Линклар

logo-print

Жорий йилнинг 28 январида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўғирлаб кетилган сурхондарёлик қочқин Абдулла Рабиевнинг айни кунларда Термиз шаҳар ҳибсхонасида экани аниқланди. Абдулла Рабиев Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига аъзоликда айбланиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан халқаро қидирувга берилган эди. Бироқ, Россия прокуратураси ўзбек қочқинига 1993-2000 йилларга таалуқли ҳодисалар юзасидан айбловлар қўйилгани сабабли, жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган, демоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса Андижон қонли воқеаларидан 10 йил ўтиб ҳам Россия сиёсий ва диний қочқинлар учун энг хавфли мамлакат бўлиб қолаётганидан огоҳлантирмоқда.

Термиз шаҳар тергов изоляторида экани маълум бўлган диний қочқин Абдулла Рабиев қийноқларга солинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган “Мемориал” ташкилотининг “Миграция ва ҳуқуқ” маркази ходими Юлия Климова Абдулланинг шу йил 28 январида Петербургда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани ва яқингача у ҳақда ҳеч қандай маълумот бўлмаганини айтади:

- 25 апрель куни Абдулланинг Россиядаги ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган Ольга Цейтлина яқинларидан унинг Ўзбекистонга келтирилгани ва Термиз шаҳар тергов ҳибсхонасига ташлангани тўғрисида хабар олди. Терговчилар яқинларига у аллақачон ўз айбига “иқрор” бўлгани, Ҳизбут-Таҳрирда фаол иштирок этганини тан олганини айтибди. Албатта, у Россиядан ноқонуний олиб чиқилган ва қийноқлар остида ўзинга қўйилаётган айбловларни бўйнига олган. Унинг Россиядан олиб кетилгани масаласи юзасидан жиноий иш очилмади – полиция ўғирлаб кетилган Рабиев “ўз хоҳиши билан Ўзбекистонга чиқиб кетгани”ни иддао қилди, дейди "Мемориал" вакиласи Юлия Климова.

Ҳимоячилар қийноқларга солиниши ва ноҳақ судланиши ҳақида хабардор бўлган Абдулла Рабиев ўз истагига биноан Ўзбекистонга қайтиб бориши мумкин эмаслигини гапирмоқда.

Абдулла Рабиев 1993-2000 йилларда Қирғизистонда, 2000 йилдан 2011 йилгача эса Корея Республикасида яшаб келган. 2011 йилнинг 19 майида у Жанубий Корея полицияси томонидан Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига аъзоликда айбланиб Ўзбекистонда берилган сўров асосида депортация қилинган. Бироқ 20 май куни у Қозоғистонга ноқонуний йўллар билан ўтиб, у ердан Россияга учиб кетишга муваффақ бўлган.

Москванинг Басманний суди қароридан Абдулла Ўзбекистонда Жиноят КодексИнинг 159, 223, 244-1,244-2 моддалари асосида айбланаётганини кўриш мумкин. У 2011 йилнинг 24 май куни Рязань шаҳрида полициячилар томонидан қўлга олинган. Икки кун ўтиб, Рязань Транспорт прокуратураси Рабиевни озод қилиш тўғрисида қарор чиқарган, зеро ўзбек қочқинига қўйилаётган айблов ҳодисалари 1993-2000 йилларда содир бўлган ва маҳаллий қонунчиликда айб қўйиш муддати аллақачон ўтиб кетгани белгиланган.

Тез вақт ичида озодликка чиққан Абдулла Рабиев Россия ҳудудида қочқинлик мақомини сўраб Лениград вилояти УФМСига мурожаат қилган. "Мемориалчи"лар тақдим этган маълумотга кўра, Абдулланинг иккита яқин қариндоши ҳозирда айни айбловлар билан қамоқда қолмоқда, унинг иккита акаси эса Ўзбекистонда колонияда қийноқлардан ўлиб кетган.

Шунга қарамасдан, маҳаллий миграция идорасида унга вақтинчалик қочқин мақоми берилмаган. Абдулла Рабиев 2013 йилда БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссарлигига мурожаат қилиб, ўз аризаси қўриб чиқилаётгани тўғрисида жавоб олган. Бироқ, у учинчи мамлакатга чиқиб кетишга улгурмаган.

“Мемориал”нинг ўзбек қочқинлари масалалари билан шуғулланувчи “Ёрдам” ташкилоти раиси Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда 10 йил ўтиб ҳам Андижонда бошланган қатағонлар Россия кенгликларида давом этаётганини айтади:

- Бугун Адижон воқеаларига 10 йил тўлди. 10 йил мобайнида ўзбек халқининг аҳволи ҳеч қанақасига яхши томонга ўзгармади – на ҳуқуқий, на иқтисодий, на ижтимоий. Бугун Россиядаги БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича ташкилотлари ҳам қочқинлар ҳолатини, уларнинг муаммоларини ўнинчи даражали қилиб қўйди. Қочқинлар жуда кўп! Бугунги кунда Россия экстрадиция қилаётган ёки ўғирлаб кетаётганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ҳукуматидан дод деб келаётганлардир! Андижонда бўлган ҳодисалар ҳамма муаммолар маркази ўша ерда эканини кўрсатди. Россия эса ўйламасдан иш тутаяпти. Мана, Абдулла Рабиев Петербургдан ўғирланди; бухоролик Рустамов Акрам апрель охирларида ўғирланди; мана, Раҳимов Зайниддин кеча куни Қашқадарёга ўғирланди– аҳволи нима уларнинг ҳозир? Ғаниев Жавлиддин – Термизга олиб борилиб, тергов давомида ўлдирилди! Бу ҳоли бизга етиб келаётган исми-шарифлар. Андижон қатағонлари давом этаяпти, дея хулоса қилди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

“Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази Россия Федерацияси ҳукуматидан қочқин Абдулла Рабиевнинг ўғирланиши ва ноқонуний йўллар билан Россиядан Ўзбекистонга олиб чиқилиши масаласи юзасидан тергов-суриштирув олиб боришни талаб қилиб чиқди.

Озодлик сўнгги пайтларда Россиянинг турли минтақаларидан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қўмагида ўзбекистонлик сиёсий ва диний қочқинларни ўғирлаш ҳолатлари кўпайгани билан боғлиқ ҳодисаларни ёритиб келмоқда.

Бундан олдинроқ Озодлик бир гуруҳ бухоролик ёшлар Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан сохта айбловлар билан жавобгарликка тортилгани ҳақида эфирга лавҳа узатган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG