Линклар

Ўзбекистон чегарада отилган қирғизистонлик жасадини ватанига қайтарди


Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасининг асосий қисми ёпиқлиги учун кўплаб фуқаролар чегарадан ноқонуний ўтишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасининг асосий қисми ёпиқлиги учун кўплаб фуқаролар чегарадан ноқонуний ўтишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон 12 май куни чегарадан мева-сабзавотни контрабанда йўли олиб ўтишга ҳаракат қилаётганида ўзбек чегарачиси ўқига учиб ярадор бўлган ва кейинроқ Сўх туман касалхонасида вафот этган қирғизистонликнинг жасадини қариндошларига қайтариб берди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара расмийлари икки давлат чегарасида 12 май куни содир бўлган воқеа юзасидан сўзлашувларини бугун ҳам давом этмоқда. Хабарларга қараганда, 12 май куни музокаралар ярим тунгача давом этган ва бугунга қолдирилган.

Қирғизистон чегара хизмати расмийси Саитжан Эратовнинг Озодлик радиосига билдиришича, Ўзбекистон томони ўзбек чегарачиси ўқидан яраланиб Сўх туман касалхонасида вафот этган қирғизстонлик жасадини қариндошларига топширган. Бундан ташқари чегарада қўлга олинган Қирғизистон фуқароси ҳам ўз ватанига қайтарилган.

- Кеча ярим тунгача музокралар ўтказган эдик. Сўзлашувлар натижасида Ўзбекистон томони 13 май куни тунги соат учларга яқин чегарачи отган ўқдан ҳалок бўлган ватандошимиз Маҳмуджон ўғли Мансур жасадини бизга қайтариб берди. Ўзбекистон чегарачилари томонидан қўлга олинган яна бир фуқаро Маҳмуджон ўғли Шумқар ҳам Қирғизистонга қайтарилди, -деди Саитжан Эратов.

12 май кунги воқеа Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманига қарашли Сўғмент қишлоғи четидаги Қақир деган жойдаги баҳсли чегара ҳудудида содир этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, қирғизистонлик уч фуқаро “Мерседес-Бенц Гигант” русумли уч юк машинасида назорат-ўтказиш масканини айланиб ўтган ҳолда Ўзбекистондан Қирғизистонга мева ва сабзавотлар олиб ўтмоқчи бўлган.

Қирғиз чегарачиларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари сўзларига таянган ҳолда маълум қилишларича, Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон чегара наряди талабларига бўйсунмаганлар, пировардида ўзбек чегарачилари уларга қарата ўт очган. Бунинг натижасида бир қирғизистонлик ярадор бўлиб, кўп ўтмай Сўх туман касалхонасида жон берган, иккинчи қирғизистонлик ўзбек ҳарбийлари томонидан ушланган, учинчиси эса Қирғизистон ҳудудига ўтиб, ғойиб бўлган.

Чегарадан ноқонуний равишда юк олиб ўтмоқчи бўлганлар Қирғизистоннинг Боткен тумани Бўзадир қишлоғи яшовчилари экани айтилмоқда.

Воқеа жойида қўлга олинган қирғизистонлик Маҳмуджон ўғли Шумқарга нисбатан ўзбек мулозимлари томонидан тергов чора-тадбирлари олиб борилаётгани айтилган эди. Саитжан Эратовнинг айтишича, чегарабузар ватанига қайтарилгани муносабати билан бу иш билан энди қирғиз кучишлатар тузилмалари шуғулланади.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийсининг айтишича, бугун Ўзбекистон чегарачилари билан ўтадиган сўзлашувларда 12 май куни бўлиб ўтган воқеани ҳамкорликда тергов қилиш масаласи кўриб чиқилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG