Линклар

logo-print

Македониянинг Куманово шаҳридаги ҳужумда 5 полициячи ҳалок бўлди


Кумановодаги македониялик полициячилар, 2015 йилнинг 9 майи.

Кумановодаги македониялик полициячилар, 2015 йилнинг 9 майи.

Македониянинг Куманово шаҳрида содир бўлган ҳужум оқибатида беш полициячи ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ киши яраланди. Бу ҳақда маълум қилган Македония ички ишлар вазири Гордана Янкуловска ҳужумчиларни “яхши қуролланган террорчилар гуруҳи” деб атади.

Янкуловска Кумановода ҳужумчилар орасида ҳам ҳалок бўлганлар борлиги, бироқ улар сони ҳақида аниқ маълумот йўқлигини билдирди. Ички ишлар вазирига кўра, 9 майдаги жанг пайтида 18 ҳужумчи Македония хавфсизлик кучларига таслим бўлган.

Кумановодаги “террорчилар гуруҳи” мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликка хавф солаётганини таъкидлаган Янкуловска у ерда жанг 10 май куни эрталаб ҳам давом этганини қайд қилди.

Македония ички ишлар вазири жанг ҳаракатлари “жангарилар батамом йўқ қилинмагунича” давом этишини урғулади.

Аввалроқ полиция қуролли гуруҳ Македонияга қўшни давлат ҳудудидан ўтганини иддао қилган, бироқ улар айнан қайси давлатдан келганига аниқлик киритмаганди. Айрим маҳаллий нашрлар қуролланган гуруҳ этник албанлар яшайдиган Косоводан келганига оид тахминларни илгари сурган.

Македониянинг Куманово шаҳрида яшовчи аҳоли орасида этник албанлар кўпчиликни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG