Линклар

Ўзини Эмомали Раҳмоннинг ўғли сифатида тақдим этган ўсмир қўлга олинди


Хушдил Қурбонов президентнинг ўғлига ўхшашлигидан фойдаланиб пул ишлаган.

Хушдил Қурбонов президентнинг ўғлига ўхшашлигидан фойдаланиб пул ишлаган.

Ўзини президентнинг ўғли қилиб кўрсатган тожикистонлик мактаб ўқувчиси ҳукмрон оила аъзосига шунчалик ўхшаганки, ўсмирга ишонганлар президент илтифотига сазовор бўлиш учун унга катта миқдорда пора берган.

Хабарларга кўра, ўзини президентнинг ўғли қилиб кўрсатган тожикистонлик мактаб ўқувчиси ҳукмрон оила аъзосига шунчалик ўхшаганки, ўсмирга ишонганлар президент илтифотига сазовор бўлиш учун унга катта миқдорда пора берган.

Ўзини Президент Эмомали Раҳмоннинг 16 ёшли ўғли Сомон қилиб кўрсатган Хушдил Қурбонов Душанбедаги Халқаро мактабнинг 10-синфида ўқиган. У 2014 йилдан бери бир неча одамни лақиллатганликда айбланмоқда.

5 май куни тожик расмийлари алданганлар орасида ҳукумат расмийлари борлигини, уларнинг айримлари ўнг минглаб доллар пора берганини эълон қилди.

Қурбонов 50 минг доллар қийматидаги биринчи порасини ер олиш илинжидаги душанбеликдан олган. Бу ҳақда Тожикистоннинг антикоррупция агентлиги тожик миллий телевидениеси орқали хабар берди.

Расмийларга кўра, Қурбонов душанбеликни ўз оиласининг нуфузи ва алоқаларидан фойдаланиб, шаҳарнинг Рудакий туманида ер олиб беришига ишонтирган.

Порани олганидан кейин ёш Қурбонов душанбеликка ерни қўлга киритиш учун пойтахтда ер бўлиштириш билан шуғулланувчи расмий Сабзали Мажидов билан алоқага чиқиш кераклигини айтган.

Полиция маълумотларига кўра, Қурбонов кейин Мажидовга қўнғироқ қилган ва ўзини Сомон Эмомали деб таништириб, расмийдан душанбеликка ер беришни сўраган.

Расмийлар Мажидов бу илтимосни бажармаганини, лекин Қурбонов товламачилик қилишда давом этганини айтмоқдалар.

Муваффақиятидан илҳомланган Қурбонов яна бир неча кишини ўз тузоғига илинтирган. Антикоррупция агентлиги бундан бошқа маълумот бермади.

Расмийлар ёш Қурбонов мустақил фаолият юритмаганини айтмоқда. Ўсмирнинг қариндоши Жўрахон Холов ўлжа бўладиган одамларни танлашда, уларни президент оиласи билан алоқа ўрнатганини айтиб лақиллатишда айбланмоқда.

Қурбоновни Раҳмоновнинг антикоррупция агентлигига раҳбарлик қилувчи тўнғич ўғли Рустами Эмомали қўлга олди.

Расмий лавозимларда ишлайдиган акаларидан фарқли ўлароқ, Сомон оммага камдан-кам кўриниш беради.

Аммо 2012 йилда Сомон Руминияда бўлиб ўтган информатика бўйича беллашувда олтин медални қўлга киритгани айтилганидан кейин тожик матбуоти у ҳақда кенг миқёсда ёзган эди.

Фарангиз Нажибулло қаламига мансуб ушбу мақолани Нодир Атаев таржима қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG