Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:18

Афғонистонда оддий фуқаролар жангариларга қарши бош кўтармоқда


Афғонистонда жангариларга қарши курашиш учун қўлига қурол олган оддий аҳоли вакиллари.
Афғонистонда жангариларга қарши курашиш учун қўлига қурол олган оддий аҳоли вакиллари.

Ҳукумат ёрдамини кутиб чарчаган Афғонистон шимолидаги аҳоли ўз қишлоқларини даҳшатга солаётган жангариларга қарши курашиш учун қўлига қурол олмоқда.

Раҳимулло Сарипул вилоятида толибларга ва вилоятда катта ҳудудларни эгаллаган бошқа жангари гуруҳларга қарши курашаётганларнинг биридир.

“Биз тўқнашувлар бўлаётган ерга яқин қишлоқда жойлашганмиз. Ҳозир бизда етарлича қурол-аслаҳа йўқ, лекин жанг қилишда давом этяпмиз. Жангарилар бизни жазолаяпти. Одамларнинг бошини танасидан жудо қилишди. Айбсиз одамларга тажовуз қилишди”, деди Раҳимулло.

Суҳбатдошимиз жангарилар қуролланмаган қариндошини ўлдирганидан кейин уларга қарши курашаётганлар сафига қўшилди.

“Биз толибларга қарши бош кўтариб, қўлимизга қурол олдик. Бир томчи қонимиз қолгунича курашамиз”, деди Раҳимулло.

Коҳистанат туманилик Абдулла оиласининг барча эркак аъзоси қўлига қурол олганини айтди.

“Одамлар бош кўтаришга ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қарор қилдилар. Ҳукумат бизга қурол юборишни ваъда қилган бўлса-да, ҳеч қандай ёрдам олганимиз йўқ”, деди Абдулла.

Афғон аскарлари ҳамда полицияси билан ёнма-ён курашаётган маҳаллий халқ толибларга қарши бир ҳафтадан бери давом этаётган амалиётларда иштирок этмоқда. Маҳаллий расмийларга кўра, улар биргаликда қирққа яқин қишлоқни жангарилардан озод қилдилар.

Жангарилар Сарипул вилоятидаги туманларнинг ярмида толиблар ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби гуруҳлар сафларида жанг қилмоқда. Улар орасида “Исломоий Давлат” гуруҳига хайрихоҳлар ҳам бор.

“Аксилҳукумат тўдалар кучайиб бормоқда, улар билан курашиш учун ҳарбийлар сони етарли эмас. Шунинг учун хавфсизликни озроқ бўлса-да қайта тиклаш йўлларидан бири оддий фуқароларнинг қўлга қурол олишидир”, деди сарипуллик қўмондон Асадулла Хуррам.

Хуррам қурол олиш чақириқларига вилоят бўйича одамлар жавоб бераётганини айтди. Аммо у жанг қилаётган фуқаролар сони кўпаяр экан, қурол-аслаҳага бўлган эҳтиёҳ ошишини қўшимча қилди.

“Ҳамма ҳисса қўшишга тайёр. Аммо бизни оқсоқлантираётган нарса ҳукумат бизни ўз вақтида қурол билан таъминламаяпти”, деди Хуррам.

Вилоят пойтахти бўлмиш Сарипул яқинида 5 май куни содир бўлган тўқнашувларда уч фуқаро жангчи ҳалок бўлди, яна бир нечтаси яраланади.

Кўп миллат вакиллари яшовчи Сарипул вилоятида бир неча ўн йилдан бери тўқнашувлар бўлади. Жангарилар ва қуролланган тўдалар одатда тунда фаоллашади ва афғон хавфсизлик кучларига ҳужум қилади. Вилоятда яна одам ўғирлаш ва гиёҳванд модда сотувчи тўдалар кенг тарқалган.

Ҳудудда бир неча йилдан бери фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Ислом ҳаракати яқинда Афғонистон шимолида ўз амалиётларини кенгайтирди. Жангари гуруҳ мамлакат жанубида ўғирлаб кетилган собиқ афғон аскари бошини танасидан жудо қилгани матбуотда кенг ёритилди. Маҳаллий расмийлар ўғирликларни “Исломий Давлат” амалга оширганини айтди.

Сарипулда жангарилар апрель ойида етти одамни ўғирлаб кетди, кейинроқ уларни пул эвазига озод қилди. Ўтган йилнинг октябрь ойида бўлса жангарилар йигирмадан ошиқ афғон ҳарбийсини ўлдирди.

Кейинги ойларда толиблар Афғонистон шимолида кўплаб ҳужумларни уюштирмоқда. Бунгача мамлакат шимоли жанубий ва шарқий ҳудулардан фарқли ўлароқ тинчроқ эди. Тўқнашувлар давом этаётган Қундуз вилоятида экстремистлар бир неча туманни босиб олди. Мамлакат шимолида жойлашган Бадахшон вилоятида бўлса охирги бир неча ҳафта ичида жангарилар бир қанча афғон ҳарбийни ва полициячини ўлдирди. Айрим ходимларнинг боши танасидан жудо қилинди.

Покистонда бир неча ойдан бери давом этаётган ҳарбий ҳужумлар сабаб юзлаб четдан келган жангари Афғонистонга қочиб ўгани айтилмоқда. Афғонистонда бўлса кейинги йилларда НАТО кучлари сони кескин қисқартирилди.

Фруд Бежан ва Алем Раҳманёр қаламига мансуб ушбу мақолани Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG