Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:53

Қамчиқ довонида селда оқиб кетган ишчилар қидирилмоқда


9 май куни ярим тунда келган кучли сел Наманганда “Ангрен-Поп” темир йўл туннели қурилишида ишлаётган жиззахлик 2 йигитни КамАЗ юк машинаси билан бирга сойга оқизиб кетди. Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, уч кунлик қидирув натижасида ҳам йигитлар топилмаган.

Воқеа ўтган шанба куни тунги соат 2 ларда Наманганнинг Тошкент вилояти билан чегарасидаги Саридала қишлоғида содир бўлди.

Ушбу воқеа тафсилотларидан хабардор наманганлик манбага кўра, бир неча КамАЗ машинасида юк олиб кетаётган ишчилар гуруҳи селга дуч келган:

“Камазчилар сой бўйидаги йўлдан кетаётган бўлган. Кучли ёмғирдан сўнг сел келган. Сел камазчилар кетаётган йўлни ўпириб сойга туширган. Шу

пайт битта Камаз ҳам сойга қулаган. Камазда иккита ҳайдовчи бўлган. Улар машинадан чиқишга улгурмаган”, деди тафсилотлардан хабардор наманганлик манба.

Манбага кўра, ишчилар “Ангрен-Поп” темир йўл туннели қурилишининг тунги сменасида ишлаётган ҳайдовчилар бўлган.

“Туннел қурилишида ишчилар уч сменада ишлайди. Бу камазчилар учинчи сменада ишлаётган пайти шу фожеа содир бўлди”, деди манба.

Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасидан олинган маълумотига кўра, уч кундан буён сойга қулаган ҳайдовчилар қидириоаяпти:

“Биз шу заҳоти қидирув гуруҳини воқеа жойига жўнатдик. Сел кучли бўлгани учун уларни узоққа оқизиб кетган бўлиши мумкин. Шунинг учун қидирув ҳудудини Тошкент вилояти ҳудудигача кенгайтирдик. Лекин ҳозирча бирор натижа бўлгани йўқ”, деди фавқулодда вазиятлар бошқармасидаги манба исми очиқланмаслик шарти билан.

Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларига кўра, сойда сув оқимининг кучли бўлгани қидирувга тўсқинлик қилмоқда:

“Сел тўлқини ишчиларни сой орқали Наманган вилоятидан Тошкент вилоятигача оқизиб келган. Наманганда водолазлар бўлмагани учун бизнинг водолазчилар қутқарув ишларига жалб қилинган. Биз уч кундан бери қидираяпмиз. Сой тўлқини жуда кучли. Шунинг учун бирор натижага эриша олмаяпмиз. Водолазчилар роса ҳаракат қилаяпти, лекин бедарак кетган икки ишчи ҳануз топилмади”, деди бошқарма ходими исмини очиқламаслик шарти билан.

Наманган Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, сел оқибатида бедарак кетган икки йигит Жиззах вилоятидан бўлиб, иккаласи ҳам 33 ёшда бўлган.

Жиззахлик йигитлар Марказий Осиёдаги энг узун туннель қурилишида иштирок этаётган эди.

2016 йилда ишга туширилиши режалаштирилган 19 километрлик темир йўл туннели Қамчиқ довонидан ўтиб, Фарғона водийсини Тошкент билан боғлайди.

8 майдан 9 майга ўтар кечаси қарийб 3 соат давом этган кучли шамол ва унинг ортидан ёққан жала кўплаб уйларнинг томини учириб кетган.

Гаражлари бузилиб, машиналари кўчада қолган пойтахтликларнинг автомобилларига эса катта зарар етгани айтилди.

Жорий йилнинг апрель ойида ҳам Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг айрим вилоятларида кучли шамол ва жала кузатилган, унда ҳам аҳоли уйлари ва автомобилларига жиддий шикаст етган эди.

XS
SM
MD
LG