Линклар

Андижонни қўзғатган Дукчи эшон кимлигини биламизми?


Дукчи эшоннинг расмий манбаларда келтириладиган фотосурати. ​​

Дукчи эшоннинг расмий манбаларда келтириладиган фотосурати. ​​

Дукчи эшон раҳбарлигидаги халқ исёни бошланганига 117 йил тўлди.

Кейинги 25 йил ичида Дукчи эшон исëни ҳақида мақола ва китоблар чоп этилди. Дукчи эшон исëни тарихи мактаб дарсликларига истқилол учун кураш намунаси сифатида киритилган.

Андижондаги кўчалардан бирига Дукчи Эшон номи берилган. Аммо бунинг баробарида Дукчи эшон шахсияти ва фаолияти борасида бир- бирига зид қарашлар мавжуд.

Шоир Хуршид Давроннинг ëзишича¸ Дукчи Эшон борасида қарашлар икки қутбга бўлинади:

- Агар бир тараф уни она юрт истиқлоли учун муҳораба майдонига чиққан фидойи деб баҳоласа, иккинчи тараф уни ўйламай иш тутган, қанча бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлишига сабабчи бўлган, халифалик тузишни кўзлаган чаламулла сифатида қоралайди¸ деб ëзган Хуршид Даврон Дукчи эшон курашига холис қараш лозимлигини урғулайди:

- Рад этиб бўлмас ҳақиқат шундаки, Дукчи эшон, энг аввало, мустабидликка қарши, миллатининг эрку озодлиги учун майдонга чиққан эди. Бу кундай равшан ҳақиқат. Унинг исёнчи сифатидаги дунёқарашида ноқисликлар мавжуд бўлгани ҳам шундай очиқ ҳақиқатдир.

Яна бир аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, Дукчи эшон хусусида бир қарорга келолмаслигимиз оқибатида (бунинг осон ва аниқ иложи борлигига ҳам унчалик ишончим йўқ), унинг эрк ва истиқлол ҳақида айтган гапларидан руҳланиб, майдонга чиққан инсонлар хотираси олдида уятдан бош эгиб туришдан бошқа ишга ярамаймиз. Тўғри, ҳар қандай инқилоб ва исён майдонга чинакам фидойи инсонлар қаторида кўр оломонни ҳам олиб чиқади. Аммо кўр оломонни деб юрт учун бошини дорга тиккан фидойиларда нима айб? деб таъкидлайди шоир Дукчи эшон ҳақидаги мақоласида.

Дукчи эшон тарихини ўрганган олим Ҳайдарбек Бобобековга кўра¸ Дукчи эшон шак-шубҳасиз миллий истиқлол курашининг қаҳрамонидир:

- Рус архивларида сақланаëтган ва мен танишган ҳужжатларда Дукчи Эшоннинг дор остида ҳам тик туриб золимларни қоралагани акс этган¸ дейди суҳбатдош.

Эшоннинг руслар тарафидан дорга осилиши борасидаги ҳужжатда мана бу сатрлар бор:

"Дафъатан икки солдат эшонни дор тегига олиб келган маҳал¸ бошқа шерикларини ҳам этаклаб кетиб турган ҳолда¸ иккиси яна беҳуш бўлиб йиқилди. Буларни судраб, дор тегига келтириб, унинг остиға қўйилъған икки поғоналик курсига “чиқ, чиқ” деб эшонни чиқарди. Шу ҳолда кафан ичида бир ўзи қадам қўйиб чиқди ва баланд овоз билан: “Эй мусулмон биродарлар, гувоҳ бўлинглар, ман ноҳақ туҳмат билан кетиб турубман. Бола-чақаларим, майда-чуйда, кўп эди. Бу ҳоким ва тўралар яхши адолат қилмади. Тўғри ҳақиқат қилмади. Дуо қилинглар, шу золимларни…” деган вақтда бир тўранинг ишорати билан бирдан сиртмоқларни солиб, курсиларни тепиб юбордилар......

Дукчи эшон исëнига 115 йил тўлиши муносабати билан бу миллий озодлик кураши мавзусини Озодликнинг "Қурултой" эшиттириши кун тартибига чиққан эди.

Давра суҳбати давомида Дукчи эшон исëнининг қуйидаги жиҳатлари муҳокама қилинган:

Агар Дукчи эшон истиқлол қаҳрамони бўлса нега у кишининг шахси Амир Темур¸ Жалолиддин Мангуберди каби ардоқланмайди?

Нега Дукчи эшонни истиқлол курашига чорлаган ва бу курашда қатл қилинган юрт оғалари Ботир Мингбоши Нормат ўғли¸ Алибек Додхоҳ¸Орзиқулбой Понсод¸ Ҳайитбой Тўқсоба каби жасур шахслари эсланмайди?

Исëндан кейин Чор императорининг марҳамати дея Мингтепа тумани Марҳамат дея ўзгартирилди. Нега миллат учун шармандали бу ном олиб ташланиб, исëн бешиги бўлган ҳудудга асл ном қайтарилмайди?

Исëн бостирилганида минглаб айбсиз одамлар қатл қилинган. Россиядаги ташқи алоқалар архивидаги ҳужжатларда бу қатл қилинган мазлумларининг исмлари бир-бир қайд қилинган. Нега уларнинг номини мармар тошларга ўйиб ëздириб эсламаяпмиз?

Мана бу ерда ўтган йили ëзиб олинган "Қурултой" эшиттиришини тинглаш мумкин. "Қурултой" "Дукчи эшон сабоқлари" ҳақида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG