Линклар

logo-print

Кучли шамол гаражи бузилган пойтахт аҳлига зарар етказди


Ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлган суратлардан бирида 8 майдан 9 майга ўтар кечаси шамолда қулаган дарахт босиб қолган маҳаллий автомобиль акс этган

Ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлган суратлардан бирида 8 майдан 9 майга ўтар кечаси шамолда қулаган дарахт босиб қолган маҳаллий автомобиль акс этган

Тошкентда 8 майдан 9 майга ўтар кечаси қарийб 3 соат давом этган кучли шамол ва унинг ортидан ёққан жала пойтахт аҳлининг автомобилига катта зарар етказди. Айрим ҳайдовчилар зарарни камида 100-200, кўпи билан 400-500 АҚШ долларига тенг, деб ҳисобламоқда. Тошкент ҳамда бошқа вилоятларнинг айрим ҳудудларида эсган шамол яна намунавий уйлар томини учириб кетди.

Тошкентнинг шаҳрининг аксар ҳудудида шанба - 9 май куни тонгидан кўчага чиққан пойтахтликлар синган дарахтлару уларнинг шох-шаббалари, айрим мавзеларда эса дарахт босиб пачақланган автомобилларига дуч келдилар.

8 май куни оқшомги соат 10 ларда эса бошлаган кучли шамол 9 май тунги соат 1 ларда кучли жалага уланди ва қисқа муддат қуйган жала, айниқса, пойтахт Тошкентнинг анчагина қисмида дарахтлар, симёғочларни қулатди.

Ўша оқшом тунги соат 12 га яқин ўз автомобилида Тошкент вилоятидан пойтахтнинг Ганга мавзеига борган пойтахтлик Абдужаббор роса шамол авжига чиққан пайтдаги аҳволни "даҳшат бўлди", деб таърифлади:

"Шамол даҳшат бўлди. Кейин роса жала қуйди, 8 дан 9 га ўтар кечаси. Кечки пайт 6 дан кейин ҳаво айниб, ёмғир томчилашни бошлаганди ўзи. 8 лардан кейин шамол бошланди. Соат 10 ларга бори, анави "Халқлар дўстлиги"даги реклама баннери ағанаб тушган, светофорлар ўчиб қолган, мен Нексиямда эдим, аварийкани ёқиб юрганман", деди Абдужаббор.

"Халқлар дўстлиги" майдонида қулаган реклама баннери сурати Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳида берилди

"Халқлар дўстлиги" майдонида қулаган реклама баннери сурати Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳида берилди

Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳи саҳифасига жойланган бу суратлар остида берилган шарҳларда 8 майдан 9 майга ўтар кечаси шамол авжига чиққан кезда шаҳарнинг айрим ҳудудларида транспорт қатнови қисқа муддатга фалажланган:

"9 май куни ҳам йўллар ёпилади, дейишганди. Яхши, ёпилмади. Энди шамол, жала бўлган пайтда ваҳима бўлиб кетди. 9 куни эрталаб турсак, ҳамма ёқ тинчиб қолган, лекин ҳамма ёқда дарахт шох-шабба. Кейин Амир Темур хиёбони яқинида бир одамни дарахт босиб қолди, дейишди. Мен ўша ердан ўтаётгандим, кўрдим. Лекин, кейин нима бўлганини билмайман", деди Абдужаббор.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи подполковник Раҳмонқуловнинг 6 май куни пойтахтдаги давлат идораларига тарқатилган 23-сонли факсограммасида “Ўзгидромет” маркази 8-9 май кунлари республика ҳудудида об-ҳаво ҳарорати кескин ўзгариб, кучли ëмғир ëғиши ва қаттиқ шамол бўлиши - шамолнинг тезлиги 15-20 м/сга етишидан огоҳлантирилган ва бунга тегишли тартибда тайёргарлик кўришга кўрсатма берилган эди.

Тошкентда истиқомат қиладиган мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов 8 майдан 10 майга қадар кучли шамол ва жаладан кейин вазиятни кузатди:

- Ўтган ойда бўлгани каби кучли шамол бўлмади бу гал. Лекин, шамол бўлди ва орқасидан кучли жала қуйди. Асосан, аҳолининг автомобилларига зарар етди. Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан гаражлар бузиб ташлангандан бери машиналамиз дарахтларнинг остида туради. Шунинг учун дарахтлар қулаган ҳудудларда автомобилларга зарар етди. Менинг автомобилмга 150-200 минг сўмлик зарар етди, қирилган-да. Лекин қўшниларимиз бор, 400-500 долларлик зарар кўпди. Бу энид ўртача оилага жиддийгина зарар-да, - дейди журналист.

Бузилган гаражлар ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимияти таклиф қилган автостоянканинг шу йилнинг 24 апрелида ҳам кузатилган кучли шамолдан кейинги аҳволи.

Бузилган гаражлар ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимияти таклиф қилган автостоянканинг шу йилнинг 24 апрелида ҳам кузатилган кучли шамолдан кейинги аҳволи.

Кучли жала оқибатида эса шаҳарнинг айрим ҳудудларида катта миқдорда йиғилган сув 9 май куни тушга қадар олиб ташланди.

Абдураҳмон Ташанов Қўйлиқ массивидаги ана шундай ҳудудни бориб, кўздан кечирганини айтади:

- Қўйлиқ бозори яқинидаги ер ости ўтиш йўлаги сув билан тўлиб, одамлар ўтолмай қолди. Қисқа муддат транспорт қатнови ҳам тўхтаб қолди, - дейди журналист.

Журналист вилоятлардаги вазиятни ҳам ўрганишга уринди ва ундаги маълумотларга кўра, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яқинда битказилган намунавий уйларнинг томини шамол учирган:

- Менга шу ҳақда телефон қўнғироқлари келди. Намунавий уйларнинг томларидаги шиферларни шамол учириб кетган. Бундан ташқари, Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ҳам шунақа ҳолатлар бўлгани ҳақида менга маълумотлар келди. Лекин, огоҳлантирган бўлса-да, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шамол ва жаладан кейинги аҳвол ҳақида бирор якуний маълумот бермади. Шунинг учун халқнинг оғзида ваҳималар бор, одатдагидек,- дейди журналист Абдураҳмон Ташанов.

Шу йилнинг апрель ойида ҳам Тошкентда ва республиканинг баъзи вилоятларида кучли шамол ва жала кузатилган, унда ҳам аҳоли уйлари ва автомобилларига жиддий шикаст етган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG