Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:47

Тошкентда фахрийларга “Олтин коса” тарқатилди


Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги “Боғобод” маҳалласида уруш ва меҳнат фахрийларига 9 май муносабати билан “Олтин коса” номли тез тайёрланадиган яримфабрикат лапша тарқатилди. Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, танқид қилингач, маҳалла фаоллари фахрийларга ётоқ чойшаблари ва сочиқ совға қилиб, “айбини ювишган”и айтилмоқда.

9 май Хотира ва Қадрлаш куни арафасида пойтахтнинг “Боғобод” маҳалласидаги жами 50та хонадонга “Олтин коса” номли яримфабрикат лапшасидан совға сифатида 10 донадан тарқатилди.

Бу хабар ушбу маҳаллада яшовчи 96 яшар меҳнат фахрийсининг набираси томонидан Facebook ижтимоий тармоғидаги "Жамоатчилик назорати" ("Общественный контроль") гуруҳи орқали тарқатилгач оммага маълум бўлди.

Facebook саҳифасига жойланган хабарга совға тариқасида берилган “Олтин коса” лапшасининг сурати ҳам илова қилинди.

96 ёшли аёлнинг набираси нима учун фахрийларга лапша тарқатилгани юзасидан изоҳ сўраб, маҳалла йиғинига мурожаат қилганида, унга тарқатиш учун юқоридан нима берилса, ўшани тарқатишларини айтишган.

Озодликка 11 май куни маълум бўлишича, фахрийларга лапша тарқатилгани ижтимоий тармоқларда танқид қилингач, маҳалла фаоллари 96 яшар фахрийнинг набирасидан Facebook-ка жойланган хабарни ўчиришни талаб қилишган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган “Боғобод” маҳалласида яшовчи манбага кўра, лапша-совғалар ҳақидаги хабар Интернетда тарқалгач, маҳалла “остин-устин” бўлиб кетган:

“Ўша хабарни Фейсбукка қўйган аёлни топишган. Аёл маҳалла фаолларининг босими билан хабарни Фейсбукдан ўчиришга мажбур бўлган”, деди манба.

Боғободлик манбага кўра, маҳалладаги тадбиркорлардан бирига 9 май арафасида фахрийларни тақдирлаш топширилган ва тадбиркор совға сифатида лапшаларни танлаган. Манбанинг айтишича, кейинчалик маҳалла фаоллари “айбини ювиш” учун уруш ва меҳнат фахрийларига қўшимча совға тарқатишга мажбур бўлишган.

“Боғобод” маҳалласининг фаолларидан бири, исми очиқланмаслик ва овози ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка айтишича, 9 май арафасида ҳақиқатдан ҳам уруш ва меҳнат фахрийларига яримфабрикат лапша тарқатилган:

“Бу лапшалар маҳалламизда яшайдиган тадбиркор томонидан тарқатилди. “Олтин коса” лапшалари маҳаллада яшайдиган 2 нафар уруш қатнашчиси ва 28 нафар меҳнат фронти фахрийси ҳамда кам таъминланган оилаларга жами 50та хонадонга тарқатилган”, деди маҳалла фаоли.

Суҳбатдош “айбни ювиш учун” фахрийларга қўшимча совғалар берилганини ҳам тасдиқлади:

“Ўша 96 яшар кампирга кўрпа-тўшакка кийдириладиган чойшаб совға қилдик. Нархи қиммат чойшаблар. Кейин сочиқ ҳам берилди. Бахмал сочиқлар. Биздан рози бўлди. Кейин 50 килоча келадиган ижтимоий озиқ-овқатлар ҳам олиб бориб бердик. Шаҳар маҳалла қўмитасидан ҳам бир коробкада махсус совға жўнатишди. Ичида нима борлигини билмайман. Уни ҳам олиб бориб бердик. Кейин концерт бўлди. Унга ҳам чақирдик. Келиб, дам олиб кетди. 96 яшар момо ҳам, бошқа фахрийларимиз ҳам жуда хурсанд бўлишди. Ҳеч кимни хафа қилмадик”, деди маҳалла фаоли микрофонсиз суҳбатда.

Лекин маҳалла фаоли 96 яшар фахрийнинг неварасига босим қилинганини инкор қилди.

Жорий йилда Ўзбекистондаги хусусий ширкатлар ва корхоналар уруш фахрийлари учун хайрия тадбирларига жалб этилди.

"Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси" хабарига кўра, Тошкент мактаб ва коллежларида уруш фахрийларига ёрдам кўрсатиш баҳонасида ўқувчилардан мажбуран пул ундирилган ва бу пуллар талон-тарож қилинган.

Шунингдек, альянс маълумотига кўра, пойтахтдаги маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, аҳолидан уруш қатнашчиларига хайр-эҳсон, дея пул йиғишган.

Тошкент шаҳар ҳокимиятидагилар эса бу жараённинг "мутлақо ихтиёрий" эканини айтишди.

Ўзбекистондан урушга бир ярим миллион одам фронтга жўнаган. Уларнинг учдан бири ортга қайтмаган. Ҳозир Ўзбекистонда уч мингдан зиёд уруш фахрийси бор ва улар сони йил сайини озайиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG