Линклар

Меркель ва Путин Москвада Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилди


Германия канцлери Ангела Меркель ва Россия президенти Владимир Путин, Москва, 2015 йил 10 майи.

Германия канцлери Ангела Меркель ва Россия президенти Владимир Путин, Москва, 2015 йил 10 майи.

Германия канцлери Ангела Меркель февраль ойида Минскда эришилган битимга қарамай, Украина шарқида чинакам оташкесимга эришилмаганини билдирди.

10 май куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан бирга матбуот анжумани берган Меркель, Ғарб ва Россия ўртасидаги келишмовчиликларга қарамасдан, Украинадаги зиддиятни бартараф қилиш учун дипломатик уринишларга куч беришга чақирди.

Украина шарқида ҳукумат кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида 2014 йил апрелидан буён давом этаётган жангларда шу кунгача 6100 дан зиёд одам қурбон бўлган.

Германия канцлери айирмачилар назорати остида бўлган Донецк ва Луганскдаги “қарор қабул қилувчи кишилар”ни ҳудудда инсонпарварлик ёрдами ортилган карвонларни ўтказиб юборишга чақирди.

Меркель Путин билан учрашув ҳар иккала лидерга Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар ҳамда Украинанинг ҳудудий яхлитлигини дастаклаш масалаларини муҳокама қилиш имкониятини берганини қайд этди.

Ўз навбатида, Путин Украина шарқида мавжуд бўлган қийинчиликларга қарамай, тинчлик ўрнатиш жараёнида олға силжиш кузатилаётганини билдирди.

“Мавжуд қийинчиликларга қарамай, Украина шарқида вазият 12 февралдан кейин нисбатан осойиштароқ бўлиб қолди”, дер экан Путин тинчлик батамом қарор топиши учун бу ерда Украина расмийлари ва айирмачилар ўртасида бевосита мулоқот ўтказилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Франсуа Олланд 12 февраль куни Минскда оташкесим қарорига эрилишига катта ҳисса қўшган, аммо бу битим кейинги пайтларда кўп марта бузилган.

Ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб Москвада ўтказилган катта парадга қатнашишни истамаган Германия канцлери Россия пойтахтига 10 май куни борди. Шу куннинг ўзида Меркель ва Путин Москвадаги Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйдилар.

XS
SM
MD
LG