Линклар

TeliaSonera: Ўзбекистонда энди мажбурий меҳнатга ҳомийлик қилмаймиз!


TeliaSonera пахта мавсумига 50 мингдоллар ажратгани мажбурий меҳнатни рағбатлантириш ва пора бериш дея талқин қилинган эди.

TeliaSonera пахта мавсумига 50 мингдоллар ажратгани мажбурий меҳнатни рағбатлантириш ва пора бериш дея талқин қилинган эди.

Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда пахта етиштиришда кенг қўлланиладиган мажбурий меҳнатга ҳомийлик қилишни тўхтатади. Швед ширкатининг Ucell шўъба корхонаси Ўзбекистонда ўтган йилги пахта мавсумига ҳомийлик тариқасида 50 минг АҚШ доллари миқдорида пул ажратгани Швеция жамоатчилиги тарафидан пора бериш сифатида талқин қилинган эди. Бу эса шундоқ ҳам Ўзбекистон президенти қизига катта миқдорда пора бергани билан боғлиқ жанжал ичида қолган TeliaSonera учун қўшмча муаммоларни яратган эди.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliaSonera бундан эътиборан Ўзбекистонда пахта мавсумида ҳомий сифатида қатнашмаслигини эълон қилди.

Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ коррупциягша аралашиб, Швецияда боши жанжалдан чиқмаётган TeliaSonera ширкатининг бу қарорига ўтган йили пахта йиғим-теримига ҳомийлик қилгани танқидларга учраши сабаб бўлди.

TeliaSonera ширкати 2014 йилги пахта йиғим-терими мавсумида ҳомийлик тариқасида 50 минг АҚШ доллари миқдорида пул ажратгани ҳуқуқ ҳимоячилари тарафидан Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни рағбатлантириш сифатида баҳолаган эди. TeliaSonera-нинг Швециядаги айрим ҳақдорлари эса бу ёрдамни пора бериш дея талқин қилди.

TeliaSonera матбуот вакили Ҳенрик Уэстман, Озодлик билан суҳбатда, ширкатнинг Ўзбекистонда пахта мажбурий меҳнат эвазига етиштирилиши халқаро ташкилотлар томонидан танқид этилишидан хабари борлиги, бундан ташқари Ucell қишлоқ хўжалиги соҳасида эмас, телекоммуникация соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашгани боис бундан эътиборан Ўзбекистонда пахта теримида ҳеч бир шаклда иштирок этмасликка қарор қилинганини билдирди.

- Биласиз, бу жуда мураккаб масала. TeliaSonera-нинг ўз тартиб-қоидалари бор ва пахта теримда қатнашиш бу қоидаларга мос келмади. Шунинг учун жорий йилда пахта мавсумида қатнашмаслик тўғрисидаги қарорнинг олиниши табиий ҳолдир. Аслида, бу ҳақда ўтган йили билдирганмиз ва пахта мавсумида бевосита қатрнашмасдан, теримчиларни озиқ-овқат билан таъминлаганимиз тўғри қадам бўлган. Лекин ўтган йили ҳам пахта мавсумида иштирок этмаслик ниятини аниқ билдирганмиз,- дейди TeliaSonera матбуот вакили.

Озодликнинг “Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммоси билан боғлиқ пахта мавсумида бевосита иштирок этмасдан, унга ҳомийлик қилиш қай тарзда тўғри қадам бўлиши мумкин”, деган саволига жаноб Уэстман бундай жавоб берди.

- Биз энг аввало телеком ширкатимиз ва сиёсатда иштирок этмаймиз. Лекин бу масалада нодавлат ташкилотлари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Европа Иттифоқи вакиллари билан доимий мулоқотдамиз. Бу жуда мураккаб масаладир. Биз мажбурий меҳнатнинг ҳеч бир кўринишида иштирок этишни истамайимз. Бу ерда “мажбурий меҳнат” атамаси қўлланилаётганига ҳам розимиз ва шунинг учун ҳам бу йил пахта мавсумида иштирок этмаймиз, дейди TeliaSonera матбуот вакили.

Жаноб Уэстман мазкур масала хусусидаги қарашларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан учрашишга урингани, лекин улардан жавоб бўлмаганини ҳам қўшимча қилди.

TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда пахта йиғим-теримини ташкиллаштириш мақсадларига 50 минг АҚШ доллари миқдорида ҳисса қўшгани тўғрисида ўтган йили ширкатнинг Ўзбекистондаги фаолияти аудит қилиниши натижасида маълум бўлди. Швеция прокуратураси TeliSonera Ўзбекистонда лицензия олиш учун бу мамлакат президенти қизи Гулнора Каримовага камида 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид иддаолар юзасидан тергов олиб бормоқда.

Ўзбекистонда пахта етиштиришда ҳар йили миллионлаб одам мажбуран далага олиб чиқилиши халқаро ташкилотлар тарафидан танқид қилинади. Ўзбекистон ҳукумати пахта мавсумини уюштириш мақсадларига хусусий ширкатлардан пул ундиришига оид иддаолар ҳақида Озодлик хабар қилган.

TeliaSonera-нинг пахта мавсумига ҳомийлик қилиши хорижий ширкатларнинг ҳам бу жараёнга жалб этилганининг биринчи тасдиғи бўлди. Шундан кейин Ўзбекистондаги Beeline операторининг эгаси Ҳолландияга қарашли VimpelCom ҳам пахта теримини ташкил қилиш мақсадларига пул ажратгани маълум бўлди.

TeliaSonera матбуот вакили Ҳенрик Уэстман ширкатнинг бундан кейин пахта мавсумида иштирок этмаслик қарори Ўзбекистон ҳукумати билан TeliaSonera ўртасида келишмовчиликларга сабаб бўлмаслигига умид қилишини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG