Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:15

Немцовнинг Украинада Россиянинг 220 ҳарбийси ўлганига оид ҳисоботи чиқди


Мухолифатчи Илья Яшин "Путин.Уруш" ҳисоботини намойиш қилмоқда.
Мухолифатчи Илья Яшин "Путин.Уруш" ҳисоботини намойиш қилмоқда.

Украина шарқидаги жангларда ўтган йил август ойидан шу йил бошига қадар Россиянинг камида 220 аскари ҳалок бўлган. Бу маълумот февраль ойида Москвада отиб ўлдирилган россиялик сиёсатчи Борис Немцовнинг “Путин. Уруш” номли ҳисоботида келтирилади. Немцов бу ҳисоботни ҳаётлик пайтида ҳалок бўлган аскарларнинг яқинлари берган маълумот асосида ёзган.

Сиёсатчи отиб ўлдирилганидан сўнг, унинг сафдошлари ҳисобот устида ишлашди.

Ҳисобот ҳаммуаллифларидан бири россиялик журналист Сергей Алексашенкога кўра, Россия сўнги ўн ой ичида Украинадаги уруш учун 53 миллиард рубль сарфлаган.

Россиялик мухолиф сиёсатчи Борис Немцов 27 февраль куни Москва марказида отиб кетилганди.

25 февраль куни эса у ўзининг навбатдаги тафтиши – Украинада яширин тарзда жанг қилаётган рус аскарлари ҳақидаги ҳисоботи бўйича ёрдам сўраб дўсти Илья Яшиннинг олдига борган.

Немцов ёза олмаган ҳисоботни Яшин бошчилигидаги бир гуруҳ фаол ҳамда журналист ўз якунига етказди. Ҳисоботни ёзишда Немцов қолдирган излардан борилди.

Ўлдирилганидан кейин, мен дастлабки шокдан ўзимга келганимдан сўнг, марҳум биродарим хотираси олдида бу ишни якунлаб, у бошлаган ҳисоботни чоп этиш ўз бурчим эканлигини англаб етдим”, деди Яшин Озодлик билан суҳбатда.

“Путин. Уруш” деб номланувчи ҳисобот оз нусхада чоп этилди. Ҳисобот 12 май куни оммага тақдим қилинади. Мазмунини ошкор қилмаслик шарти билан Озодлик ҳисобот билан танишишга маваффақ бўлди.

Аллақачон катта муаммоларга дуч келяпмиз. Босмахоналарга тазйиқ ўтказиляпти, шунинг учун кўп сонда нашр қилиш учун махсус амалиёт керак бўлади. Бизда бу бўйича тажриба бор, Борис Немцовда бу бўйича тажриба бор эди. Ўйлайманки, бу муаммони ҳал қиламиз”, деди Яшин.

Бошида Яшин ва унинг ҳамкасблари ҳисоботни тайёрлаш учун қўлларидаги материал етарли бўлиш-бўлмаслигини билишмаган.

Яшиннинг айтишича, Немцов ўлимидан аввал ҳисоботнинг умумий тузилиши, мазмуни ҳамда “идеология”сини қоғозга туширган. У Украинада Россия ҳарбий техникаси борлигини кўрсатувчи ҳужжатларни тўплаган ҳамда шарқий Украинада ҳалок бўлган бир неча аскарнинг қариндошлари вакиллари билан суҳбатлашган.

Аммо Немцов қотиллигидан кейин бу кичик архивнинг катта қисми ғойиб бўлди. Қотилликда чеченистонлик беш киши гумонланиб қўлга олинган. Путиннинг танқидчилари тергов ҳеч қачон қотиллик орқасида ким турганини аниқламаслиги мумкинлигини айтишмоқда, чунки излар Кремлга жуда яқин шахсларга бошлаб бориши мумкин.

Рус мухолифатчилари Борис Немцов (ч) ва Илья Яшин (ў) Украина урушига қарши 2014 йили Москвада ўтказилган намойишда.
Рус мухолифатчилари Борис Немцов (ч) ва Илья Яшин (ў) Украина урушига қарши 2014 йили Москвада ўтказилган намойишда.

Немцовнинг дўстларига кўра, у ўлдириб кетилганидан кейин терговчилар унинг квартирасини тинтув қилишган ва компьютерларини, қаттиқ дискларини, контактлари ёзилган дафтарчаларини ва ноутбукларини мусодара қилишган.

Биринчи ҳафтани у тўплаган ва терговчилар мусодара қилган барча ҳужжатларни тиклаш билан ўтказдик. Ҳужжатларнинг айримлари унинг ёрдамчилари ва ишчилари қўлида бўлган”, деди Яшин.

Яшиннинг айтишича, бу ҳужжатлар орасида қоғоз парчалари ҳам бор. Масалан, ҳужжатлар орасида қотиллик кечаси Немцов ўз ёрдамчиси Ольга Шоринага берган қоғоз парчаси бор.

Немцов эшитиш мосламаларидан ҳадиксираб, ўз фикрини қоғозга ёзгани айтилмоқда. Бу қоғоз парчаси илк бор март ойида Reuters нашрига тақдим қилинди. Унда “Айрим парашютчилар мен билан алоқага чиқди. Ўн еттитаси ҳалок бўлган. Уларга пулларини беришмаган. Ҳозирча улар гапиришдан қаттиқ қўрқаяптилар”, деб ёзилган.

Россия Украина шарқидаги айирмачиларни қурол ва ҳарбийлар билан таъминлаётгани ҳақидаги айбловларни жон-жаҳди билан рад этиб келади.

Яшин ўз гуруҳи Немцовнинг барча контактлари билан алоқага чиққанини айтмоқда. Аммо Яшинга кўра, бу одамларни ошкора сўзлашга кўндириш имконсиз кўринмоқда.

Немцовнинг ўлиши уларга жасорат бергани йўқ”, деди Яшин.

Биз улар билан суҳбатлашдик, улардан жуда аниқ, жуда муҳим маълумот олдик. Аммо улар ошкора гапиришдан қатъиян бош тортдилар”, дея қўшимча қилди Яшин.

Биз билан яширин равишда суҳбатлашишдан ошкора суҳбатлашиш хавфсизроқ бўлишини айтиб, уларни очиқ гапиришга ундадик”.

Аммо бу ҳаракатлар натижа бермаган.

Биз дуч келган қўрқув девори, менимча, энг катта муаммо бўлди”, деди Яшин.

Ҳисобот 12 май куни РПР-ПАРНАС партиясининг Москвадаги биносида журналистларга ва фаолларга тақдим қилинади. Материалларнинг катта қисми очиқ манбаларга асосланади. Немцов аввал чоп этган саккиз ҳисобот, жумладан коррупция ҳамда Сочида бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинлари ҳақидаги ҳисобот ҳам очиқ манбаларга таяниб ёзилган эди.

Ҳисоботга мухолифатчи фаоллар ҳамда машҳур рус журналистлари ҳисса қўшди. Булар орасида шарқий Украинада туриб муҳим мақолаларни ёзган “Коммерсантъ” нашри мухбири Илья Барабанов ҳамда Яблоко мухолиф партияси аъзоси Лев Шлосберг бор.

Шлосберг Украинадаги жангда ўлган икки аскарнинг махфий дафн маросимини ошкор қилганидан кейин номаълум кишилар томонидан қаттиқ калтакланган эди.

Яшин ҳамкасблари билан ҳисоботнинг ҳозирча уч минг нусхасини чоп этишга маблағ тўплаганини айтди. Ҳисоботнинг электрон нусхаси ҳам эълон қилинади. Яшин ой охирида ҳисоботни катта тиражда чоп этиш учун онлайн маблағ тўплаш ниятида. Аммо аввалги ҳолатлардан келиб чиқиб, Немцов ҳисоботини тарқатиш осон кечмаслигини хулоса қилиш мумкин.

2010 йилда Путин президентлигининг илк ўн йили давомида кенг тарқалган коррупция ҳақида Немцов бошқа муаллифлар билан биргаликда ёзган ҳисоботнинг 100 минг нусхаси ортилган машинани полициячилар қўлга олган, ҳисобот сайти эса ҳужумларга учраган эди.

Немцов ўлдириб кетилганидан кейин жуда кўп одам таъзия билдирди. Москвада қотиллик содир бўлган жойда ҳалигача сурат ва гуллар бор.

Шундай бўлса-да, сўровлар россияликларнинг катта қисми Путиннинг Украина бўйича олиб бораётган сиёсатини қўллашини кўрсатади.

Яшин эса ҳисобот катта шов-шувга сабаб бўлишини айтади.

Оз сонда чоп этишда ҳам муаммоларга дуч келаётанимиздан келиб чиқадиган бўлсак, ҳисобот анча таъсирли бўлади. Биз оғриқли жойга зарба бераётганимизни тушуниб турибмиз”, деди Яшин.

Яшин ҳисоботнинг мақсади ёлғонларни рад қилиш эканини айтади.

Улар Украинада Россия ҳарбийлари йўқ, дейишади. Биз “бор” деймиз. Путин учун ёлғонлар билан қўлга тушиш жуда уқубатлидир”, деди Яшин.

Том Балмфорт қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG