Линклар

GM Uzbekistan ширкати ишлаб чиқарган автомобилларнинг Россиядаги савдоси жорий йилнинг биринчи чорагида 85 фоизга қисқарди. "Автостат-инфо" компанияси хабарига кўра, апрель ойида 405 дона ўзбек машинаси сотилган холос. Россиядаги экспертлар мамлакат бозорида Nexia машинасининг сотилиши деярли тўхтаб қолгани – апрелда бу русумдаги автомобилдан атиги 19 дона сотилганига эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистоннинг GM ширкати ишлаб чиқарган автомобиллар сотуви Россияда деярли тўхтаб қолди.

Автомобиллар бозоридаги жараёнларни таҳлил қиладиган "Автостат-инфо" компанияси 2015 йилнинг апрель ойи охирига қадар Россияда янги автомобиллар сотилиши бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди.

“Бюджетли” автомобилларни сотишга мўлжалланганига қарамасдан, GM Uzbekistan апрелда атиги 405 дона машина сотишга эришди – бу автоширкат машиналарига бўлган талаб 85 фоизга камайди. Nexia сотуви эса умуман тўхтади (жами 19 дона), Gentra бозори ҳам етарли даражада чаққон эмас (апрель ойида 319 дона), дейилади “Автостат-инфо” ҳисоботида.

“Автостат-инфо” очиқлаган маълумотга кўра, 2015 йилнинг январь-апрель ойларида Россияда жами 1867 дона GM Uzbekistan маҳсулоти пулланган. Мутахассисларга кўра, бу олдинги кўрсаткичларга нисбатан Ўзбекистон автомобиллари савдосининг 78,4 фоизга қисқаришини англатади.

GM Uzbekistan йил бошида жорий қилган маркетинг чораларига қарамасдан, дейилади ҳисботда, ўзбек машиналари бозорининг касодга учраши давом этди.

Шу тариқа, жорий йилнинг биринчи чорагида GM Uzbekistan автомобил ширкати Россияда машина сотиш бозорининг 1,4 фоизини эгаллаб (2014 йилги кўрсаткич – 2,1 фоиз), савдо ҳажми бўйича 21 ўринни эгаллади.

Бундай кўрсаткичларга қарамасдан, Daewoo Gentra автомобили 2015 йилнинг апрел ойида Россияда энг кўп сотилган машиналар 25-лигидан ўрин олди.

Айни пайтда, Россияда апрель ойида энг кўп сотилган LADA машиналари бўлди.

Умуман олганда, Россияда давом этаётган иқтисодий пасайиш натижасида 2015 йилнинг апрелида янги автомобиллар сотуви 2014 йилнинг апрелига нисбатан 41,5 фоизга камайгани қайд этилди. Машина бозоридаги савдонинг кескин тушиши натижасида деярли барча автоконцернлар зарар кўрмоқда.

Экспертлар Россиядаги машиналар савдосининг қарийб икки баробарга камайишини бевосита мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиши билан боғлиқ эканига эътибор қаратмоқда.

АҚШнинг автомобилсоз гиганти General Motors шу йилнинг март ўрталарида Россиядаги заводини ёпиши ва бу давлатдан сармоясини олиб чиқиши тўғрисида эълон қилган эди. Бироқ, бу қарор ширкатнинг Ўзбекистондаги фаолиятига таъсир қилмаслиги ҳам айтилган эди.

Озодлик ширкат раҳбарияти ўз қарорини Россия бўйлаб GM автомобиллари савдосининг сезиларли даражада озайгани билан изоҳлагани тўғрисида хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG