Линклар

Ўзбекистонда Германиянинг яна бир йирик банки иш бошлайди


Тошкентдаги Ўзбекистон Марказий банки биноси.

Тошкентдаги Ўзбекистон Марказий банки биноси.

27 май куни Ўзбекистонда Германиянинг Landesbank Baden-Wuerttemberg халқаро банки ваколатхонаси очилиши кутилмоқда.

Norma.uz сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон банклари мазкур банк билан ҳамкорлик қилиш тажрибасига эга. Хусусан, ўтган йилнинг октябрь ойида Asia Alliance Bank тижорат банки немис банки билан Ўзбекистон хусусий сектори ва кичик бизнес субъектлари лойиҳаларига кредит бериш бўйича битим имзолаган. Ноябрь ойида эса “Трастбанк” бу банкда еврода мухбирлик ҳисоби очган ва бу ўзбек банкининг хорижда банк операциялари ўтказиш имкониятини кенгайтирган.

Landesbank Baden-Wuerttemberg Германиядаги энг йирик 10 банкнинг биридир. У Штутгарт шаҳри, ер омонат кассалари ва Баден-Вюртемберг ери томонидан назорат қилинади. Бош қароргоҳи Штутгарт шаҳрида бўлган бу банкнинг Германияда 200 та, бошқа мамлакатларда эса 24 та филиали мавжуд.

Банк бутун дунё бўйлаб 2800 та банкни бирлаштирувчи мухбирлик тармоғига эга. Банк мижозлари орасида Merсedes-Bеnz, Porsche, BOSCH, Siemens, BOSS, TRUMPF ва бошқа таниқли ширкатлар бор.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, шу кунда мамлакатда аккредитациядан ўтган олтита хорижий банк, шу жумладан, Германиянинг икки, АҚШнинг бир, Покистоннинг бир ва Жанубий Кореянинг икки банки фаолият юритмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган битта ҳам Россия банки йўқ.

XS
SM
MD
LG