Линклар

logo-print

Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонасини мамлакатда 30 мингдан зиёд кишига ноқонуний равишда паспорт берилгани ташвишга солган. Бу хавотирни ЕИ вакиллари Қирғизистон Давлат қайд хизмати раисаси Алина Шаикова билан учрашув пайтида изҳор этдилар.

Учрашув иштирокчиларидан бири, Франциянинг Қирғизистондаги элчиси Стефан Катт: “Халқаро вазият мураккаблашгани ҳамда террористик ва эстремистик таҳдид эҳтимоли ортгани туфайли Европа Иттифоқи мамлакатлари бу каби баёнотларга жуда ҳассос ёндошадиган бўлиб қолди”, дея таъкидлади.

Франция элчиси бу ерда Қирғизистон ички ишлар вазири Мелис Турғанбаевнинг мамлакатда ноқонуний йўллар билан паспорт берилаётгани ҳақидаги баёнотини назарда тутган. Қирғизистонда ноқонуний равишда берилган паспортлар сони 30 мингтадан ошиб кетгани тўғрисида Турғанбаев 21 апрель куни парламентда қилган чиқишида билдирганди.

Қирғизистон ички ишлар вазири бу қонунга хилоф ҳаракатларда Қирғизистон Давлат қайд хизмати ва Ижтимоий жамғармаси ходимларини айблаганди. Турғанбаев мамлакатда қидирувда бўлган ва судланган шахслар ёппасига янги паспорт олаётгани, шу жумладан, Ички ишлар вазирлиги рўйхатида бўлган 65 гумонланувчи исмини ўзгартириб паспорт олганини қайд этганди.

Вазирлик матбуот котиби Бақит Сеитовга кўра, бу маълумотлар тартиб посбонлари томонидан ўтказилган махсус текширув натижасида аниқланган.

- Бизнинг рўйхатда бўлган кишилар аввал судланган ёки қидирувда бўлган шахслардир. Улар паспортдаги исмини ўзгартириб олиб, жиноий жавобгарликдан қутулиб қолмоқчи бўляпти. Бу одамлар эртага янги жиноятларни амалга оширмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Биз Давлат қайд хизмати ва Ижтимоий жамғармада ишлайдиган айрим ходимлар бу одамларнинг янги исм билан паспорт олишига кўмаклашган, деб ҳисоблаймиз. Уларнинг иштирокисиз биронта ҳам паспорт берилмаган бўларди, - дейди Бақит Сеитов.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги шулардан келиб чиққан ҳолда, тегишли идораларни ҳужжат бериш жараёни устида назоратни кучайтиришга чақирган.

Ўз навбатида, Давлат қайд хизмати ва Ижтимоий жамғарма Ички ишлар вазирлиги томонидан билдирилган айбловларни рад этмоқда. Давлат қайд хизмати қошидаги Аҳолини рўйхатга олиш департаменти директори Дуйшўн Сатибалдиев Ички ишлар вазирлиги маълумоти бўйича текширув ўтказилганини айтади.

- Уларнинг баёнотидан кейин биз текширув ўтказдик. Қарасак, вазирлик рўйхатидаги шахслар исмларини ўзгартириб, янги паспорт олганларидан кейин қидирувга берилган эканлар. Улар қидирувга берилгунича паспортини алмаштириб юборган бўлса, бизда нима айб? Вазирлик аввал судланганлар паспорт олаётганини айтаяпти. Бироқ бизда муқаддам судланган фуқароларнинг ҳужжат олишини тақиқлайдиган қонун йўқ, - дейди Дуйшўн Сатибалдиев.

Давлат идоралари ноқонуний паспорт улашганликда бир-бирини айблашда давом этаркан, халқаро ташкилотлар бу эътиборсизлик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган вазиятдан жиддий ташвишга тушганлар. Эслатиб ўтамиз, ўтган озгина муддат ичида Қирғизистонда ноқонуний паспорт бериш билан боғлиқ бир неча кўнгилсизлик қайд этилган.

Масалан, аввалроқ қувғиндаги қозоқ мухолифатчиси Мухтар Аблазов, жиноят олами машҳури Роман Барбакадзе ва Туркияда ўлдириб кетилган тожик мухолифатчиси Умарали Қувватов қирғиз паспортини олгани маълум бўлган. Қирғиз парламенти депутати Ташпўлўт Балтабаев фикрича, бу каби кўринишларга тез орада эътибор қаратилиб, тегишли чора кўрилмайдиган бўлса, бунинг оқибати ёмон бўлиши мумкин.

- Қирғизистон жамияти ёки Марказий Осиё жамияти учунгина эмас, бутун жаҳон ҳамжамияти учун хавфли томони радикализм ва терроризмга алоқадор одамлар изини яшириш учун биздан паспорт олиб қўйиши мумкин. Улар порани кўпроқ беради-да. Шунинг учун мен паспорт бериш жараёнини тартибга солиш, бу жараён устидан назоратни кучайтириш ва бу ваколатни Ички ишлар вазирлигига қайтариб бериш тўғри бўларди, деб ҳисоблайман, - дейди депутат Ташпўлўт Балтабаев.

Айни пайтда айрим экспертлар паспорт бериш ортидан чиққан жанжални Ички ишлар вазирлиги ва Давлат қайд хизмати ўртасидаги ўзаро рақобат билан боғламоқдалар. Авваллари Қирғизистонда аҳолига паспорт бериш иши билан милиция шуғулланган, кейинчалик бу ваколат Давлат қайд хизматига ўтказиб берилганди. Давлат қайд хизмати олдин бир неча марта Ички ишлар вазирлиги паспорт бериш ишидан ўян топиб, бу ваколатни ўзига қайтаришга уринаётгани ҳақида билдирганди.

Хизмат маълумотига кўра, ўтган йили 47 минг 200 нафар қирғизистонлик ўз исмини ўзгартириб, янги паспорт олган. Уларнинг кўпчилигини Россияда юрган пайтда миграцион қонунчиликни бузиб, депортация қилинган шахслар ташкил этиши айтилади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари исм-фамилия ўзгартирилиши ортида жиноий жавобгарликдан қочиш нияти яширинган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG