Линклар

logo-print

Чеченистондаги тенгсиз никоҳ баҳсларга сабаб бўлмоқда


Мактабни энди якунлаган Луиза Гойлабиева ва 47 ёшли милиция полковниги Нажуд Гучигов ЗАГС биносида.

Мактабни энди якунлаган Луиза Гойлабиева ва 47 ёшли милиция полковниги Нажуд Гучигов ЗАГС биносида.

16 май куни Чеченистонда 17 ёшли Луиза Гойлабиеванинг ўзидан қарийб уч баробар ёши каттароқ эркакка эрга берилиши қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Ўсмир қизнинг Ножай-Юрт тумани милиция бўлими бошлиғи Нажуд Гучиговга турмушга берилиши кўпхотинлилик одатий ҳол бўлган Чеченистон расмийлари тарафидан қонуний никоҳ сифатида изоҳланмоқда.

Баҳсларга Россиянинг "Новая Газета" нашрида Луиза Гойлабиеванинг ўз раъйига қарши турмушга берилаётгани ва Гучиговнинг кўп йиллардан бери бирга яшаб келган хотини борлиги ҳақида чоп этилган мақола туртки бўлди. Байтарки қишлоғида истиқомат қилувчи Гойлабиеванинг дугоналари газета мухбири билан боғланиб, 46 ёшли (айрим манбаларда 57 ёш) милиция бўлими бошлиғи бутун қишлоқ бўйича блокпостлар қўйгани ва қизнинг қариндошларига босим ўтказаётганини гапириб беришган.

Мухбирлар билан суҳбатлашган Гучигов дастлаб турмуш ўртоғи борлигини тан олган ва иккинчи хотин унга керак эмаслиги билдирган эди.

"Қайси иккинчи хотин ҳақида гапиряпсиз? Мана ҳозир қаршимда менинг биринчи ва ягона, севимли, бутун умримни бирга ўтказган хотиним турибди",- деган эди Ножай-Юрт тумани милиция бўлими​ бошлиғи 29 апрель куни "Новая Газета" нашрига.

Бироқ кўп ўтмай, жамоатчилик тарафидан билдирилган норозиликка қарамай, биринчи хотинидан ёши улғайиб қолган ўғли борлиги айтиладиган милиционер байтаркилик ёш қизга уйланишга қарор қилгани маълум бўлган.

Чеченларнинг келин ўғирлаш ва балоғатга етмаган қизларни турмушга узатиш одатларига қарши чиқиб келган Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров воқеага шахсан аралашиб, 5 май куни ўтган ҳукумат йиғинида кутилмаганда тўй 10 май куни бўлиб ўтиши ва бунга қизнинг ота-онаси рози эканини айтган. Шунингдек, Қодиров Instagram саҳифасида Гучиговнинг паспортида уйлангани ҳақидаги муҳр йўқлигини айтган ва журналистлардан фуқароларнинг шахсий ишларига аралашмасликни талаб қилган.

"Муҳаббат ёш танламайди... Андрей Кончаловский турмуш ўртоғидан 36 ёш катта... Кўпчилик таниган Алла Пугачева ўзидан 27 йилга ёшроқ Максим Галкинга эрга тегди. Ва улар бахтли! Ҳеч ким улардан норози эмас... Луиза Гойлабиева и Нажуд Гучигов тўй қилишга келишиб олишди. Ёшдаги фарқ 30 йил. Қизнинг ота-онаси ўз ризолиги берган... Луиза ва унинг ота-онаси шахсий ҳаётига аралашаётганлардан жуда норози", деб ёзди Чеченистон раҳбари.

Ушбу воқеа юзасидан "Интерфакс" агентлигига интервью берган Россия президентининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Павел Астахов эрта турмуш қуриш мамлакат қонунчилигига зид эмаслиги айтиб, нафақат Кавказ, балки бутун Россия бўйлаб кўплаб аёлларнинг норозилигига сабаб бўлган қўйидаги гапларни айтди.

"Кавказда эмансипация (хотин-қизлар озодлиги) ва жинсий етилиш эртароқ рўй беради, келинглар тоқатсиз бўлмайлик. Шундай жойлар борки, 27 ёшга чиққан аёллар юзи тиришиб, бизнинг ўлчов бўйича 50ка киргандай кўринади", деди болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Астахов.

Айни дамда Астаховнинг бу сўзларидан ғазабланган россиялик интернет фойдаланувчилари ижтимоий тармоқларда #сморщеннаяженщина (юзи тиришга аёл) хештэги остида ўз норозилигини билдирмоқдалар.

Мактабни энди якунлаган Луиза Гойлабиева ва 46 ёшли милиция полковниги Нажуд Гучиговнинг тўйи 16 май куни Чеченистон пойтахти Грознийдаги энг ҳашаматли ҳисобланмиш Grand Hall Firdaws тўйхонасида бўлиб ўтди. Чечен одатларига биноан келинни ЗАГС биносигача унинг яқинлари эмас балки Рамзан Қодировнинг ўнг қўли Магомед Даудов ва Гучиговнинг ўғли кузатиб қўйди. Тўйга ташриф буюрган Чеченистон президенти миллий рақс - лезгинкага тушиб берди.

Нажуд Гучиговнинг ЗАГСдан ўтмаган биринчи хотинининг тақдири ҳозирча ноаниқ қолмоқда. Кузатувчилар Чеченистонда расмийлар қаршилигига қарамай кўп хотинлилик оддий ҳолга айланганини айтишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG