Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:42

Афғонистондаги жангарилар орасида хорижликлар кўп


Қундузда толиблар ва хорижлик жангариларга қарши жанг қилаётган афғон хавфсизлик кучлари, 2015 йил 3 майи.
Қундузда толиблар ва хорижлик жангариларга қарши жанг қилаётган афғон хавфсизлик кучлари, 2015 йил 3 майи.

Шимоли-шарқий Афғонистонда яшовчи аҳоли баҳорда толибларнинг ҳужум уюштиришига кўникиб қолган. Аммо бу йилги ҳужумларда четдан келган жангчилар ҳам иштирок этмоқда.

“Улар ҳеч ким билан гаплашмайди. Қора ниқоб кийиб, кўзойнак тақиб олишади. Уларнинг қаердан эканини ҳеч ким билмайди”, дейди Шоҳ Гул Хон.

Хон бу сўзлар билан Қундуз вилоятидаги вазиятни таърифлаб берди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, вилоятнинг бир неча туманини жангарилар босиб олган.

“Улар эркин юришибди. Биз ҳукумат уларга қарши чиқишини ва қишлоқларимизни қайтариб олишини хоҳлаймиз. Туманларнинг кўпчилиги ҳимоясиз”, деди Хон.

Афғон расмийлари Қундуз ва Бадахшонда бўлган тўқнашувларда бир неча ажнабий жангари ҳалок бўлганини билдирдилар.

Покистонда бир неча ойдан бери давом этаётган ҳарбий ҳужумлар сабаб юзлаб хорижлик жангари Афғонистонга қочиб ўтгани айтилмоқда. Афғонистонда эса кейинги йилларда НАТО кучлари сони кескин қисқартирилди.

Мамлакат шимолида хорижлик жангарилар Толибон ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби гуруҳлар сафларида жанг қилмоқда. Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларининг айримлари “Исломий Давлат” гуруҳи ҳамда ўзини жангари гуруҳнинг Афғонистондаги бўлими ўлароқ тақдим этаётган “Хуросон” гуруҳини дастаклайди.

Айрим жангарилар эса гуруҳларга бўлиниб олган. Яна бошқалари ҳудудда кенг тарқалган қуролли тўдалар ҳамда гиёҳванд модда сотувчи гуруҳларга қўшилган.

Қундузнинг яна бир турғуни Зоҳир Хон: “Бизнинг ерларда жуда кўп толиблар ва четдан келган жангарилар бор”, деди. “Жуда кўп ўзбек ва тожик йиғилган бу ерда. Булар қўлида кўп азият чекяпмиз”.

Хон хорижлик жангарилар орасида чеченлар, покистонликлар, уйғурлар, араблар, ўзбеклар ҳамда тожиклар борлигини айтди, аммо уларни бир-биридан қандай ажратишини очиқламади.

Худой Қул четдан келганлар айнан қаерлик эканини билмаса ҳам, уларнинг бошқа мамлакатлардан келганини аниқлай олишини айтади.

Қундузлик Худой Қул: “Биз уларнинг тилини тушунмаймиз, шундай экан, уларнинг қаердан эканини билмаймиз”, деди. Худой Қул ўз оиласи билан Қундуз марказига қочишга мажбур бўлган.

“Улар бизга нисбатан зўравонлик қилишди, калтаклашди. Ҳукумат аскарлари ҳақида маълумот беришга мажбурлашди”, деди Қундуз турғуни.

Ажнабий жангарилар кўпайиши ортидан “Исломий Давлат”ни эслатувчи ваҳшийликлар ҳақидаги хабарлар ҳам кўпайди. Ўтган ойда толиблар Бадахшондаги армия истеҳкомига қилган ҳужуми давомида 18 аскарни ўлдирди. Аскарларнинг саккиз нафарининг боши олинди. Ҳудуддаги толиблар аввал бундай ишга қўл урмаган эди.

Ўтган ойда Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистон жанубида ўғирлаб кетилган собиқ афғон аскарининг боши танасидан жудо қилингани акс этган видеони ёйинлади. Маҳаллий расмийлар ўғирликларни “Исломий Давлат” амалга оширганини айтди.

Ҳукумат Афғонистон армияси, полицияси ҳамда ҳукумат жангчиларига ёрдам бериш учун Қундузга минглаб қўшимча одам юборди. Аммо жангарилар бир неча туманнинг катта қисмини босиб олган ва стратегик аҳамиятга эга Қундуз аэропортига яқинлашмоқда.

НАТОнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси матбуот котиби Стефен Смитман Озодлик билан 4 май куни қилган суҳбатида афғон кучлари Қундуздаги жангариларни сиқиб чиқаришга қодир эканини айтди.

“Афғон хавфсизлик кучларига ҳаводан ёрдам берилади, ўз ҳаво кучлари ёрдам беради. Уларни гаубицачилар, янада яқинроқдан ёрдам бера оладиган вертолётлар дастаклайди”, деди Смитман. Котиб афғон кучлари жангариларни “бир-икки ҳафтадан кейин” Қундуздан сиқиб чиқаришини айтди.

“Шундай экан, жангарилар қанчалик яхши машқ қилганининг аҳамияти йўқ, деган бўлардим. Афғон кучлари у ерда муваффақиятга эришади”, деди Смитман.

Фруд Бежан ва Ажмал Арян ҳаммуаллифлигида ёзилган ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG