Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:01

Ўзбекистон Қирғизистон ерини эгаллаб олгани рад этилди


Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасидаги огоҳлантирувчи ёзув.
Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасидаги огоҳлантирувчи ёзув.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Аравон туман расмийлари Ўзбекистон туманга қарашли 400 гектар ерни эгаллаб олгани тўғрисидаги хабарни инкор этди. Бироқ расмийларнинг айтишича, Ўзбекистон 60 фоизи Қирғизистонга қарашли бўлган Каркидон кўлини тўсиб олган ва бунинг эвазига ваъда қилинган ерни бермаган.

Аввалроқ Қирғизистон Ички ишлар вазири Мелис Турганбаев билан ўтган учрашув чоғида Аравон тумани Туямўйин қишлоғи аҳолиси Ўзбекистон ерларни эгаллаб олганини иддао қилиб, ҳукуматдан бу масалани ҳал қилиб беришни талаб этган эди.

- Шу кунгача қайси жой Ўзбекистоннинг ери, қайси ҳудуд Қирғизистоннинг ери экани аниқланмаган. Ўзбекистон кириб келиб, бизнинг 400 гектардан ортиқроқ еримизни ўзиники қилиб олди. Бу масалани ҳал қилиб берадиган ҳукумат борми?- деб туямўйинликлар талабини билдирган эди Зайнабиддин Абдилдаев вазир билан учрашув пайтида.

Мана шу маълумот асосида ўз таҳлилини тақдим этган қирғиз матбуоти Аравон туманидаги 400 гектардан ошиқроқ ерни маҳаллий расмийлар Ўзбекистонга 2014 йилда сотиб юборгани ҳақида хабар тарқатган.

Маҳаллий расмийлар эса бу иддаоларни рад этиб, гап Аравон тумани ҳудудидаги Каркидон сув омбори ҳақида бораётганини айтмоқда. Маҳаллий расмийларга кўра, мазкур сув омбори Ўзбекистон томонидан қурилган ва бундан 15 йил аввал ўзбек чегарачилдари томонидан тўлалигича тўсиб олинган.

- Ўзбекистонга 400 гектар ер сотилган ҳам эмас, берилган ҳам эмас.Ўзбекистон Каркидон кўлинини тўлалигича тўсиб олган. Бу кўлнинг 60 фоизи Қирғизистонга қарашли бўлиши керак эди. Бироқ 2005 йилгача Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ер алмаштириш бўлган экан. Бу кўл эвазига Ўзбекистон бизга 413 гектарга яқин ерни бериши керак эди. Бироқ Ўзбекистон томони Каркидон кўлини олганидан сўнг қандайдир сабаблар билан Қирғизистонга ваъда қилинган ерни бермай қолган экан, - деди Туямўйин қишлоғи ҳокими Санжар Абдуллаев.

Маҳаллий расмийларга кўра, Ўзбекистон томонидан қурилган сув омбори туфайли Қирғизистон ишлатадиган ерларнинг бир қисми ҳам сув остида қолган. Ўзбекистон бу ерлар учун товон пули тўлаш ёки бошқа жойдан ер бериш мажбуриятини олган. Қирғиз расмийлари бу мажбурият Тошкент томонидан шу кунгача бажарилмаганини иддао қилмоқда.

Туямўйин қишлоғида яшовчи Ашурали Жолдошев бу каби ҳолатлар ортидан маҳаллий аҳолининг норозилиги кучайиб бораётганини, бу эса чегара олди ҳудудида турли низоларга сабаб бўлиши мумкинлигини айтди:

- Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун энг аввало чегараларни аниқлаш керак, иккинчидан эса аниқланган чегарани қўрқилашни кучайтириш лозим., -деди Ашурали Жолдошев.

Ўзбекистон Қирғизистон чегараси 1378 километрни ташкил қилади. Бу ҳудуднинг 320 километри 20 йилдан бери аниқланмасдан қолаётир. Мутахасисларга кўра, чегаранинг аниқланмаган ҳудудларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган 50дан ортиқ ер бор.

XS
SM
MD
LG