Линклар

АҚШ Сенати 7 май куни Конгрессга Эрон билан имзоланиши кутилаётган халқаро битимни қайта кўриб чиқиш ва уни рад этиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Сенаторлар 89-1 овоз билан маъқуллаган қонун лойиҳаси энди келаси ҳафта Вакиллар Палатаси томонидан муҳокама қилинади.

Оқ уй мазкур қонун лойиҳаси АҚШ Конгресснинг қуйи палатасидан ҳам ўтадиган бўлса, президент Барак Обама уни имзолашини билдирди.

Қонун лойиҳасига кўра, Теҳрон билан ядровий масалага доир якуний битимга эришиладиган тақдирда, АҚШнинг Эронга нисбатан санкцияларини бекор қилиш қарори 30 кунга кечиктирилиши мумкин бўлади. Бу вақт ичида Конгресс битимни маъқуллаш ёки уни рад этиш масаласини кўриб чиқади.

Теҳрон "Эрон Ядровий битимни қайта кўриб чиқиш акти", деб номланган қонун лойиҳасини танқид қилиб, эронлик музокарачилар ядровий масала бўйича алоҳида бир мамлакат парламенти эмас, олти қудратли давлат билан музокара қилаётганини эслатди.

XS
SM
MD
LG