Линклар

Тошкент яна бир кучли шамол ва ëмғирга ҳозирланмоқда


7 май куни ëққан кучли ëмғирдан кейин пойтахт Тошкентда ҳосил бўлган манзара.

7 май куни ëққан кучли ëмғирдан кейин пойтахт Тошкентда ҳосил бўлган манзара.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи пойтахтдаги бошқарма раҳбарлари ва туман ҳокимликларига юборган факсограмма ижтимоий тармоқларда тарқаши ортидан Тошкент аҳолиси ўртасида фавқулодда ëмғир ва сел келиши ҳақидаги хавотирлар кучайди. Бу расмий ҳужжатга муносабат билдирган пойтахт масъуллари шаҳарнинг кучли ëмғир ва ҳатто селга тайëр эканини айтмоқда.

Ички фойдаланишга мўлжалланган кўрсатма ташқарига чиқди

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи подполковник Раҳмонқуловнинг 6 май кунги 23-сонли факсограммаси “Ўзгидромет” марказидан олинган маълумотга кўра¸ жорий йилнинг 8-9 май кунлари республика ҳудудида об-ҳаво ҳарорати кескин ўзгариб¸ кучли ëмғир ëғиб¸ чақмоқ чақиши¸ тоғли ҳудудларда кучли сел қуйиши кутилмоқда¸ шамолнинг тезлиги 15-20 м/сга етиши қайд қилинган” деб бошланади.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарининг 6 май кунги факсограммаси.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарининг 6 май кунги факсограммаси.

Шу муносабат билан “Бош бошқарма ва бошқарма раҳбарлари¸ туман ҳокимликларига” вазифа юклаган подполковник Раҳмонқулов¸ тегишли мутасаддилардан “пойтахт ҳудудида сув тошқини хавфини олдини олиш¸ аҳоли хавфсизлигини таъминлаш¸ муҳандислик тармоқларида содир бўлган авария ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш мақсадида” қилинадиган ишларни ташкиллаштиришни сўрайди.

“1. Туман ҳокимликларида¸ шаҳар ва туман коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида¸ барча халқ таълими¸ соғлиқни сақлаш¸ олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларида¸ ўта муҳим ва тоифаланган объектларда жорий йилнинг 8-9 май кунлари раҳбар ходимлар таркибидан иборат куну-тун навбатчиликлар ташкил этилсин;

Вазият бўйича ҳар 2 соатда Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар бериб борилиши йўлга қўйилсин.

2. Коммунал хизмат корхоналарининг авария-тиклаш хизматлари¸ сув тошқини юзага келган вақтда ҳаракатланувчи шаҳар ва туман йиғма механизация отрядларининг куч воситалари шай ҳолга келтирилсин.

3. Каналлар¸ коллекторлар¸ маҳаллалардаги ерли хонадонлар¸ кўп қаватли уйлар атрофларидаги ирригация ариқлари ҳамда трубомостлар шоҳ бекат ва чорраҳаларни ëмғир сувларини тўсиб қолувчи чиқиндилардан тозалаш ва сув ўтказиш қобилиятини яхшилаш ишлари ташкил этилсин.

4. Сув тошқини билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда зудлик билан Фавқулодда вазиятлар ва қутқарув хизматининг телефонлари орқали зудлик билан маълумот берилиши таъминлансин”¸ дейилади Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи подполковник Раҳмонқулов имзо қўйган факсограммада.

Ваҳима йўқ¸ хавотир бор

Бу факсограмма пойтахтдаги ташкилотлар ва туман ҳокимларига мўлжалланган расмий ҳужжат бўлса-да¸ унинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқагани тошкентликлар ичида 8-9 май кунлари кучли шамол бўлиб¸ қанақадир ваҳимали вазият бўлар экан¸ деган хавотир уйғотмай қолмади.

“Битта канални очсанг¸ Тошкентда ëғингарчилик бўлмайди¸ дейди¸ бошқаси айни шу куни кучли ëмғир келишини прогноз қилади¸ кимга ишонишни билмай ўтирган одамлар орасида Интернетда шунақа ҳужжат бор экан¸ деган гап ҳам тарқади”¸ дейди пойтахтнинг Учтепа туманидаги маҳаллалардан бири фаоли Абдуманнон Холжўраев:

- Масалан¸ биз маҳаллада¸ сув келиш йўналишидаги жойда турамиз. Бизга ҳокимликдан сел ҳақида ҳеч қандай огоҳлантирув келмади. Лекин халқ ичида¸ қўни-қўшнилар ичида “Тошкентга катта сел келармиш¸ шаҳар ҳокимлиги тайëргарлик кўраяпти эмиш” деган гап юрипти. Кимдир Интернетда кўрипти шунақа қоғозни¸ дейди тошкентлик маҳалла фаоли.

8 май куни Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмийси ижтимоий тармоқлар¸ хусусан WhatsApp орқали тарқалган бу факсограммани 8-9 май кунлари Тошкентда фавқулодда вазият юзага келади¸ деб талқин қилиш нотўғри эканини таъкидлади:

- Бу факсограмма аҳолига тарқатиш учун ëзилмаган¸ фақат уни кимдир олиб¸ Интернетга қўйиб юборибди. Аслида “Ўзгидромет”ëмғир¸ сел ëки кучли шамол ҳақида прогноз бериши билан биз ҳамма вақт ҳамма тегишли ташкилотларга шунақа эҳтиëт чораларини кўриш ҳақида кўрсатма берамиз.

Масалан¸ баъзи жойларда кўрган бўлсангиз керак¸ ариқлар кимларнингдир эътиборсизлиги оқибатида яхши тозаланмайди. Қаттиқ ëмғир ëғса¸ кўчага сув тошади кейин. Шунақа нарсалар бўлмаслиги учун биз олдиндан ташкилотларга кўрсатма берамиз. Худди шундай ободонлаштириш доирасида дарахтларнинг ўз вақтида кесиб қўйилишини сўраймиз¸ шамолда одамларнинг устига йиқилмаслиги учун. Ëки линиялар эскиргани учун шамолда симлар узилади¸ шунга эҳтиëт шарт сифатида шу кунлари битта эмас¸ иккита аварийний бригада қилиб қўяди. Бунинг ҳаммаси одамларга ўз вақтида ëрдам бериш учун бўлаяпти¸ деди Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи подполковник Раҳмонқуловнинг 6 май кунги 23-сонли факсограммасининг“ барча халқ таълими¸ соғлиқни сақлаш¸ олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларида¸ ўта муҳим ва тоифаланган объектларда жорий йилнинг 8-9 май кунлари раҳбар ходимлар таркибидан иборат куну-тун навбатчиликлар ташкил этилсин” деб ëзилган бандини изоҳлаган суҳбатдош:

- Мактабда ҳам дарахт бор¸ дераза ойналарини синдириши мумкин. Уйлардаям шундай. Дераза очиқ қолса¸ шамолда синиб кетади. Ана шунақа ҳолатлар олдини олиш учун берилган бу топшириқ¸ деди жумладан.

Тошкент шаҳар коммунал хизмат кўрсатиш муассасаларидан бирининг 8 май куни Озодлик суҳбатлашган ходими¸ подполковник Раҳмонқулов факсограммасига мувофиқ¸ 8-9 май кунлари фавқулодда ҳолатлар олдини олиш мақсадида махсус гуруҳлар ташкил этилганини билдирди:

- Фавқулодда ҳолатлар бўлмайди¸ ҳамма нарса шай қилиб қўйилган. Куну-тун алмашиб ишлаëтган навбатчилик ташкил қилинган. Раҳбар ходимлар ҳам шу ерда¸ деди коммунал хизмат муассасаларидан бири ходими.

26 апрель куни пойтахт Тошкент¸ қолаверса унга яқин вилоятларда юз берган кучли шамол жиддий талафотларга сабаб бўлган эди. Ўнлаб уйлар томини учириб¸ кўплаб дарахтлар қулашига сабаб бўлган табиий офат оқибатида¸ ўнлаб одам жароҳат олган¸ машиналарга шикаст етган эди.

Айни шу кунги қаттиқ шамол оқибатида Яшнобод туманидаги энг йирик масжидлардан бири Жўрабек масжидига ҳам ўт кетган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG