Линклар

logo-print

Қирғизистон Каримов “мустақилликка хавф” деб билган иттифоққа қўшилди


Президентлар Путин, Лукашенко ва Назарбаев

Президентлар Путин, Лукашенко ва Назарбаев

Москвада бўлиб ўтган Евросиё Иқтисодий Иттифоқи раҳбарлари йиғинида Қирғизистон расман бу иттифоққа қўшилди.

Бу ҳақда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви ортидан бўлиб ўтган Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг Олий Кенгаши йиғинида эълон қилинди.

Ҳозирга қадар мавжуд барча қийинчиликлар ечими топилди ва биз Қирғизистон аъзолигини қабул қилдик,” – деди Евросиё муассисларидан бири, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

Ўз навбатида, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев: “Евросиё Иқтисодий Иттифоқи унга аъзо мамлакатлар халқларининг манфаатига хизмат қилади,” дея ишонч билдирди.

2014 йил 23 декабрида Евросиёга қўшилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаган Қирғизистон ўтган беш ой ичида ўз божхона постларини иттифоқ меъёрларига кўра жиҳозлаб чиқди.

Россия Қирғизистонга тўртта божхона постини жиҳозлаши учун 200 миллион доллар ёрдам ажратди.

Қирғизистоннинг Евросиёга қабул қилиниши энди иттифоққа аъзо мамлакатлар парламентлари томонидан тасдиқланиши лозим.

Қирғиз меҳнат муҳожирининг бахти чопди

Евросиё Иқтисодий Иттифоқи унга аъзо мамлакатлар ўртасида маҳсулот, хизматлар, сармоя ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини кафолатлайди.

Қирғизистон собиқ вазири, иқтисод фанлари доктори Жумақадир Акенеев Озодлик билан суҳбатда мамлакати Евросиёга қўшилишдан катта фойда кўришини айтди.

Унга кўра, қирғизистонлик меҳнат муҳожирининг “омади чопди”:

"Биринчидан, биздан 800 минг меҳнат муҳожири Россия ва Қозоғистонда, яъни Евросиё Иқтисодий Иттифоқида ишлайди. Иттифоққа аъзолик уларга бу мамлакатлар фуқаролари сингари имтиёзларни беради. Бундан буён патент сотиб олиш зарурати қолмайди, яшаш жойларида рўйхатдан ўтишлари керак бўлмайди. Бизнинг университетларда олинган дипломлар иттифоқ ҳудудида ҳуқуқий кучга эга бўлади. Муҳожирларимиз ўз мутахассислиги бўйича, масалан, шифокор ёки ўқитувчи бўлиб Россия, Қозоғистон ёки Беларусда бемалол ишлай олишади. Шу маънода қирғизистонлик муҳожирнинг омади чопди", - деди профессор Акенаев.

Кремль умиди

2014 йил май ойида Россия, Беларус ва Қозоғистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқини таъсис этиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаган эди.

Ушбу ҳужжат жорий йилнинг 1 январидан кучга кирди.

Орадан бир кун ўтиб Арманистон иттифоққа қўшилди.

Қирғизистон билан иттифоққа аъзо давлатлар сони бештага етди.

Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасидаги товар алмашинуви ҳозирга қадар тахминан 20 миллиард долларга етган.

Кремл раҳбарияти Евросиё Иқтисодий Иттифоқини тузиш орқали ягона бозор яратиш ва шу орқали аъзо давлатларнинг иқтисодий сиёсатларини бирлаштиришга умид қилмоқда.

"Савдо уруши"

Кузатувчиларга кўра, Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг самарали натижаларга эришиши ҳозирданоқ савол остига олинмоқда.

Май ойи бошида Қозоғистон Россиянинг чегарадош ҳудудларидан парранда гўшти импорт қилишни тўхтатди.

Қозоғистон қишлоқ хўжалик вазирлиги ушбу қадамни Россияда вирусли қуш гриппининг кенг тарқалгани билан изоҳлади.

Апрель ойи охиригача Қозоғистон Россиядан сариёғ, шоколад, қанд-қурс ва майонез сотиб олишни тўхтатганди.

Аввалроқ Россия Қозоғистондан сут маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлаган эди.

Ҳар икки мамлакат матбуоти бундай ҳолатни “Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдо уруши”, деб баҳолади.

Кремль ва Остона расмийлари эса икки давлат ўртасида савдо уруши бўлмаётганини, фақат тиббий сабабларга кўра маҳсулотлар импорти тўхтатилганини маълум қилаётир.

“Мустақилликка хавф”

Ўзбекистон, Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб, бу иттифоққа қўшилишни рад этган.

Президент Ислом Каримов янги иқтисодий иттифоқни танқид қилган дастлабки давлат раҳбари бўлганди.

Ўтган йил июнь ойида Тошкентда Озиқ-овқат хавфсизлигига доир халқаро анжуманнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Каримов Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида янги иқтисодий иттифоқ “сиёсий мустақилликка хавф туғдириши” ҳақида огоҳлантирганди.

Улар: "Фақат ягона бозор яратамиз, суверенитетимиз ва мустақиллигимизга бу халал бермайди", деб айтишаяпти. Айтинглар-чи, иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлиши мумкинми?” - дея иқтибос келтиради Франс-пресс агентлиги Ислом Каримов сўзларидан.

Путиннинг Овросиё Иттифоқи ғоясига аввал-бошдан қарши чиққан президент Ислом Каримов 2011 йилда Совет Иттифоқининг қулашини "табиий ва қонуний жараён", деб атаганди.

У интеграция ғоялари тобора сиёсий тус олаётганини урғулаб, уларга эҳтиёткорлик билан ёндошишга чақирганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG