Линклар

Смартфон одам қуртларини топишда ёрдам беради


"Селлскоп" хизмати бемор қонини текширмоқда.

"Селлскоп" хизмати бемор қонини текширмоқда.

Африкада америкалик шифокорлар смартфон ёрдамида одам қонидаги паразитларни аниқлаш усулини кашф этишди. "Майкрософт" суратингизга қараб ёшингизни аниқлаб берувчи хизматни ишга туширган бўлса, Apple ширкатининг янги ижтимоий тармоқ очмоқчи экани маълум бўлди. Технология дунёси илдам қадамлар билан ривожланишда давом этмоқда.

The Washington Post нашрининг ёзишича, технологлар ва шифокорлар смартфон иловаси ёрдамида одам қонидаги паразитларни аниқлаш усулини ўйлаб топдилар.

2012 йили Калифорниядаги Berkeley университети мутахассислари тарафидан ишга туширилган ва қулоқ инфекциясини аниқлашга ихтисослашган "Селлскоп" (CellScope) мобил иловасининг бу янги функцияси америкалик шифокорлар тарафидан илк бор Камерунда муваффақиятли синовдан ўтказилгани айтилмоқда.

Ушбу синовларда маҳаллий халқ вакилларида орасида "лоа-лоа" деб аталувчи кўз ҳасталигига сабаб бўладиган қуртлар бор-йўқлиги текширилган.

"Селлскоп" тизимидан фойдаланиш учун алоҳида сотиладиган махсус қутичага беморнинг бир томчи қонини киритиб, уни смартфон ёрдамида видеога олиш керак. Шундан сўнг хизматнинг мобил иловаси қондаги ҳаракатларни аниқлаш орқали паразитларни бор-йўқлигини текшириб беради.

Мутахассислар бу тизим тиббиёт инфратузилмаси ривожланмаган ва махсус клиникалари йўқ мамлакатлар учун қулай эканини айтишмоқда.

Калифорниялик шифокорлар Африкада "Селлскоп" хизмати ёрдамида 40 минг кишини текширишни ражалаштиришган.

Ёшингиз нечида?

"Майкрософт" ширкати сурат орқали одам ёшини аниқлаб бера оладиган онлайн хизматни ишга туширди.

Ширкат вакилларига кўра, How-Old.net дастурининг оммалашиб кетиши улар учун кутилмаган ҳол бўлган. Сараланган фойдаланувчиларга синов учун юборилган дастурда икки соат ичида дунёнинг турли қисмидан 200 мингдан ортиқ сурат юкланган.

Шунга қарамай, фойдаланувчиларнинг аксари бу хизмат суратдаги одам ёшини нотўғри топаётганини айтиб нолишмоқда.

Тузувчиларнинг айтишича, ҳозирда хизмат синов версиясида ва айни дамда унинг сифатини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда.

Apple яна ижтимоий тармоқ яратмоқчи

iPhone ва iPad қурилмалари билан кўпчиликка таниш Apple ширкати iOS платформасида ишловчи қурилмалар фойдаланувчиларига мўлжалланган ижтимоий тармоқни ишга туширмоқчи экани маълум бўлди.

Ширкатнинг АҚШ Патентлар ва савдо белгиларни рўйхатдан ўтказиш бюросига киритган патент аризасига кўра, тармоқ “Турмуш тарзига асосланган ижтимоий гуруҳлар” деб номланади (оригинал номи "Lifestyle-Based Social Groups").

Тармоқ фойдалнувчининг ҳаракатланиши схемасини аниқлаб, у борадиган жойлар тарихини тузиб чиқади ва шу маълумот асосида ўзига ўхшаган фойдаланувчилар билан гуруҳлар қуришни таклиф этади.

Мобил қурилмалар бозорида етакчи ширкатлардан бири бўлмиш Apple биринчи бор ижтимоий тармоқ яратишга уринаётгани йўқ. Ширкат тарафидан 2010 йилда ишга туширилган ва мусиқа шайдоларига мўлжалланган Ping хизмати икки йил ўтиб оммалашмагани сабаб тўхтатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG