Линклар

Ўзбек-қирғиз чегарасида бир қирғизистонлик ўзбек чегарачилари ўқига учди


Ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудлардан бирида 12 май куни бир қирғизистонлик ўзбек чегарачилари ўқидан ҳалок бўлди, яна бири эса ушланди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Қирғизистон Давлат чегара хизматига кўра, ҳодиса Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманига қарашли Сўғмент қишлоғи четидаги Қақир деган жойда – баҳсли участкада содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қирғизистонлик уч фуқаро “Мерседес-Бенц Гигант” русумли уч юк машинасида назорат-ўтказиш масканини айланиб ўтган ҳолда Ўзбекистондан Қирғизистонга мева ва сабзавотлар олиб ўтмоқчи бўлган.

Қирғиз чегарачиларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари сўзларига таянган ҳолда маълум қилишларича, Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон чегара наряди талабларига бўйсунмаганлар, пировардида ўзбек чегарачилари уларга қарата ўт очган. Бунинг натижасида бир қирғизистонлик ярадор бўлиб, кўп ўтмай Сўх туман касалхонасида жон берган, иккинчи қирғизистонлик ўзбек ҳарбийлари томонидан ушланган, учинчиси эса Қирғизистон ҳудудига ўтиб, ғойиб бўлган.

Воқеа жойида қўлга олинган қирғизистонликка нисбатан ўзбек мулозимлари томонидан тергов чора-тадбирлари олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Сўх эксклавида мазкур нохуш ҳодиса сабаб ва ҳолатларини аниқлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати вакилларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Янгиликларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG