ҳисобот мувофиқлаштирувчиларидан бири Hugh Williamson.

Андижон воқеаларининг бевосита гувоҳлари ўзи ва яқинлари ҳаëтини таҳдид остида қўймаслик мақсадида сукунатга кирган бир вазиятда¸ Human Rights Watch ташкилоти халқаро тизимлар ва Ғарб ҳукуматларини Андижон қирғинини унутмасликка¸ бу қирғин юзасидан мустақил текширув ўтказиш талабини қайта жонлантиришга даъват қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG