Линклар

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Фарғона вилоятида аёлларнинг рўмолини ечтириш кампаниясига оид маълумотларни ўрганмоқда. Бу ҳақда Озодликка маълумот берган идора мулозими шайх Абдулазиз Мансур суриштирув натижасидан хабардор қилишни ваъда қилди. Мулозим кучишлатар тузилмаларнинг рўмолга диний либос сифатида қарашини нотўғри, деб қоралади.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси масъули Абдулазиз Мансур Фарғона вилоятида 22-23 апрель кунлари жамоат жойларида рўмолли аёллар ортидан ўтказилган рейддан идоранинг хабари борлигини айтди.

Мухбир билан қисқагина микрофонсиз суҳбатда у киши бу борада диний идорага ҳам хабарлар ва шикоятлар келганини айтди.

Абдулазиз Мансурнинг тахминича, бу маҳаллий даражадаги масъуллардан чиққан ташаббус бўлиши мумкин, зеро бу борада республика даражасида ҳеч қандай топшириқ берилмаган ёки бирор тадбир кузатилмаган.

12 май куни Озодлик мухбири билан қисқагина суҳбатда шайх Абдулазиз Мансур тез кунда бу суриштирув натижасидан Озодлик тингловчиларини бохабар қилишни ваъда берди.

22-23 апрель кунлари Марғилон ва Қўқон шаҳарларида бозорлар ва жамоат жойларида юрган аёлларнинг рўмолини ечтиришга оид навбатдаги кампания кузатилди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус сафарбар қилинган фуқаролик кийимидаги каттагина гуруҳи, асосан, гавжум жамоат жойлари ва бозорларда рўмолни томоғидан танғиб юрган аёлларни тўхтатиб, улардан рўмолни ечиш ёки орқадан ўрашни талаб қилди.

Ҳуқуқ тизимидаги манбанинг билдиришича, ўша кунлари ҳар икки шаҳарда "профилактика инспекторлари, бўлим бошлиқлари, Жиноят қидирув бўлими ва тергов бўлимлари ходимларига йиғилишда бу ҳақда топшириқ берилган".

Озодлик ишончли манбадан олинган бу маълумот юзасидан Фарғона ва Қўқон шаҳарларидаги ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирор расмий изоҳ ололмади.

Бу жараённи шахсан кузатган ва бу ҳақда Озодликка ҳам хабар берган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев маҳаллий идоралар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўтказган бу рейд икки кундан сўнг бирдан тўхтаганини хабар қилди:

- Мен махсус бориб, бозорларни ва жамоат жойларини айланиб чиқдим, шу ҳақда маълумот берганлар билан гаплашиб чиқди. Икки-уч кундан кейин бу амалиёт дарҳол тўхтаган. Ҳозир кўчада рўмолли аёллар бемалол юришибди яна, - дейди Абдусалом Эргашев.

Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларидан биридаги Озодлик манбаси бу рейдни бошлаган масъулларда томоғидан танғиб боғланган рўмол - аёлларнинг диний либоси, деган тушунча борлигини айтади.

Ҳуқуқ фаоллари Абдусалом Эргашев ҳам кучишлатар тузилмалар ходимлари билан мулоқотлар натижасида уларда томоқдан танғилган рўмол - диний либос, деган нотўғри тушунча борлигига гувоҳ бўлганини айтади:

- Асосан, шу томоғининг тагидан танғиб ўралган, ҳижобга ўхшатиб иккитадан рўмолни - диний либос, деб ҳисоблашади. Бу нотўғри, Исломда диний либос, деган тушунча йўқ. Рўмол - бу шариат талабига биноан аёллар аврат жойини тўсиб юрадиган кийим, холос. Фақат кейинги пайтда мусулмонлар орасида турли оқимларга бўлиниш кучайгани учун шунақа аҳвол келиб чиқаяпти, - деб ҳисоблайди ҳуқуқ фаоли.

Мусулмонлар диний идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан қурилган давомли суҳбатлар чоғида рўмолга диний либос сифатида қараш тўғри эмаслигини таъкидлаб келади:

- Бизга ҳам шу ҳақда кўп шикоятлар келган. Аслида Исломда диний либос, деган тушунчанинг ўзи йўқ. Аксинча, бизнинг қонунда "ибодат либоси" дея келтирилган модда аслида Ўзбекистондаги бошқа дин вакилларини назарда тутиб ёзилган. Мен "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар" тўғрисидаги қонуннинг шу моддасини ёзганлар билан гаплашганимда шундай жавоб олганман. Қонуннинг шу моддаси ҳозир ўзгартирилаяпти, тез орада бунга барҳам берилади, деб кутяпмиз, - дея таъкидлаган эди диний идора мулозими Озодлик билан муқаддам қурилган суҳбатларда.

Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг баҳслар, норозиликлар ва натижада, юзлаб диндорларнинг нотўғри ҳибс қилиниши, жазога тортилиши сабаб бўлиб қолаётган 14-моддасининг "ибодат либоси"га оид қисмига ўзгартишлар киритилаётгани ҳақида 2013 йилнинг декабрь ойида хабар қилинган эди.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳозирча ўзгартишлар киритилмагани, киритилган тақдир эса маълумот беришни ваъда қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG