Линклар

logo-print

Россиянинг Калининград шаҳрида яшаб келган ўзбекистонлик аёл ўз ҳамюртини ўлдиришга киллер ёллагани учун қўлга олинди. Айбланувчи 250 минг рубл эвазига 42 ёшли қурувчи ўзбек муҳожирини ўлдиришга қотилни ўз хуштори илтимосига биноан ёллаганликда гумонланмоқда.

2015 йилнинг апрель ойида Пенза вилояти бўйича Ички ишлар бошқармасига Калининградда яшаётган 26 ёшли аёл одам ўлдириш учун катта пул эвазига ёлланма қотил қидираётгани тўғрисида оператив хабар келиб тушган.

Бу маълумотни текшириб қўрган полиция ходимлари ўлдирилиши керак бўлган шахс ҳам 42 ёшли Ўзбекистон фуқароси эканини аниқлади, дейди Озодликка ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Пенза вилояти бўйича полиция бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Надежда Иванова:

- Улар ўз режаларини амалга оширишга улгурмади – полициячиларимиз жиноят содир этилишига йўл қўйишмади. Оператив амалиёт ишлаб чиқилиши давомида маълум бўлдики, бу ёш аёлга бир хуштори мурожаат қилиб, бизнес бўйича собиқ дўстини йўқ қилишда кўмаклашишни сўраган. Айбланувчи аёл розилик берган, аммо Калининградда киллер топа олмасдан, дўсти билан Пензага жиноятни, зарур бўлса, ўз қўли билан бажариш учун етиб келган, дейди полиция расмийси Надежда Иванова.

Ëлланма қотиллик олдини олиш учун полициячилардан бири бу аёлга телефон қилиб, ўзини киллер сифатида таништиради. Оператив ходим билан келишилган жойга қотилликни режалаштирган 26 ёшли бу аёл тўлиқ ўқланган жанговар пистолет, электрошокер ва “ўлжа”нинг иккита фотосуратини олиб келди.

Бу ҳодиса устидан тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган Россия Тергов қўмитасининг Пенза вилояти бўйича бошқармасида Озодликка “заказ” бажарилиши учун киллерга 250 минг рубль ваъда қилинганини билдиришди. Айни пайтда, жиноятни бошқарганликда айбланаётган аёл қотиллик содир этилганини исботлашнинг зарурати йўқлиги – у бу ҳақда ўзи билиб олишини айтган.

Бир неча кундан кейин “киллер” ва буюртмачи ўртасида янги учрашув бўлиб ўтди. Бу сафар ўзбекистонлик аёл ижрочига йўл кира учунгина пул ажратиб, “қолганини Калининградда бериши”ни билдиради.

“Шундан кейин бу аëл ва қотилликнинг асосий буюртмачи экани аниқланган “ёрдамчиси” полиция томонидан ҳибс этилди”, дейди бу жиноят сабабларини ўрганаётган Пенза вилоят тергов қўмитаси вакиласи Людмила Фомина:

- Биз бу жиноий ишни тергов қилaяпмиз. Жиноятга қўлга олинган кишининг шахсий адовати борлиги сабаб бўлгани маълум. Бу аёлнинг 29 ёшли ўзбекистонлик билан ишқий алоқаси бўлган. Унинг илтимосига биноан аёл қотил қидира бошлаган. Қизиғи, жиноятда айбланаётган киши – Петербургда, аёл – Калининградда яшаган. Ўлдирилиши керак бўлган 42 ёшли муҳожир эса оила аъзолари билан Пенза шаҳрида узоқ вақтдан буён яшаб келади, қурилишда бригадир бўлиб ишлайди. У ҳам Ўзбекистон фуқаросидир. Буюртмачининг ҳам катта бизнесмен эмаслигини аниқладик, дейди Людмила Фомина.

Расмийга кўра¸ исми тергов якунланишига қадар ошкор этилмаётган шахслар суд қарори билан ҳозирда Пенза шаҳар тергов изоляторида сақланмоқда.

Россия Тергов қўмитасининг Пенза вилояти бўйича бошқармаси томонидан Ўзбекистон фуқароларига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 30, 33 ва 105-моддалари асосида жиноий иш очилди, тергов ишлари давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG