Линклар

Левада-Марказ: 59 фоиз россиялик Американи таҳдид, деб ишонмоқда


Russia -- The sign of the Levada Analytical Center in Moscow, 24Apr2013

Russia -- The sign of the Levada Analytical Center in Moscow, 24Apr2013

Россияликларнинг ярмидан кўпи АҚШ томонидан таҳдид мавжудлигига ишонмоқда. Москвадаги “Левада” маркази олиб борган навбатдаги ижтимоий сўров натижаларига биноан, сўнгги йилларда русларнинг АҚШ Россиянинг ривожланишига тўсқинлик қилаётганига ишончи ошган.

59 фоиз Россия фуқароси Америка Қўшма Штатлари томонидан ўз мамлакатига жиддий хавф мавжудлигига ишонмоқда. “Левада-Марказ” томонидан олиб борилган сўровда 19 фоиз россиялик респондент “Америка таҳдиди”га аниқ ишонишини билдирган.

Шу билан бирга, сўровда иштирок этган ҳар учинчи шахс (32%) бу фикрга қўшилмаслигини айтган. 6 фоиз россиялик АҚШ томонидан мутлақо хатар йўқ, деб жавоб берган.

Таъкидлаш жоизки, Америка Қўшма Штатлари томонидан хавф-хатар мавжудлигига 2007 йилда 47 фоиз одам ишонишини маълум қилган. Вашингтондан келаётган таҳдиднинг асосий кўриниши, сўровда иштирок этган фуқароларга кўра, Россиянинг иқтисодий тараққиётига тўсқинлик қилишда намоён бўлмоқда (48%). Яна 40 фоиз руслар “АҚШ Россия иқтисодиёти устидан назорат ўрнатишга интилаётгани”ни ҳақидаги жавобни белгилаган бўлса, 36 фоиз шахс “америкаликлар ёт бўлган ғоя ва қадриятларни” россияликларга жорий этишга ишонишини қайд қилган.

Шу жумладан, 31 фоиз россиялик АҚШнинг ҳарбий босқинчилиги ва ўз мамлакати оккупация қилинишидан қўрқишини белгилаб берган. Ваҳоланки, “америкаликлар агрессиясидан” қўрқаётган руслар 2007 йилда 21 фоиз эди.

Сўровда иштирок этганларнинг 55 фоизи икки супермамлакат ўртасидаги ҳарбий тўқнашувда ғолиблар бўлмаслигига ишониши, ҳар учинчи респондент (33%) Россия ғалаба қозониши, атиги 5 фоиз россиялик эса бу урушда АҚШнинг қўли баланд кетишига ишончи борлигини айтган.

“Левада-Марказ” ижтимоий сўрови Россиянинг 46 минтақасидаги 134-та аҳоли пунктида яшаётган 1 минг 600 киши орасида ўтказилди.

XS
SM
MD
LG