Линклар

Руслан Чагаев суд тақиқига қарамай италиялик боксчи билан жанг ўтказади


Расмда (чапдан ўнгга): Руслан Чагаев, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ва Terek Box Event ширкати вакили Тимур Дугазаев.

Расмда (чапдан ўнгга): Руслан Чагаев, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ва Terek Box Event ширкати вакили Тимур Дугазаев.

Асли ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев АҚШ суди тақиқига қарамай Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) йўналиши бўйича оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони унвонини ихтиёрий ҳимоя қилиш учун жанг ўтказади. Россия ва Чеченистон байроғи остида рингга чиқадиган асли ўзбекистонлик боксчисининг бу галги рақиби италиялик Франческо Пьянетта бўлиши айтилмоқда.

36 ёшли Чагаевнинг промоутери, Terek Box Event промоутерлик ширкати вакили Тимур Дугазаев Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик боксчи 11 июль куни Германиянинг Магдебург шаҳрида ўтадиган жангга АҚШда тайёргарлик кўраётганини билдирди.

- Руслан ҳозир Американинг Майами шаҳрида янги тренери, таниқли Педро Диас билан тайёргарлик кўрмоқда. Бу тренер билан бир йилга шартнома тузганмиз. Жангга бир ой қолганда Руслан Германиянинг Гамбург шаҳрига келиб, шу ерда машқ қилади. Унинг оппоненти италиялик боксчи Франческо Пьянетта бўлади,- дейди Тимур Дугазаев.

Чагаевга ўтган йили мағлуб бўлган пуэрто-риколик Фрес Окендо жорий йилнинг апрель ойида суд орқaли ўзбекистонлик боксчига ревaнш жaнгини ўткaзиш мажбуриятини юклагани ҳақида Озодлик хабар берган эди. Нью Йорк суди Окендога ревaнш имконияти берилмагунча Terek Box Event ширкатининг Руслан Чагаевни WBA йўнaлишидa тамсил этишини тaқиқлaб қўйгaн.

Промоутер Тимур Дугазаевнинг айтишича, Окендо бошлаган суд жараёнлари сабаб Руслан Чагаевнинг Магдебургдаги жангини Terek Box Event эмас, Akhmat Box Promotion ташкиллаштирмоқда.

- Окендо Terek Box Event ширкатини Америкада судга бергани боис Германиядаги жангга Akhmat Box Promotion ширкати промоутерлик қиляпти. Окендо Грознийда ютқазган, қонида допинг топилган, шунга қарамай бизни судга берди. Шартнома қоидалари бузилгани сабаб биз у билан реванш жангини ўтказишга мажбур эмасмиз,- дейди Чагаевнинг промоутери.

2014 йилнинг июль ойида Чеченистон пойтахти Грознийдаги "Ахмат Арена" саройида мунтазам жаҳон чемпиони мақоми учун ўтган жангда Фрес Окендо Руслан Чагаевга очколар нисбати бўйича мағлуб бўлган эди. Ўшанда пуэрто-риколик​ боксчининг жанг сўнггида олинган қон намунасида тақиқланган моддалар топилгани айтилганди.

Бироқ 41 ёшли Окендо ҳеч қандай тақиқланган моддалардан фойдаланмагани, Россияда ўтказилган текширувлар натижаси атайин сохталаштирилгани, АҚШда ўтказилган тестлар буни тасдиқлаганини айтган.​

Судга ариза киритган пуэрто-риколик боксчи Terek Box Event ​ширкaтини допинг иддаоларини рўкач қилиб, вaъдa қилингaн 1 миллион доллaрлик жанг ҳақини тўлaшдан бош тортаётгaнликда ва унгa aввaл вaъдa қилингaн ревaнш имкониятини бермаётганликда aйблaган.

- Мен суддa aдолaт топмоқчимaн. Булaр турли нaйрaнглaр - 1 миллион доллaрлик гонорaр вa ревaнш жангини ўткaзиш вaъдaси билaн мени, жисмонан ва руҳaн тaйёр эмaслигимгa қaрaмaй, ринггa чиқишгa мaжбурлaшди. Ўшa пaйтдa рaфиқaм вa янги туғилгaн фaрзaндим кaсaлхонaдa эди, деган эди Окендо "Boxing News" нашрига берган интервьюсида.​

Terek Box Event промоутерлик ширкати вакили Тимур Дугазаев пуэрто-риколик боксчини суд орқали мўмайгина пул ишлаб олиш ниятида айблаб, ҳақиқат улар тарафида эканини таъкидлайди.

36 ёшли ўзбекистонлик Руслан Чагаев ўтган йилдан буён бокс жангларида шахсан Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг ҳомийлиги остида Аҳмад ҳожи Қодиров номидаги бокс клубини тамсил этиб келмоқда. У профессионал боксда жами 36 жанг ўтказиб, 33 тасини ғалаба (20 та нокаут), 2 тасини мағлубият ва 1 тасини дуранг билан якунлаган.

11 июль куни Чагаевга қарши рингга тушадиган Франческо Пьянеттанинг кўрсаткичлари ҳам деярли бир хил. Италиялик бокчси профессионал боксда жами 33 жанг ўтказиб, улардан 31 тасида ғалаба қозонган (17 нокаут). Бир жанг дуранг, яна бир жанг мағлубият билан якун топган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG