Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:14

Тожик матбуоти ОМОН бошлиғининг ИДга қўшилганини иддао қилмоқда


Тожикистон ОМОНи командири Гулмурод Ҳалимов
Тожикистон ОМОНи командири Гулмурод Ҳалимов

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ОМОН бўлинмаси бошлиғи, полковник Гулмурод Ҳалимовнинг яқинлари Озодлик билан суҳбатда унинг гўёки "Исломий Давлат" гуруҳига қўшилгани ҳақидаги хабарларни рад қилдилар.

Бироқ, Ҳалимовнинг баъзи яқинларига кўра, полковник охирги пайтларда "Исломий Давлат" гуруҳи фаолиятига қизиқиб, гуруҳ ғояларини тарғиб эта бошлаганди.

Полковник Ҳалимовнинг жияни Субҳон Озодлик радиоси билан суҳбатда: "Тожикистондан қочиб кетибди, "Исломий Давлат"га қўшилибди, деган матбуот миш-мишларида асос йўқ," - деб айтди.

У бундан бошқа қўшимча маълумот бера олмаслигини билдирди.

Озодлик мухбири, хабарга ойдинлик киритиш мақсадида, Душанбе шаҳри яқинидаги қишлоқда жойлаган полковник Ҳалимов уйига борди.

Аммо унинг айтишича, ҳалимов уйи эшиклари берк эди.

Мухбирга кўра, Ҳалимов уйига яқинлашган пайти, нотаниш шахслар рақамсиз қора рангли енгил машинадан туриб, унинг суратини ола бошлаганлар.

Афтидан Ҳалимов уйи кузатувга олинганга ўхшайди, дейди Озодлик мухбири.

Ўша пайт полковник Ҳалимовнинг жияни Субҳон уйга яқинлашган ва суратчиларни Озодлик ходимлари, дея гумон қилган.

Полковник Ҳалимовнинг қаерда эканига оид хабарлар 7 майдан буён тожик матбуотининг асосий баҳс мавзусига айланди.

Баъзи хабарларга кўра, полковник Ҳалимов ўз хизмат ҳужжати ва қуролини ишхонасида қолдириб, ғойиб бўлган.

Аммо, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ҳозирга қадар бу хабарларни шарҳлагани йўқ.

Полковник Ҳалимов
Полковник Ҳалимов

"Исломий Давлат" тарғиботчиси

8 май куни Тожикистон Ички ишлар вазирлигига яқин манба Озодликка Гулмурод Ҳалимовнинг Сурияга кетгани вазирлик ва бошқа ҳуқуқ тартибот органларини ташвишга солганини айтди.

Ушбу манбага кўра, полковник Ҳалимовнинг Ички ишлар вазирлигидан кетишга ундаган асл сабаблар ҳануз маълум эмас.

Баъзиларга кўра, у ишдан ўз хоҳиши билан кетган бўлса, баъзиларга кўра, вазифасидан четлатилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги бошқа бир манбанинг айтишича, Гулмурод Ҳалимов ҳозир Москвада ва ўзи ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ беришдан тийилмоқда.

Аммо 12 май куни "Азия-Плюс" ахборот агентлиги ўз манбаларига иқтибосан Гулмурод Ҳалимовнинг охирги пайтларда "Исломий Давлат" ва ушбу гуруҳ ақидаларига эътибор қарата бошлагани ҳақида хабар тарқатди.

Унда таъкидланишича, полковник "Исломий Давлат" ақидаларини таблиғ этган ва Сурияга ўнлаб инсонларни юборишга "ҳисса қўшган".

Озодлик манбалари полковник Ҳалимовни тақводор ва намозхон шахс сифатида таърифлашади.

"Ҳалимов дўстлари унинг охирги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали ИШИД ақидалари ва ушбу гуруҳ олиб бораётган жанглар ҳақида тўлиқ маълумот йиғаётганини айтишди," - деб ёзади «Азия Плюс» агентлиги.

Агентликнинг Ҳалимов дўстларига иқтибосан маълум қилишича, "у ИШИД фанатикига айланганди ва гуруҳ ақидаларини яқинлари орасида тарқата бошлаганди."

Полковник дўстларининг айтишича, бундай ақидадан қайтиш ҳақидаги насиҳатлар уни асабийлаштирган.

Айни пайтда, Тожикистон Ички ишлар вазирининг муовини Икром Умарозода полковник Ҳалимовнинг қаердалиги борасида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Гулмурод Ҳалимов 2010 йилдан бошлаб ички ишлар тизимида хизмат қилган ва 2012 йилда ОМОН бошлиғи этиб тайинланганди.

XS
SM
MD
LG